BBC navigation

"Cен мени ҳурмат қиласанми?" ёки Қозоғистон политологиялари ҳақида

Сўнгги янгиланиш 3 сентябр 2012 - 16:45 GMT
Данияр Косназаров

Данияр Косназаров Японияда илмий изланишлар олиб боради

Қирғизистон Стратегик Тадқиқотлар Миллий Институти директори бўлган Чингиз Шашиевнинг истеъфога чиқарилиши Марказий Осиё илм-фани учун анчайин рамзий бир ҳодиса бўлди.

Ғарбда таълим олган макроиқтисод профессорининг Қирғизистон бош вазири Омурбек Бабанов томонидан вазифасидан бўшатилиши асосан хорижда бўлган ҳамда ғарб университетлари ва илмий институтларида ишловчи мамлакат фуқароларининг эҳтиросли эътирозларини уйғотгани билан аҳаммиятлидир.

Бўшатилган иқтисодчини қўллаб-қувватлаб ёзилган Мурожаат остига ғарбда яшаётган кўплаб қирғизистонликлар имзо қўйдилар.

Аммо бу ҳодиса яна бир жиҳатни - таъбир жоиз, "Совет" ва "Ғарб" илмий доираларининг бир-бирини тан олмаслигини яққол намоён этди.

Ўзаро ишончсизлик бу гал ижтимоий фанлар соҳасида бўй кўрсатди.

"Шамшиев иши" давлат ривожланишида етакчиликка даъвогарлик қилаётган "оталар" ва "фарзандлар" ўртасида нафақат "насллар кураши" мавжудлигини, балки ғарбда таълим олган ва илмий унвонларни қўлга киритган наслнинг илм-фан соҳасидаги "иерархия"ни аниқлашдаги эътирозларини ҳам яққон намоён этади.

Шу ерда табиий бир савол туғилади: Илмий унвонини "Гренобл" ёки Миннесота Университетидан эмас, балки Совет илмий ҳавзаларидан олган бошқа бир мутахассисни ишдан олишса нима бўларди? Ўз ватанини бутун қалби билан севувчи ва айни билимга эга маҳаллий таҳлилчини ишдан четлатишса, ёш авлод муносабати айни бўлармиди?

Авваллари илм-фан аҳволи, олимлар миграциясига оид муаммолар Марказий Осиё бўйича тадқиқотчилар эътиборида бўлган эса, илмий доиралардаги ўзаро бирдамлик ва якдиллик, ишончсизлик ва тан олмаслик назардан четда қолди.

Ушбу жиҳат бир-бирини ишончга ва иқтибос этишга лойиқ шахс сифатида эътироф этиш ва бир-бирининг ғояларини дунё илмий ҳавзаларига таништириш асосига қурилган "ҳурмат доиралари"га тўғридан-тўғри боғлиқдир.

Ушбу "доиралар" айни шаклда "ўз интеллектуал ҳудудлари"ни чизиб чиқишади ва ўз ҳудудларда яшовчиларнинг сон ва сифатини белгилаб олишади.

Қозоғистонда иқтидордаги "Нур-Ватан" партиясининг котиби ва Қозоғистон Сиёсий илмлар уюшмаси идорий кенгашининг бошлиғи Ерлан Карин ўзининг кўп сонли инетвюларидан бирида кўплари жамиятда сиёсатшунос сифатида тилга олинувчи шахслар исмини тилга олади. Бу Қозоғистонда маълум "доиралар" шаклланганини кўрсатади.

У "Марат Шибутовда фойдали маълумотлар ва кутилмаган фикрлар бор" ва "Радик Темиргалиев, Одил Каукенов, Айдос Саримда жуда қизиқ қарашлар мавжуд" деган гапларни айтаркан, бу гаплар ортида мазкур шахслар ғоялари ва ишлари билан таништиришга уриниш истаги ётади.

Бу шахслар, ҳақиқатан ҳам, ўзларини сиёсатшунос сифатида танита олаётганларини қайд этишимиз лозим. Аммо уларнинг политологияси Қозоғистон Менежмент, Иқтисодиёт ва Прогнозлаштириш Институти ёки ал-Форобий номидаги Қозоғистон Миллий Университетидан сифат жиҳатидан фарқ қилади.

"Ғарбдаги етакчи институтлар меъёрига лойиқ, тиниб-тинчимас" дея тақдим этилувчи, нуфузли илмий журналда хорижлик таниқли олим билан биргаликда мақола чоп этган, Қозоғистон Менежмент, Иқтисодиёт ва Прогнозлаштириш Институтининг ёш тадқиқотчиси - Асел Рустамованинг ўзини бошқа, яъни ғарб меъёрлари муҳим бўлган "ҳурмат доираси"га таалуқли деб билиши ҳам тушунарлидир.

Яқинда очилган "Назарбоев Университети"да ҳам ўхшаш ҳолат кузатилади. Ушбу олийгоҳ ўқитувчиларга ассистентларни танлашда номзодларнинг "ғарб типидаги университетда олган" тажрибасига эътибор қаратади. Профессорларни айтмаса ҳам бўлади. Улар асосан АҚШ ва Британия олий ўқув юртларидан таклиф этилади. "Назарбоев Университети"га ишга олишда ғарб матбуотида нашр этилган мақолаларга катта аҳаммият берилади.

Сиёсатшуносларнинг бошқа бир категорияси - Қозоғистон Давлат Университети ва Қозоғистон Президенти қошидаги Стратегик Тадқиқотлар Институти каби давлат университетлари ва тадқиқот марказларида эса, асосий эътибор маҳаллий ва қўшни давлатлар журналларда нашр этилган мақолаларга майл берилади. Ушбу гуруҳдаги олимлар ўз мақолаларини асосан рус тилида ва баъзан инглиз тилида чиқаришади.

Мисол учун, таниқли ва сермаҳсул олим Мурат Лаумулин илмий ишлари Қозоғистон матбуотида ва асосан рус тилида нашр этилган.

2006-2011 йиллар оралиғида инглиз тилида нашр этилувчи нуфузли журналларда Қозоғистон Давлат Университети олимларининг бор-йўғи 23 дона мақоласи чоп этилгани фикримизга бошқа мисол бўла олади.

Зикр этилган барча гуруҳлар ва шахслар, эҳтимол, бир-бирларини танишар, аммо улар турли анжуманларда иштирок этишади, турли аудиторияларга таянишади. Яна бир умумий жиҳат - уларнинг бари ўзларини ҳақ деб билишади.

Марказий Осиёдаги энг оммавий фанлар, хусусан, "политология"даги фарқли қарашлар илмий маҳсулотни аниқлашда аниқ критерияси бўлмаган илмий ўлчамнинг пайдо бўлишига олиб келади. Бу воқелик, ўз навбатида, алоҳида "илм ороллари"дан намояндалик этувчи турли жабҳаларни шакллантиради.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.