BBC navigation

Хоруғда собиқ дала қўмондони ўлдирилган

Сўнгги янгиланиш 22 август 2012 - 07:54 GMT

Тоғли Бадахшон мухтор вилоятининг маркази Хоруғда чоршанба тонггида собиқ дала қўмондонларидан бири Имомназар Имомназаров ўлдирилган.

Ҳодиса юзасидан жиноий иш очилган, суриштирув ишлари бошланган.

Марҳум Имомназаров Тожикистондаги фуқаролар урушида оғир яралангани, шундан буён ногиронлар аравачасида ҳаракатланиб келгани айтилади.

Маълум бўлишича, саҳар соат 4 лар чамаси номаълум шахслар Имомназар Имомназаровнинг уйига граната ташлаб, автоматдан ота бошлаганлар.

Узоқ вақтдан буён касал ётган Имомназар Имомназаров ва унинг яқинлари ҳужумчиларга қаршилик кўрсатишмаган.

Имомназаров воқеа жойида ўлдирилган, укаси оғир яралангани айтилмоқда.

Маҳаллий аҳоли орасида норасмий раҳбарлардан ҳисобланган Имомназаровнинг ўлимидан кейин Хоруғда вазият яна мураккаблашган.

Би-би-си тожик хизмати ва Тожикистоннинг Азия плюс ахборот агентлиги хабар беришича, Имомназаров дафн маросимида қатнашган юзлаб кишилар вилоят ҳокимлиги олдида йиғилишган.

2 мингдан ортиқ намойишчилар орасида ҳукумат ва нодавлат ташкилотларининг вакиллари ҳам бўлган.

Норозилар вилоят маъмурияти биносини тошбўрон қила бошлаган.

Хукумат қўшинлари ғазабга минган оломонга қарши ўт очганлар, икки киши яраланган.

Шундан сўнг одамлар Имомназаровнинг уйига боришган.

Намойишчилар шаҳар ҳокимлиги қаршисида йиғилишган.

Кузатувчиларга кўра минглаб кишилар тўпланган.

Одамлар ҳукуматни Имомназаров ўлимида ва келишувни бузганликда айблашган.

Шаҳардаги қуролли кучлар кучайтирилган тартибга келтирилган.

Аввалроқ Тожикистон Бош прокуратураси Имомназаровни Толиб Айёмбеков, Маҳмадбокир Маҳмадбокиров ва Ёдгор Шомусалламов қаторида ноқонуний қуролли гуруҳ тузганликда ва 2000 йилдан буён оғир жиноятлар содир этганликда айблаб чиққанди.

Бундан олдин расмийлар ва Бадахшондаги норасмий раҳбарлар ўртасида музокара бошланган.

Бу музокаралар чоғида қуролини топширган кишиларга авф кафолати берилиши айтилганди.

Собиқ дала қўмондонларидан Толиб Айёмбековнинг ҳам қуролни топшириб, ҳукуматга таслим бўлгани телевидение орқали эълон қилинганди.

Маҳаллий аҳоли Тожикистон президентининг шаҳарга келишини, зўравонликларни тўхтатишни, ҳукумат қўшинларини Хоруғдан олиб чиқиб кетишни талаб қилишган.

Хоруғликлар ўртадаги воситачилар ва ҳукумат вакиллари сўзларига ишониб барча қурол-аслаҳани топширгани, агар шаҳарда хавфсизлик таъминламайдиган бўлса, яна қўлга қурол олишларини айтишган.

Хоруғда вазият назорат остидан чиқиб кетиши мумкинлигидан хавотирлар билдирилмоқда.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.