BBC navigation

Афғон ҳукумати сўнгги 40 йиллик тарихни нега ўчирмоқда?

Сўнгги янгиланиш 19 август 2012 - 12:41 GMT

Янги тарих дарсликлари Афғонистондаги сўнгги 40 йиллик воқеаларни эслатмайди...

Афғонистон ҳукуматига кўра, ўтган 40 йилдаги тарихий воқеаларни дарсликлардан чиқариб ташлаш ёрдамида турли миллат ва сиёсий кучлар орасида парчаланиб ётган мамлакатни бирлаштириш ният қилинмоқда.

Аммо танқидчиларга кўра, Толибон билан музокараларга интилаётган ҳукумат толиблар ва қудратдаги йирик кучларга хуш ёқишни истамоқда.

Келаси икки йил ичида НАТОнинг жанговор кучлари чиқиб кетгач, Афғонистон қандай аҳволга тушиши номаълум. Кўпчилик, худди Советлар чиқиб кетганидан кейинги урушлар каби нотинчликлар бошланади, деган хавотирда.

Ўтган 40 йиллик тарихни эсламаслик эса, ана шундайин фуқаролар урушини тўхтатишга хизмат қилади, деб айтилмоқда.

Бироқ худди ана шу давр Афғонистон тарихидаги уруш ҳамда тарихий ўзгаришларга бойдир. Хусусан, 1979-йиллардаги қонли давлат тўнтаришлари, Совет ишғоли, Мужоҳидлар уруши, Толибоннинг қудратга келиши ва ниҳоят, АҚШ бошчилигидаги босқин - ҳаммаси айнан ўтган 40 йил ичида рўй берган.

Айни дамда, ҳозирги ҳукумат таркибидаги кўплаб муҳим шахслар мазкур урушларда қатнашган қўмондонлар ва ё гуруҳ вакилларидир.

Хусусан, 90-йиллари Кобулнинг катта қисмини вайрон қилган мужоҳид гуруҳлари раҳбарлари бугун мамлакат бошқарувида иштирок этмоқдалар.

"Жорий ҳукуматда ўтирганлар ана шу урушлар бошида турган ва жиноят қилган шахслардир" - дейди Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатда Кобулдан таҳлилчи Олим Коҳкан -"Табиий, улар ўзлари амалга оширган хунрезликларни яширишга интилишади".

Танқидчиларга кўра, тарихни ўзгартиришга интилиш умри қисқа бўлиши мумкин ва келажакдаги ҳукумат кимлардан иборат бўлишига қараб, мамлакат тарихи яна қайта ёзилмайди, деган кафолатлар йўқ.

"Афғонистонда бу янгилик эмас" - давом этади Олим Кўҳкан -"Масалан, илгари ҳам Бобурийлар ва ёки Шайбонийлар даврлари китоблардан атайин олиб ташланган ва ўқитилмаган".

Бобурийлардан фарқли тарзда, охирги 40 йил воқеалари ҳамон инсонлар хотирасида ва бу йиллардаги урушларда ҳаёти барбод бўлган миллионлаб инсонлар ҳамон тирик. Кўпчилик ўтган урушларда оддий инсонларга жабр етказган шахсларнинг ҳукуматдаги юқори лавозимларда ишлашидан норози ва уларни одил маҳкамага тортишни талаб қилишади.

Айни дамда, Афғонистон тўрт йирик миллат - паштун, тожик, ҳазора ва ўзбеклар яшовчи минтақалар бўйича ҳам анчайин бўлинган. Бу минтақаларда аҳоли ўзи тан олган қўмондон раҳбар ва етакчиларга эга.

Шунингдек, Жоузжон ё Фарёб каби ўзбек вилоятлари ўз пайтида Советларни қўллашган дейилса, Қундуз, Бадахшон, Панжшир ва Тахор ҳар вақт мужоҳидларнинг таянч нуқтаси бўлган.

Қандаҳор ва Ҳелманд каби жанубий вилоятлар эса Толибон тарафдорлари яшовчи минтақалар саналади.

Афтидан, ҳукумат ўтган 40 йиллик воқеаларни эслатмайдиган янгича тарих китоблари орқали ана шу фарқларни йўқотмоқчи. Бироқ Афғонистон халқи куни-кеча гувоҳ бўлган яқин тарихни инкор этиш келажакда бутунлай тескари оқибатларга етаклаши эҳтимолларини ҳам назардан соқит қилиш қийин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.