BBC navigation

Тожикистон: Хоруғдан қўшинларни олиб чиқишга келишилган

Сўнгги янгиланиш 23 август 2012 - 09:45 GMT

Юзлаб намойишчилар тунни Хоруғ марказидаги майдонда ўтқазишган


Тожик ҳукумати ва намойишчилар ўртасида Тоғли Бадахшон вилоятидан қўшинларни бутунлай олиб чиқиш тўғрисида келишувга эришилган.

Шунингдек, расмий Душанбе рухсат берилмаган норозилик намойиши иштирокчиларини жиноий жавобгарликка тортмаслик ҳақида ваъда берган.

Бироқ, қўшинларни олиб чиқиш муддати ҳали маълум қилинмаган.

Ўзаро келишув Тожикистон қуролли кучлари вакиллари, маҳаллий ҳукумат раҳбарлари, норозилик намойиши етакчилари ва Тожикистондаги халқаро ташкилотлар томонидан имзоланган.

"Ҳукумат бизнинг хавфсизлигимиз учун тўла кафолат бериши керак. Биз қўшинлар яна келиб, бегуноҳ одамларнинг қони тўкилишидан қўрқамиз. Биз қўшинларни намойишчилар кузатуви остида чиқиб кетишини талаб қиламиз",-деб айтган норозилик ҳаракатининг етакчиларидан бўлган Нуриниссо Хўжаназаров.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ваъдасини бажармаса, бу сафар аёллар ва болалар намойишга чиқиши, очлик эълон қилиши мумкин.

"Ҳарбийлар шундоққина одамларнинг ҳовлиларида палаткаларини ўрнатиб олишган эди. Тоғларда снайперлар жойлаштирилган. Кўпчилик ҳарбийлар ўз формаларини киймаган, тожик ҳарбийларидан кўра, худди толибларга ўхшашади",-деб айтган Хўжаназаров.

Олдинроқ, Хоруғ шаҳрида вазият мураккаблигича қолаётганлиги Би-би-си Форс хизмати мухбирлари томонидан хабар қилинганди.

Хоруғнинг норасмий раҳбарларидан ҳисобланган Имомназар Имомназаров ўлими ортидан бошланган намойишлар иккинчи кун ҳам давом этган.

Тоғли Бадахшондаги маҳаллий манбаларнинг айтишича, 300 га яқин намойишчилар тунни марказий Ваҳдат майдонида ўтқазишган.

Баъзи жойларда палаткалар ҳам ўрнатиб олишгани айтилган.

23 августга ўтар кечаси яна юзлаб хоруғликлар ва атрофдаги қишлоқ одамлари намойишчиларга келиб қўшилган.

Исми очиқланмаган тожик полиция манбасининг айтишича, пайшанба куни эрталаб маҳаллий раҳбарлар намойишчилар вакиллари билан учрашишган.

Маҳаллий расмийлар намойишчилардан майдонни тарк этишларини сўрашган.

Маҳаллий яшовчилардан бири Васила Икромовага биноан, расмийлар билан учрашув узоқ давом этган.

Баъзи намойишчилар ҳукумат қўшинлари Хоруғдан чиқиб кетмагунча, майдонни тарк этмасликларини айтишган.

Кеча бошланган намойишларда қариийб 3000 киши қатнашган.

Уларнинг асосий талаби ҳукумат қўшинларини Хоруғдан олиб чиқилиши бўлган.

Генерал Назаровнинг ўлимида гумон қилинганлардан бири Имомназар Имомназаров кеча, чоршанба куни эрта саҳарда ўлдириб кетилган.

Маҳаллий аҳоли Имомназаров жасадини дафн этишдан олдин Хоруғ марказига олиб боришган ва расмийлардан унинг қотилларини топишни талаб қилишган.

Охирги маълумотларга биноан, Тожикистон прокуратураси Имомназар Имомназаров уйида юз берган портлаш натижасида ҳалок бўлганини айтган.

Прокуратура бу ишни текшираётганини, бироқ портлаш сабаблари ҳозирча номаълумлигини билдирган.

Баъзи маҳаллий расмийларга кўра, Имомназаровнинг ўлимида "давлатнинг қўли йўқ".

Бу ҳодиса эҳтимолки, халқни тартибсизликларга чорлаш учун учинчи кучлар томонидан уюштирилган, деган тахминлар ҳам мавжуд.

Хоруғ билан телефон алоқаси ёмонлашган.

Интернет сайтларига тўсиқ қўйилган.

Шаҳардаги хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Маҳаллий аҳолининг айтишича, милиция ходимлари уйларни текшириб чиқмоқда.

Айни пайтда Тожикистон президенти Имомали Раҳмон икки кунлик расмий сафар билан Туркманистонга борган.

Бугун Туркманистон президенти билан яккама - якка учрашув бўлиб ўтгани хабар қилинган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.