BBC navigation

Қирғизистонда ҳукумат ва парламент каолицияси тарқаб кетгани оқибати қандай бўлади?

Сўнгги янгиланиш 24 август 2012 - 14:54 GMT

Қирғизистон Президенти ҳукумат истеъфоси ҳақидаги фармонга имзо чекди.

Бош вазир Умумрбек Бабанов раҳбарлиги остидаги ҳукумат парламентдаги аксарият каолиция томонидан тузилганди ва бу каолиция 22 август куни тарқаб кетган.

Эндиликда янги ҳукумат ташкил этилгунга қадар Бош Вазир ва унинг ўринбосари вақтинча вазифаларини давом эттириб туришлар керакдир.

Парламентда 50 фоиздан кўпроқ ўринларни эгаллаган янги каолиция тузиш учун конституцияга мувофиқ 15 кун белгиланган.

Қирғизистон сиёсий ҳаётини охирги йилларда тез-тез чулғаб турувчи тало-тўплар манзарасида бу галги ҳукуматнинг тарқаб кетиши не қадар аҳамиятли ҳодиса ва оқибатлари мамлакат учун қандай бўлиши мумкин?

Сиёсий таҳлилчи Марс Сариевга кўра, бу Қирғизистон сиёсий ҳаётидаги анчайин аҳамиятли ҳодиса ва бурилиш нуқтасидир.

Марс Сариев: Парламент каолициясининг тарқаб кетиши бошқарувнинг эски тизими ишламаётганалигидан далолат беради. Бу тизим сиёсий қудратни кланлар ва гуруҳлар ўртасида ўзларининг сиёсий таъсирларига пропорционал равишда ўзаро бўлишиб олишга асосланганди. Фикримча, мана шу ҳолат ўтмишга шўнғимоқда ва гуруҳлар ўртасидаги мувозант ўзгарди. Президент Атамбаевнинг ўнгида ҳозирда шундай танлов турибди, ё бу тизимни бузиб ташлаб сиёсий бошқарувга новаторларни олиб келиш, ёда эски тизимнинг сақланиб қолишига йўл қўйиб бериш. Лекин бу ҳолда келгуси ойларда жорий Президент учун хатарли вазият келиб чиқиши мумкиндир.

Би-би-си: Сиз буни бурилиш нуқтаси ва бошқарув тизимининг ўзгариши эҳтимоли сифатида кўрмоқдасиз, лекин Қирғизистон сиёсий ҳаётида охирги вақтларда бу каби бурилиш нуқталари кўп бўлди, лекин кўп нарса ўзгаргани йўқ, натижа сиз айтаётгандек бўламади?

Марс Сариев: Мен буни эҳтимоли пайдо бўлган вазият, деб атаган бўлардим. Лекин президент Атамбаев бу эҳтимолдан фойдалана оладими, бунинг учун унда потециал етарлими - савол ана шунда. Унинг сиёсий капитали ҳозирда анча яхши, Россия томонидан қўллови бор, ярим миллиардга тенг қарзлардан кечилган, ГЭСлар бўйича лойиҳалар, Қўзоғистон Президенти сафари натижасида буғдой таъминоти бўйича ижобий ваъдалар - буларнинг ҳаммаси яхши сиёсий асос бермоқда. Ҳозирда Қирғизистонда бошқарувда бўлган собиқ иттифоқ давридаги хўжалик раҳбарлари фаолияти эса мамлакатда кланлар тўқнашувини келтириб чиқармоқда. Ана шу ҳолатни ўзгартириш керак. Менимча Бабанов буни тушунади, лекин у жорий манзарани ўзгартара оладими, янгича қарашдаги раҳбарни келтира оладими, бу ҳам очиқ қолаётган савол. Бизда ҳозирда раҳбар ходимлар асосан бизнес соҳасидан олинмоқда, чунки бошқарув ходимларини тайёрлаш билан ҳеч ким шуғулланмаган. Мамлакат элитаси бу билан қизиқмаганди, уларга бу керак эмасди. Шунинг учун бизнес соҳасидан раҳбарларни олишга тўғри келмоқда. Уларда ҳеч қурса режалаш қобилияти бор, бир маънода муваффақиятли шахслар. Лекин кланлар аро рақобат ҳозирги каби вазиятларни келтириб чиқармоқда. Ҳозирда президент Атамбаев бунинг ҳаммасини бузиши мумкин, ёда яна казо доирлари билан келишувга бориб, Бош Вазир ва парламент раиси каби вазифаларни бўлишиб бериши мумкин. Бу эса яна эски тоз, эски тоғора вазияти бўлади.

Би-би-си: Демак сиз айтган омиллар назарда тутилса, вазиятнинг ўзгаришига умид кам демак, шундайми?

Марс Сариев: Ҳа умид кам, лекин барибир бунинг эҳтимоли бор. Чунки бундай бўлмаса яна кланлар манфатидан келиб чиқиб, ресурсларни бўлишиб олиш бошланади, баҳор ойларига бориб эса ҳақиқий инқироз рўй бериши мумкин. Ҳозирда Қирғизистонда озиқ-овқат маҳсулотларига нархлар жуда ошиб кетган, ғалла билан аҳвол ачинарли. Ун ва нон етишмовчилиги юз бериши деярли муқаррар, бу эса аҳолининг катта қисми орасида очлик билан баробар ҳолатни келтириб чиқаради. Ем етишмаслиги туфайли чорвани сўйишларига тўғри келади. Бирон сифатли ўзгариш рўй бермаса баҳор ойларига бориб ўта даҳшатли вазият юз бериши мумкин, Атамбаев буни яхши тушунади менимча.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.