BBC navigation

Россия базаси Қирғизистонда яна 15 йил қолади

Сўнгги янгиланиш 17 август 2012 - 09:49 GMT

Россия Марказий Осиёдаги ўз ҳарбий иштирокини кучайтиришга интилмоқда

Қирғизистон президенти девони вакилларига кўра, шу ҳафта бошида бўлиб ўтган музокаралар чоғи Бишкек ва Москва тарафи Қирғизистондаги Россия базаси муддатини узайтиришга келишганлар.

Россия ҳозирги пайтда пойтахт Бишкекдан 40 чақиримча узоқликда жойлашган Кант ҳаво базаси, Иссиқ-Кўлдаги торпедоларни синаш маркази, Майли-Суудаги сейсмологик станция ва Чуй вилоятидаги коммуникация марказидан келаси 5 йилгача фойдаланиш ҳуқуқига эга.

Аммо, аён бўлишича, Россия Қирғизистон ҳудудидаги ҳарбий иншоотлардан ҳам яна 49 йил фойдаланиш истагида бўлган.

Қирғизистон томонига кўра, Россия билан қўшма ҳарбий базаларга оид асосий битим бирданига кучга кирмайди ва бунинг учун беш йилча вақт керак бўлади.

Қирғиз мулозимлари айни масалада қатъий бир тўхтамга келинмагани, музокаралар давом этаётганини айтишмоқда.

Россия Қирғизистонга йилига қарийб 4.5 миллион АҚШ доллари миқдорида ижара ҳақи тўлаб келаётганини айтади.

Шу йил бошида Россияга сафар қилган Қирғизистон раҳбари расмий Москва Кантдаги ҳарбий база учун 15 миллион доллар қарздор эканини баён қилган ва Кремль мудофаа вазирлигига бу қарзларини тўлаб қўйишни буюрганди.

Бу талаб Москва-Бишкек муносабатларига раҳна солмай қўймаган ва орада Қирғизистоннинг ҳам Россиядан қарздорлиги масаласи кўтарилганди.

Аммо Россия шу йил куз ойларига қадар Қирғизистоннинг қарийб 500 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарзининг икки юз миллионга яқинидан воз кечишини айтмоқда.

Сўнгги янгилик АҚШ тарафи Бишкек яқинидаги “Манас” ҳаво базасини тарк этишга ҳозирлик кўраётган бир паллада ўртага чиқмоқда.

2014 йилда америкаликларнинг базадан фойдаланиш муддатлари расман ниҳоясига етади ва Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаевнинг урғулашича, АҚШ ҳарбийлари шундан сўнг базани тарк этишлари шарт.

Россия эса, биргина Қирғизистон билан кифояланмай, Тожикистондаги базаларидан фойдаланиш муддатини ҳам яна 49 йилга узайтирмоқчи.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.