Тожик офицери катта миқдордаги қорадори билан ушланган

Image caption Тожикистон қўлга туширилган гиёҳванд моддаларнинг миқдори бўйича дунёда тўртинчи ўринда туради

Тожикистон хавфсизлик хизмати ходимлари йирик миқдордаги гиёҳванд моддаларни қўлга туширганлар.

Мамлакат чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиси Панждан Душанбега томон қорадорини олиб ўтмоқчи бўлганда ушланган.

Тинтув вақтида ҳарбий хизматчининг шахсий машинасидан 20 кгдан ортиқ героин, 320 кило гашиш ва 37 килограмм опиум моддаси топилган.

Тожикистон чегара қўшинларининг Би-би-сига маълум қилишича, хавфсизлик офицери июл ойининг охирларида ҳибсга олинган. Бу ҳақдаги хабар эса матбуотга энди чиққан.

"Куч ишлатар тизимларидаги ходимлар томонидан содир этиладиган ҳар қандай қонунбузарликлар, айниқса юқори лавозимли мулозимларнинг жиноятлари ҳақида дарров эълон қилинмайди. Баъзида ҳафта, ҳатто ойлар ўтиб кетган ҳоллар мавжуд. Бу вақт оралиғида излар йўқотилади, кўрсатмалар ўзгартирилади, мансабдорларни жиноятини кўрсатмаслик учун керакли "гувоҳ"лар топилади",-деб айтади ҳуқуқшунос Шуҳрат Қудратов.

Қўлга олинган чегарачига йирик миқдордаги гиёҳванд моддаларни ноқонуний айлантириш ва чегарани хизмат вазифасидан фойдаланган ҳолда ноқонуний кесиб ўтиш айбловлари қўйилган.

Шов-шувли жиноий иш тафсилотлари ҳақида "қидирув сири"эканини рўкач қилган Тожикистон Ички Ишлар вазирлиги ва Хавфсизлик қўмитаси вакиллари маълумот беришни исташмаган.

Кузатувчилар бу ҳодиса Тожикистонда хавфсизлик ходими, юқори лавозимли мансабдор ёки унинг қариндоши наркобизнесга аралашган биринчи иш эмаслигини айтишади.

Бундан олдин Тожикистон темир йўллари раҳбарининг ўғли Россияда гиёҳванд модда билан қўлга тушган.

Гиёҳванд моддаларни назорат қилиш агентлигига кўра, 1 кг героин Афғонистонда 800дан 2000 долларгача, Тожикистонда 4-5 минг доллар, Россияда 8-10 минг долларга баҳоланади.

Наркотрафикка қарши кураш Афғонистондаги катта ҳудудлар ҳукумат томонидан назорат этилмаслиги боис мураккаблигича қолаётганлиги айтилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчиликка қарши бошқармасининг бундан олдин эълон қилган рақамига кўра, ҳар йили Марказий Осиё мамлакатларидан 90 тонна героин олиб ўтилади, шундан 75 тоннаси Россия ҳудудига етиб боради.

Бу мавзуда батафсилроқ