Тожикистонда генералнинг ўлимида гумонланганлар ушланган

Тожикистон Ички Ишлар Вазирлигининг хабар беришича, генерал Абдулло Назаровнинг ўлимида гумон қилинган икки киши ўз ихтиёри билан таслим бўлган.

Тергов манфаатидан келиб чиқиб, айбланувчилар исми ошкор этилмаган.

Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Хоруғда ҳукумат ва собиқ дала қўмондонлари ўртасида музокаралар давом этмоқда.

Олдинроқ Бош прокуратура қўмондонларнинг тўрт нафарига гиёхванд моддалар савдоси ва қимматбаҳо тошларни ноқонуний олиб чиқиш, одамларни гаровга олиш ва сотиш билан шуғулланганлик айбловини қўйган эди.

Айбланувчилар юқоридаги жиноятлар билан бир неча йил олдин шуғулланиб келишгани айтилади, бироқ собиқ дала қўмондонлари қўйилган айбловларни тан олишмаган.

24 июлда Хоруғда генерал Абдулла Назаровнинг ўлимида гумон қилинганларни қўлга олиш мақсадида йирик ҳарбий амалиёт бошланган.

Расмий хабарларга биноан, бир кунлик амалиёт натижасида 17 киши ҳалок бўлган.

Норасмий манбаларга кўра, қурбонларнинг сони ўнлаб бўлиши мумкин.

Ўтган ҳафта Тожикистон президенти қошидаги Стратегик ислоҳотлар ўтказиш маркази"Хоруғда олиб борилган ҳарбий амалиётлар Афғонистон билан чегарада босқинчилар йиғилгани боис ўтказилган", деб хабар берган.

Бундан олдинроқ, чегара қўшинларининг подполковники Толиб Айёмбековнинг унга қарши амалиётлар бошланадиган бўлса,"афғон жангариларига мурожаат қилиши" ҳақидаги гаплари тарқалган.

Ҳукумат айнан Айёмбековни хавфсизлик хизмати генерали Абдулло Назаровнинг ўлимида алоқадорликда айблаган.

Оташкесим эълон қилингач, Тоғли Бадахшон аҳолиси ҳукумат кучларининг вилоятдан тўла олиб чиқилишини талаб қилишган.

Тожик ҳукумати эса Афғонистон билан чегарадош ушбу ҳудудда ҳарбий кучларни сақлаб туришни афзал кўрмоқда.

Бу мавзуда батафсилроқ