Қозоғистоннинг Лондон олимпиадасидаги ғалабаларидан нега ҳамма шод эмас?

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Қозоғистон ўз олимпиада тарихида эришмаган ютуқларни қўлга киритмоқда.

Шу кунгача 6 та олтин ва битта бронза билан қозоғистонлик спортчилар кучли 10 таликка кириб Олмония, Австралия каби кучлиларни ортда қолдирмоқда. Бироқ медаллар шодаси ҳаммани ҳам хурсанд қилаётгани йўқ. Ғолиблар орасида асли хитойлик спортчиларнинг борлиги ва спортга катта маблағ сарфланаётгани ушбу қувончларга соя солиб турибди. Лекин шунга қарамай, қозоғистонликлар ўз суюклиларини аэропортда тантана билан кутиб олмоқда.

100 дан ортиқ спорт ишқибозлари оғир атлетика бўйича Қозоғистонга яна бир олтин медални олиб берган полвон Иля Илинни кутиб олиш учун Олма ота халқаро аэропортига йиғилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM

Илин ўтирган учоқ айрим сабабларга кўра кеч қолаяпти, аммо бу ишқибозларни репетиция қилиб бақиришига халақит бера олгани йўқ. Йиғилганларнинг кайфияти аъло.

"Куни бўйи ушбу кутиб олишга тайёгарлик кўрдик. Байроқларни йиғдик, "Жас Отан" ва "Нур Отан" бирлашдик. Ҳозир ҳаммамиз Иля Илинни кутаяпмиз", - дейди Арман исмли йигит.

Кутиб олувчилар турли ёзувлар ёзилган плакатлар, байроқлар кўтариб олган. Ёш Ўринбосаровлар оиласи кеч бўлишига қарамай чемпионни кутиб олишга чиққан.

“Туйғуларимиз жуда ҳам зўр. Чунки биз юртимизнинг энг зўр ватанпарварларимиз. Аёлим, ўғлимдан иборат ёш оила қаҳрамониимизни кутиб олишга келдик. Ўғлимиз ҳам Иля Илин каби ботир бўлишини истаймиз. Ўзимизникиларни қўллаб-қувватлаймиз. Олға Қозоғистон”, - дейди Ағадил Ўринбосаров.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek.com

Аэропортнинг ташқариси ва ичкарисида байрам шукуҳи ҳукмрон эди. Қозоғистон марказий телеканаллари чемпионни кутиб олиш жараёнини тўғридан-тўғри эфирга узатди.

Ниҳоят узоқ кутишлардан сўнг икки карра Олимпия ўйинлари чемпиони Иля Илин кўриниш берди. Бир амаллаб кутиш залига кирган кутиб олувчилар ва суратга олиш илинжида бўлган журналистлар спортчи томон ёпирилди.

Иля Илин келгуси ярим йил вақтини ақлий салоҳиятини кўтаришга бағишлашини айтди.

“Мен тил ўрганиш билан шуғулланаман. Инглиз тилини ўрганмоқчиман. Ярим йилимни шунга бағишлайман. Кейин эса янада юқорига кўтариламан. Спорт билан албатта шуғулланаман”, дейди Иля Илин.

Спортчи олтин медални қўлга киритишда қази катта ёрдам берганини ҳам айтиб ўтди.

Қозоғистон айни дамгача 6 та олтин ва битта бронза медал билан кучли ўнталикка кириб турибди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Ўғлимиз ҳам Иля Илин каби ботир бўлишини истаймиз”, - дейди Ағадил Ўринбосаров.

Бироқ Қозоғистоннинг тарихда кўрилмаган мувафаққиятларига танқидий кўз билан қаровчилар ҳам топилади.

"Бу умуман уят. Чунки медалларнинг ярми сотиб олинган, бирорта ҳам титул миллатига оид спортчи йўқ. Нимадан фахрланиш керак? Бу нарсаларни ҳамма билади, аммо жим юришни афзал билишади", дейди исмини ошкор қилишни истамаган спорт фаоли.

Танқидчиларнинг норозилигига сабаб бўлаётган жиҳат шулки, олтин медалларни қўлга киритган икки оғир атлетикачи асли хитойликлардир.

Қозоғистонлик расмийлар дунган миллатига мансуб Зулфия Чиншанло ва Мая Манезаларнинг бири Олма ота вилоятида туғилгани ва иккинчисининг бу ерда қариндошлари борлигини даъво қилаётган бўлса-да, хитойликлар ушбу спортчиларни Хитойга қайтарилиши керак дея ҳисоблайди.

Ҳаттоки dailynews.sina.com сайти журналисти Зулфиянинг ота-онаси билан учрашиб уларнинг бу борадаги фикри билан ҳам қизиққан. Хитойликлар Зулфиянинг асли исми Жао Чанглинг дейишган.

Мақолага кўра, Зулфия Хунан Юнчжоу бўлгасидаги камбағал оилада ўсиб улғайган. Отаси Чжан Лин Чжао веб-портал журналистига берган интервюсида қизи Хитойга қайтиб келишига ишонишини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBCUZBEK.COM
Image caption Иля Илин олтин медални қўлга киритишда қази катта ёрдам берганини ҳам айтиб ўтди.

"Қизим ва унинг қалби Хитой билан эканлигини биламан. Ватанпарварлик, оиласига муҳаббат унинг Ватан номидан бунданда яхши натижаларга эришига сабаб бўлишига ишонаман", деган Чжан Лин Чжао.

Қозоғистонлик таниқли журналист Бўлат Атабаев мутасаддиларнинг бошқа давлат спортчиларини жалб қилиш сиёсатини қўллаб-қувватламайди.

"Спортчиларни тайёрлаш кўп вақтни ва катта пул тикишни талаб қилади. Шунинг учун раҳбарлар миллий спорт мактабларини очишдан манфаатдор эмас. Тайёр спортчиларни сотиб олиш арзонга тушади. Кейин ушбу пулдан ўғирлаш ҳам мумкин", дейди Бўлат Атабаев.

Пекинда бўлиб ўтган 29 чи ёзги ўйинларда бокс бўйича Қозоғистонга олтин медалларни олиб берган Бахит Сарсекбаев ҳам асли ўзбекистонлик спортчи бўлган. 2004 йили Ўзбекистон олимпиада термасига кира олмагач, у Қозоғистон шарафини ҳимоя қилишга қарор қилади.

Ерости табиий бойликларига бой Қозоғистон халқаро миқёсда мамлакат имиджини кўтариш учун миллионлаб долларларни сарфлайди. Олтин медал соҳибига Марказий Осиё давлатлари орасида энг катта пул - 250 минг АҚШ доллари ваъда қилинган.

Танқидларга қарамасдан ушбу маблағлар ўз мевасини бераётгандек, халқаро миқёсда спортчилар Қозоғистон мадҳияси баралла янграшига ҳисса қўшишмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ