BBC navigation

Қозоғистонда қурғоқчилик ортидан Ўзбекистонда ун нархлари ошган

Сўнгги янгиланиш 3 сентябр 2012 - 14:15 GMT
Хирмон

Қозоғистон дунёнинг энг кўп буғдой етиштирувчи мамлакатларидан биридир.

Қозоғистонда қурғоқчилик сабаб 2012-йилда кам ҳосил олиниши кутилмоқда.

Қозоғистон Фермерлар Уюшмаси ўтган йилгидан деярли икки баробар кам - 13 миллион тонна буғдой йиғиштириб олинишини маълум қилган.

Мутахассислар, олдинги йиллардаги заҳиралар туфайли экспорт ҳажми тушиб кетмаса ҳам, ҳосил чўғининг камлиги нарх-навога жиддий таъсир қилиши мумкинлигини айтишмоқда.

Қозоғистон унининг асосий харидорларидан бўлмиш Ўзбекистонда ҳам нархлар кўтарилган.

Қозоғистонлик таҳлилчи Сергей Букатов баҳолар кўтарилишда давом этишини айтади.

"Нархлар албатта ошади. Сабаби Қозоғистонда буғдой бу йил кам. Айтилаётганидек 13 миллион ҳам чиқмаслиги, 12 миллион тонна олиниши мумкин. Иккинчидан, Россияда ҳам буғдой бу йил кам. Ҳозир буғдой савдоси билан шуғулланувчи Қозоғистон давлат операторлари бир тонни буғдойни 260 доллардан баҳоламоқда. Шимолдаги ушбу буғдойни жанубий чегарадаги Ўзбекистонда етказгунча яна 30 доллар қўшилади. Сариоғочда бир тонна буғдойнинг нархи 300 доллар бўлиши мумкин," - дейди қозоғистонлик эксперт.

Қозоқ унининг асосий харидорларидан бўлмиш Ўзбекистонда нархлар аллақачон кўтарила бошлаган.

Бир қоп уннинг баҳоси бир ойнинг ичида 20 доллардан 27 долларга кўтарилган.

Тошкентда пишириқ ишлаб чиқарувчи тадбиркорнинг билдиришича, нархларнинг ошиши савдога ўз таъсирини кўрсатган.

"Мана шу ойдан конкрет ошди. Масалан, 22 долларлик ун 27 доллар бўлиб қолди. Бироқ маҳсулотнинг нархини бирдан оширолмаймиз. Агар 30 фоиз кўтарсак, харидорлар бирдан йўқолади. Биз ҳозир мавсумни кутаяпмиз. Юз килограм маҳсулотга 30-40 килограм ун қўшамиз, шунинг учун бошқа махсулотлар нархининг ошмаганлиги ва шакар баҳосининг тушгани эвазига озроқ баланс бўлиб турибди. Бироқ бу барибир ҳам фойдага таъсирини кўрсатади. Шунинг учун мавсумни кутаяпмиз. Мавсум келиши билан нархларни кўтарамиз. Чунки бозор шуни кўтаради”, - дейди тошкентлик тадбиркор.

Ўзбекистон нарх-наволарнинг кўтарилиши ортидан Қозоғистондан ун сотиб олишни камайтириб, бунинг ўрнига ўзида қозоқ буғдойини қайта ишлаб чиқаришни йўлга қўйишини билдирган.

Қозоғистоннинг "Казах-Зерно" ахборот агентлиги тарқатган хабарда айтилишича, Ўзбекистон шу йўл билан ички истеъмолини тўлиқ қондириш билан бирга, ун ишлаб чиқариш кўламини қўшни Афғонистонга экспорт қилиш даражасига олиб чиқмоқчи.

Қозоғистонлик таҳлилчи Сергей Букатов Ўзбекистоннинг қозоқ уни ўрнига буғдойни сотиб олиш қарорини республикада ун ишлаб чиқариш саноати ривожланаётгани билан изоҳлайди.

"Бу Ўзбекистонда ун ишлаб чиқариш ривожланаётганидан дарак беради. Ун олиб келгандан кўра у ерда буғдойни ун қилиш фойдалироқ. Биринчидан қўшимча иш ўринлари яратилади. Иккинчидан ун ишлаб чиқариш, Қозоғистондан тайёр унни олиб келгандан кўра арзонга тушади. Ўзбекистон ун ишлаб чиқариш саноатини ривожлантириш учун ҳам буғдой сотиб олишни афзал билади. Ўзбекистон сифатсиз бўлса ҳам ўзи буғдой етиштиради. Ва қозоқ буғдойи билан уни аралаштирган ҳолда ун ишлаб чиқариш имкони пайдо бўлади, ” - дейди қозоғистонлик таҳлилчи Сергей Букатов.

Қозоқ унининг энг олд харидори Ўзбекистон ҳисобланган ва йилига ўртача 1 миллион тонна атрофида ун сотиб олган.

Ўзининг олийсифат уни билан тилга тушган Қозоғистон эса, шу ой бошида ўзининг буғдой экспорт қилиш салоҳиятини кучайтириш учун янги давлат ғалла ширкати барпо этиш режасини изҳор этганди.

Қозоғистон буғдой экспорти бўйича жаҳондаги бешта йирик давлатдан бири саналади ва ҳар йили 20 миллион тоннадан кўпроқ ҳосил кўтаради.

Аммо дунё уммон йўлларига тўғридан-тўғри чиқолмагани боис, буғдойини бозор нархида экспорт қилиш борасида ҳар доим муаммоларга дуч келади.

Шу сабабдан ҳам, Қозоғистон буғдойининг асосий харидорлари бу жанубий қўшнилари - Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Афғонистон бўлиб турибди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.