BBC navigation

‘Биз Азимжон Асқаровнинг ишини кузатишда давом этамиз’

Сўнгги янгиланиш 5 сентябр 2012 - 08:26 GMT
Азимжон Асқаров

Яқинларига кўра, Азимжон Асқаров тергов пайтида қийноқларга солинган

Front Line Defenders жамғармаси вакилларига кўра, Қирғизистонда бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилган ўзбек инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг иши юзасидан рисоладагидек тергов олиб борилмаган.

Жамғарма бўлими раҳбари Адам Шапирога кўра, "Қирғизистон Бош прокуратураси қийноқларга оид шикоятлар, суд жараёни ноодатий шарт-шароитларда ва адолатсиз кечганига оид турли хил ҳисоботларга эътибор бермаган".

Front Line Defenders бутун дунё бўйлаб ҳуқуқбонларнинг ҳимоясини таъминлаш йўлида иш олиб боради.

Жамғарма ходимлари кеча Қирғизистонга тўққиз кунлик сафарларини якунлашган ва ўз ташрифлари чоғида Азимжон Асқаровнинг ишини ҳам кўриб чиқишга муваффақ бўлишган.

Уларга кўра, ўз сафарлари натижалари ҳақида албатта ҳисобот тайёрлаш ниятидалар.

Азимжон Асқаров Қирғизистон жанубида юз берган 2010 йилги этник зўравонликлар чоғида миллатлараро адоват қўзғаш, оммавий тартибсизликлар уюштириш ва бир милиция ходимини ўлдиришда айбдор, деб топилиб, икки йил аввал бир умрлик қамоқ жазосига ҳукм этилганди.

Орада ҳуқуқ ҳимоячисининг ўзининг бегуноҳ эканини айтиб, маҳкама ҳукми юзасидан қилган қатор шикоятлари қондирилмаган ва қатор халқаро ташкилотларининг уни озод этишга оид даъватлари ҳам самарасиз қолмоқда.

Инсон ҳақлари фаолларига кўра, Азимжон Асқаров ўз фаолияти ва миллати ўзбек эканлиги боис жазоланган, холос.

Жаноб Шапирога кўра, колонияга бориб, Азимжон Асқаровнинг ўзи билан суҳбатлашишган ва ҳуқуқ ҳимоячисининг қамоқда тутиб турилиши ҳолатининг ҳуқуқий томонларини гаплашиб олишган.

Жамғарма ходимлари Азимжон Асқаровнинг аёли ва турли амалдорлар билан ҳам учрашганликларини айтишмоқда.

Уларга кўра, худди сафарлари арафасида бўлгани каби, якунида ҳам Қирғизистондан бирталай бежавоб саволлар билан қайтишмоқда.
Адам Шапиронинг айтишича, Азимжон Асқаров иши ҳуқуқий томонлама шаффоф бўлмаган.

Жаноб Шапиронинг таъкидлашича, қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячисининг иши адолатли кўриб чиқилиши ва янги далиллар инобатга олинишини кузатиб боришда давом этишади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.