Ўзбекистонлик қочқин Хайрулло Турсуновнинг ҳибс муддати узайтирилган

Image caption Ўзбекистонга бериб юборилган 29 қочқинни ортга қайтариш ҳақидаги чақириқлар ушбу узайтиришга таъсир қилган бўлиши мумкин

Шу йилнинг апрель ойида Қозоғистоннинг Ақтўбе шаҳрида қўлга олинган ўзбекистонлик қочқин Хайрулло Турсуновнинг экстрадиция қилиш учун ҳибс муддати бир ойга узайтирилган. Кузатувчилар БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш қўмитаси Ўзбекистонга бериб юборилган 29 қочқинни ортга қайтаришни Қозоғистондан сўраши ушбу узайтиришга таъсир қилганини айтишмоқда. Хайрулло Турсунов муқаддам Қарши шаҳрида 12 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган ва шартли равишда озодликка чиққан. Россияда меҳнат муҳожирлиги билан шуғулланиб юрган кезларда Қаршида қолган оиласига босим ва қийноқлар бўлганидан кейин Қозоғистонга келиб қочқинлик мақомини сўраган.

Қозоғистон инсон ҳуқуқлари халқаро бюросидан Денис Живага ҳибс муддатининг чўзилишига БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси томонидан Қозоғистонни айблаб чиқарган қарори сабаб эканлигини айтмоқда.

“БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси 29 ўзбекистонлик қочқинни бериб юборилишини ноқонуний деб тан олиши ортидан ҳибс муддатининг узайтирилиши ижобий ҳолдир. Энди Қозоғистон ҳукумати дарров бериб юборишдан қўрқади. Маҳкама экстрадиция ҳибс муддатини узайтирганда ҳатоки прокуратура, “биз бунинг тагига етишимиз керак, Қозоғистон ноқонуний бериб юборгани учун бир марта таъзирини еди, ушбу бир ой давомида ўрганиб чиқамиз”, дейишди. Шунинг учун ҳам ҳаммаси яхши тугаши мумкин”, - дейди Денис Живага.

Қарши шаҳрилик Хайрулло Турсунов шу йилнинг апрел ойида Ақтўба орқали Россияга чиқиб кетаётганда ҳуқуқ тартибот идоралари томонидан шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланиб ҳибсга олинган эди.

Кейинчалик полиция унга нисбатан Ўзбекистон томонидан экстрадиция қилиш борасида сўрови борлигини аниқлаган.

Турсунов шу вақтгача Ақтўбе шаҳридаги вақтинчалик тергов изоляторида сақланиб келинмоқда.

37 ёшли Хайрулло Турсунов муқаддам Ўзбекистонда 159 чи модда бўйича судланган ва 12 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Олма ота шаҳрида Турсунов билан яқин алоқада бўлган қочқинлардан Мурод аканинг айтишича, бир йилдан сўнг у озодликка чиққан.

“12 йиллик муддатга қамалган бўлган. Қашқадарёнинг муфтийси қамоқхонадаги махбуслар билан учрашишга борганда бу бола учрашиб роса муфтийни мақтаган. Мен китобларингизни ўқиганман, ҳурмат қиламан, издошингизман, деб мақтаб қўйганига муфтий ўртага тушиб муддатини шартли жазога ўзгартириб берган. Қамоқда бир йилдан сал ошиқроқ ўтирган. Кейин Россияга чиқиб кетган. Ундан кейин оиласига босим бўлган”, дейди исми ўзгартирилган Мурод ака.

Турсуновнинг аёли Нодира Бўриева ҳам ҳуқуқ тартибот органи томонидан қидирувга берилгани айтилади.

Бўриева Қарши шаҳар ички ишлар бўлими томонидан 2009 йили қўлга олинган ва унга уйида ноқонуний равишда Қуръондан сабоқ бергансан дея айб қўйишмоқчи бўлган.

Тергов давомида Бўриевага нисбатан ноинсоний қийноқ усуллари қўлланилгани айтилади.

“Қандай қийнашганини эшитганман, аммо буни сизга айтолмайман. Бу нарсани эрининг ўзи ҳам бизга айтолмаган, аёллар орқали эшитганмиз. Ақл бовар қилмайдиган даражада ниҳоятда қаттиқ қийнашган”, - дейди Мурод ака.

2009 йили Хайрулло Турсунов ўзи ва оиласи билан Қозоғистонга келиб БМТнинг Қочқинлар билан ишлаш агентлигидан қочқинлик мақомини сўраган.

Айни дамда Нодира Бўриеванинг уч фарзанди билан учинчи бир давлатга хавфсиз жойга чиқиб кетгани маълум.

Бу мавзуда батафсилроқ