МТС ўзбекистонлик ходимларига Россиядан иш бериши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи mts.ru

Узметроном сайтига кўра, МТС компанияси "Уздунробита"нинг ишдан бўшаган ходимларига Россия ҳудудидаги МТС бўлимларидан ўз мутахассислиги бўйича иш топиб бериш кафолатини берган.

Узметроном сайти ишончли манбаларига асосланиб бу хабарни тарқатган.

"Уздунробита" ходимлари бундай таклифдан фойдаланиб қолиши мумкин. Чунки Россияга доимий яшаш учун кўчиб кетиш ва яхши иш топиш имконияти ҳар доим ҳам бўлмаслиги мумкин",-деб ёзади Узметроном.

Бундан олдинроқ, Ўзбекистон интернет нашрлари МТС ("Уздунробита")ходимлари 10 кун ичида ишдан бўшатилиши огоҳлантирилгани ҳақида маълум қилган.

Ўтган ойда Ўзбекистонда тўққиз миллион абонентга эга бўлган "МТС-Ўзбекистон" - "Ўздунробита" амал қилиш лицензияси ўн кунга бекор қилинган эди.

30 июлда Ўзбекистондаги маҳкама бу муддатни яна уч ойга узайтирган.

Ўзбекистон мобил алоқа бозорида энг йирик ширкатлардан бири бўлиб келган МТС ширкати президенти Андрей Дубовсков Президент Ислом Каримовга очиқ мактуб йўллаб, агар ширкатнинг лицензияси ва фаолияти қайта тикланмаса, "зарур юридик амалларни қўллаш"га мажбур бўлишини айтган.

Россия Ташқи Ишлар вазирлиги ҳам Ўзбекистон ҳукуматидан МТС компаниясига алоқадор масалага қисқа муддатда аниқлик киритишни сўраган эди.

МТС ходимларига Россиядан иш берилиши ҳақидаги хабарлар вазирликнинг бу ишга аралашгани натижаси, деган тахминлар ҳам айтилган.

Бу мавзуда батафсилроқ