BBC navigation

Олма-ота яқинида 11 жасад топилган

Сўнгги янгиланиш 14 август 2012 - 09:04 GMT

Или-Олатау табиат парки Олма-отанинг дам олиш масканларидан бири ҳисобланади.

Олма-ота вилояти Или-Олатау миллий парки ҳудудида топилган жасадлар сони ўн бирга етган. Олма-ота шаҳридан узоқ бўлмаган Таусамал посёлкаси ва тоғлар ўртасидаги 30 чақиримлик ҳудудда жойлашган ўрмондан топилган жасадларда жароҳат аломатлари бор.

Жасадлар 25 чақирим радиусдаги масофа орасида топилган.

Бу ҳақида Олма-отада журналистларга гапирган Ички Ишлар Вазирлигининг жиноий полиция қўмитаси раиси муовини Арман Ўрозалиев билдирган.

"Умумий ҳисобда 11 жасад топилди. Биринчи ҳодиса ҳудудида олти, иккинчисида эса беш жасад", - деди Ўрозалиев.

"Биринчи ҳодиса жойида аввало ўрмончининг жасади, ундан 300 метр нарироқда унинг никоҳсиз хотини ва ўрмончига ишлаган икки ходим ва унинг дўсти жасадлари топилди. Шундай қилиб, олти киши шахси аниқланди. Қолганларнинг шахсини энди аниқлаймиз", - деди у.

Ҳозирда ўрмончининг ўғли қидирилмоқда. Ҳеч ким ҳибсга олинмаган.

Полиция қотиллик жиноий тортишувлар оқибатида юз берган бўлиши мумкин деган фаразни олдинга сурмоқда.

"Ҳозирча ички муносабатларни ҳал қилиб олиш сабаб бўлиши мумкин дея ҳисоблаймиз. Чунки ўша ерда бўлган иштирокчиларнинг ҳаммаси ҳам топилгани йўқ. Иккинчидан четдан бирортаси бўлиши мумкин", - деди Қозоғистон Ички Ишлар Вазири Қалмуханбет Қосимов илк матбуот анжуманида.

Жасадларнинг барчасида пичоқ излари борлиги маълум қилинган.

ИИВ чиқарган баёнотда айтилишича, бири аёл ва бири эркакка тегишли икки жасад ўрмончининг уйи ташқарисида топилган. Яна бир аёл ва яна бир эркакнинг жасадлари эса ҳодисадан икки чақирим нарироқда топилган.

"Сўнгра миллий парк ишчилари ҳодисадан 25 чақирим узоқликда, қўшни ўрмондаги ўрмончининг уйи ёнаётгани ҳақида хабар олишган", - дейилади баёнотда.

Ёнғин ўчирилганидан сўнг уй ичидан икки ёниб кетган жасадлар топилган.

ИИВнинг илк баёнотида жасадлардан беш нафарининг шахси аниқлангани айтилганди. Улар 1959 йилда туғилган Ирина Карпенко, 1952 йилда туғилган В. Синяков, 1936 йилда туғилган П.Захаропуло, 1938 йилда туғилган Антонина Карпызина ва 1969 йилда туғилган А.Гузаевлар экани айтилади.

Маҳаллий мухбиримизга кўра, Или-Олатау табиат парки Олма-отанинг дам олиш масканларидан бири ҳисобланади. Дам олиш кунлари ушбу жойлар дам олувчилар билан гавжум бўлади.

Қотилликнинг айнан дам олиш кунлари содир бўлгани айтилмоқда. Жасадлар эса 13 август, душанба куни топилган.

Қозоғистоннинг тоғли ҳудудларида оммавий қотиллик илк маротаба учраётгани йўқ. Шу йилнинг май ойида Қозоғистоннинг Хитой билан чегарадош тоғли нуқтасида 14 чегарачи ўлдирилган ва жасадлари ёқиб юборилган эди.

Қозоғистон Бош Прокуратураси ушбу қотиллик ички низолар натижасида келиб чиққани ва бу заставада хизмат қилувчи Владислав Челах сафдошларини ўлдирганини тан олганини расман маълум қилган.

Кейинчалик Владислав Челах қотиллик қилмагани ва ушбу кўрсатмаларни руҳий босим остида берганини билдирган. Унинг маҳкама иши давом этмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.