BBC navigation

Қирғизистон янги ҳукуматида социал-демократлар кўпчиликни ташкил қилади

Сўнгги янгиланиш 27 август 2012 - 11:58 GMT

Бу Қирғизистонда 2010 йилдан буён учинчи марта ҳукумат алмашиниши ҳисобланади

Президент Алмазбек Атамбаев Социал-демократлар фракциясига янги коалицияни тузишни топширган.

Президент матбуот котибига кўра, социал-демократлар 17 сентябргача бош вазир лавозимига номзодни тавсия қилишлари керак.

Бишкекдаги мухбирларимизга кўра, янги ҳукумат таркибига социал-демократлардан ташқари яна икки партия: "Ота Макон" социалистик партияси ва собиқ бош вазир Феликс Куловнинг "Ор-Номус" партияси кириши кутилмоқда.

Олдинги ҳукумат тўрт партия коалициясидан таркиб топган бўлиб, Қирғизистон Президенти фармони билан истеъфога чиқарилганди.

Бош вазир Умурбек Бабанов раҳбарлиги остидаги ҳукумат 22 август куни тарқаб кетган.

Эндиликда янги ҳукумат ташкил этилгунга қадар Бош Вазир ва унинг ўринбосари вақтинча вазифаларини давом эттириб туришади.

Парламентда 50 фоиздан кўпроқ ўринларни эгаллаган янги коалиция тузиш учун конституцияга мувофиқ 15 кун белгиланган.

Қирғизистон интернет нашрларининг ёзишича, 27 августда бўлиб ўтган матбуот анжуманида "Ота Макон" партияси раҳбари Омурбек Текебаев ва унинг партиядоши Болот Шер Умурбек Бабановдан ўзларига нисбатан ишлатган ёлғон гапларини исботлашни сўрашган. Акс ҳолда, вазият бошқача бўлиши билан таҳдид қилишган.

Бундан олдин, "Республика"партиясининг 15 августда бўлиб ўтган йиғилишига тақдим этилган видеолавҳада Бакиевга тегишли уйни талон-тарож қилишда қатнашган йигитнинг сўзларига кўра, буни "Ота Макон" депутатлари буйруғи билан амалга оширилгани айтилган.

"Бу йигитлар Бакиевнинг уйидан тилла ортиб чиқишганини айтишган. Бу ҳикоялар давомида Текебаевнинг номи бир неча марта янграйди",- деган "Республика"чи депутат Олтинбек Сулаймонов.

19 августда Умурбек Бабанов бош вазир сифатида Қирғизистон прокуратурасига бу маълумотларни текширишни топширган.

2010 йил кузида сайланган Қирғизистон парламентида шу пайтгача аллақачон уч ҳукумат алмашиниб улгурган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.