BBC navigation

Қозоғистоннинг юзлаб юк машиналари Ўзбекистонга ўтолмаяпти

Сўнгги янгиланиш 24 август 2012 - 12:52 GMT

Қозоғистоннинг Тошкент яқинидаги чегара нуқтасида юзлаб юк машиналари тўпланиб қолган

Қозоғистоннинг Тошкент яқинидаги чегара нуқтасида юзлаб юк машиналари тўпланиб қолган.

6 кун давомида ҳайдовчилар жазирама иссиқда кутишига тўғри келмоқда.

Расмийлар машиналарнинг ҳаракатланиши учун янги чора-тадбирлар кучга кириши муносабати билан уларнинг Ўзбекистон ҳудудига киришида муаммолар бўлаётганини айтишмоқда.

Кузатувчилар юк машиналарнинг ҳаракатланишидаги муаммони Мустақиллик муносабати билан назоратнинг кучайтирилиши дея изоҳлашмоқда.

19 августдан бошлаб Жанубий Қозоғистон вилоятининг Сариағач тумани ҳудудида жойлашган Бауржан Қўнисбаев божхона нуқтасида юк машиналар тўпланиши бошланган.

23 августга келиб, расмий маълумотларга кўра, машиналарнинг сони 200 дан ортиб кетган.

Қозоғистонлик божхоначилар ўзбекистонлик ҳамкасблари билан учрашиб, вазият борасида келишувлар олиб борган.

Айни вақтда машиналарнинг тезроқ қўйиб юборилаётгани айтилмоқда.

Бир кун давомида тез айниб қолувчи товар олиб кетаётган 60 машина ўтказилгани маълум.

2012 йилнинг 1 август куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг “Автомобилда хорижий юк ташувчиларнинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришлари, бўлишлари, юк олиб ўтишлари ва ундан чиқиб кетишлари тартиби тўғрисида” 1995 йил 11 январдаги 11-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш” тўғрисидаги қарори чиққан.

Айни ушбу қарордаги ўзгартиришлар туфайли хорижлик юк ташувчи компания ва шахслар “Ўзавтойўл” давлат акционерлик компаниясидан рухсат олиши керак.

Бунгача юк машиналарнинг рухсат олиши керак бўлган, бироқ улар рухсатнома ўрнига белгиланган жаримани тўлашни афзал билган.

Бу ҳақда Ўзбекистон автомобиль ва дарё транпорти агентлиги Ташқи иқтисодий алоқалар бўлимидан Бахтиёр исмли мутахассис қуйидагиларни билдирди.

“Бу тартиб олдин ҳам бўлган. Бироқ шу пайтгача рухсатномаси бўлмаса 10 баробар жарима тўлаб ўтиш мумкин бўлган. Ҳозир жаримани бекор қилишди ва фақат рухсатнома асосида ўтиш тартиби жорий этилди”, - дейди Бахтиёр исмли мутахассис.

Қозоғистон чегарасида тўпланган ҳайдовчилар ушбу тартибнинг эълон қилинмагани ва божхона ҳудудидан анча олис бўлган Тошкент шаҳрида рухсатнома берилишидан норози бўлишган.

“Ўзавтойўл” давлат акционерлик компаниясидан ўзини Шоҳруҳ деб таништирган мутахассиснинг Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда айтишича, Ўзбекистон ҳудудидан юк олиб ўтишни истовчи компания ва шахслар ушбу рухсатномани электрон почта орқали талабнома юбориб олишлари ҳам мумкин.

“Машиналарнинг тўпланиб қолишига сабаб, менимча, ўша чет эл фуқаролари ёки корхоналари Ўзбекистонда ва хорижда бўлаётган қонун лойиҳаларидаги ўзгаришлардан хабарсиз қолганликлари. Агар шу нарсадан манфаатдор томон бўлса билиши керак. Мисол учун мен Эронга бормоқчи бўлсам, у ерда қанақа қонун ишлаётганини, нима қилишим кераклигини аввал билиб оламан”, - дейди Шоҳруҳ исмли ходим.

Маҳаллий мустақил мутахассисларнинг билдиришича, Ўзбекистон ушбу чора-тадбирлар орқали хориж компанияларини юришга рухсатнома талаб қилинмайдиган маҳаллий машиналардан фойдаланишга мажбур қилишни кўзда тутган.

Исми сир қолишни истаган мутахассиснинг айтишича, айни вақтда машиналарнинг тўпланиб қолишига эса, Мустақиллик байрами муносабати билан юк машиналарини синчковлик билан назоратдан ўтказишга тўғри келаётгани сабаб бўлмоқда.

Юклар, ҳаттоки, итлар ёрдамида битта-битталаб текширилаётгани айтилади.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.