BBC navigation

Қозоғистонлик деҳқонлар Олмонияга қовун экспорт қилмоқда

Сўнгги янгиланиш 16 август 2012 - 13:16 GMT

Асосан мирзачўл ҳудудида етиштирилувчи “мирзачўл қовуни” ёки “торпеда” номлари билан машҳур қовун Оврўпада катта иштиёқ билан сотиб олинаётгани айтилади.

Шўролар даврида ушбу қовунлар асосан Ўзбекистонинг Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги чўл ҳудудларига экилган ва бутун иттифоқда машҳур бўлган. Сўнгги йилларда Ўзбекистон ҳукуматининг қишлоқ хўжалигида олиб борган тушунарсиз сиёсати туфайли ушбу қовунларни ҳаттоки қўшни Қозоғистонга ҳам экспорт қилиш кескин камайди.

Полиз экинига эҳтиёж ортидан Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудларда ушбу қовунни етиштириш технологиясини ўзлаштириб олган қозоғистонлик деҳқонлар мамлакат ичини таъминлаб энди Оврўпага йўл олган.

Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош Мақтаарал туманида фермерчилик қилувчи Ортиқ Ақтуриев 4 йилдан бери Олмонияга қовун экспорти билан шуғулланади. Илк маротаба юк машиналарга қовунни ортиб ўзи кетганини эслайди.

“Бошида ўзим олиб бордим. Бир ўртоғим иккаламиз. Бошида ҳеч ўтмади. Одамларни “олмасангиз ҳам бир марта еб кўринг”, деб зўрладик. Еб кўргандан кейин ширинлигини билиб ранг рўйлари ўзгариб кетди. Шундан бошлаб секин секин олишни бошлади.

Мирзачўл қовунидан, узун узун каттасидан олиб боргандик. Уч кунга қолмай сотиб юбордик. У ёққа асал бўлиб боради. Бизнинг қовунни кўргандан кейин Испаниянинг қовунини ушламайди ҳам”, дейди Ортиқ Ақтуриев.

Ортиқ оға бу йил 400 тонна қовун етказиб бериш бўйича шартнома тузган, айни дамда шунинг 40 фоизи етказилган. Йўлдаги муаммолар туфайли қолганини етказолмай турибди. Қозоқ қовунлари Россия, Беларус ва Полша орқали Олмонияга кириб боради.

Айни вақтда уларнинг Ҳолландияга ҳам ўтаётгани маълум.

Бошланишида қовунлар рус дўконларида сотила бошланган, ҳозир етказувчилардан улгуржи нархда олувчи олмониялик тадбиркорлар қовунларни супермаркетларга тарқатишади. Қовунларнинг асосан Ҳонновер ва Франкфурт шаҳарларда сотилаётгани маълум.

Ортиқ оғанинг 680 гектар ери бор ва шунинг 400 гектарига қовун эккан. Олдин пахта етиштиришга ихтисослашган фермер йилдан йилга пахта майдонларини қисқартирмоқда.

Бир гектар ердан Олмония бозори боп қовундан 10 тонна ҳосил олиши мумкин. Қовуннинг бир килосини Олмонияда 1 евродан улгуржи сотади. Қозоғистонлик фермер 400 гектар жойидан 4 миллион евро савдо қилиши мумкин.

Собиқ Иттифоқ ўлкаларида “торпеда” номи билан машҳур бўлган мирзачўл қовуни шўролар парчаланишидан олдин асосан Ўзбекистоннинг Сирдарё ва Жиззах виялотларида жойлашган Мирзачўлда экилган ва иттифоқни таъминлаган.

Бироқ кейинги пайтларда ушбу қовун экиладиган майдонларга тўлиғи билан пахта ва буғдой экиладиган бўлди.

Ҳаттоки қўшни Қозоғистон ҳам Ўзбекистон қовунларини импорт қилишда муаммоларга учрай бошлади.

Шундан сўнг Қoзоғистонлик деҳқонлар иқлими деярли бир ҳил бўлган Мақтaарал ва Чордара туманларига довруғи достон қовунни оммавий равишда етиштиришни йўлга қўйди.

Жанубий қозоғистонлик фермерларга ўзбекистонлик деҳқон мутахассислар яқиндан ёрдам бериб, шу ердан пул ишламоқда.

Мақтарал туманидан фермер Алайдар Арапов ўзбекистонлик ишчиларнинг кўп эканини айтади.

“Кўпчилик фермерларга экишда маслаҳат берувчиларнинг ҳаммаси Ўзбекистондан келган. Ҳусан деган йигит ёзда келиб шу ерда ишлаб кетади. Гулистонда уй ҳам солаяпти, тўй ҳам ўтказаяпти. Ўтган йили 15-17 минг доллар ишлаб кетди”, - дейди Алайдар Арапов

Пахта Қозоғистоннинг асосан жанубий вилоятида экилади. Сўнгги 5 йилнинг ичида пахта майдонлари 30 фоизга қисқариб кетган.

Жанубий Қозоғистон вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси раҳбар ўринбосари Пўлатбек Тастановнинг Би-би-сига айтишича, фермер хўжаликлари фойда кўпроқ келтирувчи полиз ва боғдорчилик махсулотларини етказишга ўтиб кетишмоқда.

“Бошқа тур экинларини экувчи деҳқонларнинг сони кўпаймоқда. Сабаби улар махсулотни хориж валютасига килосини қанчадир еврода сотмоқда. Пахта етиштиришга эса бизнинг ерлар чарчаб қолди. Анча йилдан бери пахта экилади, ер чарчаб қолган. Кутилган ҳосилни бермайди”, - дейди Пўлатбек Тастанов.

Қозоғистонда ерга нима экиб ҳосил олишни фермерларнинг ўзлари ҳал қилади. Олмонияга қовун экспорт қилаётган Ортиқ Ақтуриев полиз экинларидан кўра боғдорчиликдан кўпроқ фойда қолишини айтади.

“Мен Италиядан олма кўчати олиб келиб интенсив боғ қилганман. Бир гектар ерга 2850 дона олма экканман. Баҳорда эккан бўлсам, ҳалитдан 5 тонна ҳосил олдим. Тўлиқ ҳосилга кирса бир гектардан 50 тонна олма оламан. Олманинг килоси бозорда 1,5 доллардан. Агар бир доллардан сотганингизда ҳам гектаридан 50 минг доллар оласиз”, дейди Ортиқ Ақтуриев.

Фермер савдо соҳасида ўзига хос тўсиқлар ҳам борлигини айтади. Айни дамда олмониялик тадбиркорлар билан келишилган 20 та юк мошин махсулотнинг фақат 9 таси етказилган. Ҳайдовчиларнинг виза ва бошқа ҳужжатлар муаммоси туфайли айтилган товарни ўз вақтида етказиш қийин бўлмоқда.

Фермер Оврўпада қозоғистонлик тадбиркорлар етказилган маҳсулотни сотиш бўйича иш бошласа кўпроқ даромад келиши мумкинлигини айтади.

- Биз фермермиз, даладан чиқиб кетишга вақтимиз оз. Қани эди, бизнинг тадбиркорлар Оврўпага бориб ишласа, ўзимизнинг савдо нуқталаримизни очса. Қанча қимматга сотардик. Олмонияда бир килоси 1,76 евродан кам сотилмайди. Қовун у ергача 70-80 цент билан етиб боради. Даромадимиз қандай катта бўларди,- - дейди Ортиқ Ақтуриев. .

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.