BBC navigation

Душанбе: Йирик ёнғинда "Карвон" бозори кули кўкка совурилган

Сўнгги янгиланиш 6 сентябр 2012 - 10:32 GMT
  • Тожикистон пойтахтидаги "Карвон" бозорида чоршанба куни бозор тугаши олдидан бошланган ёнғин камида бир инсон умрига зомин бўлган. Тасдиқланмаган норасмий манбалар қурбонлар сони кўп, демоқда.
  • Бозорнинг бир неча жойида бошланган ёнғин тез ёнадиган маҳсулотлар ва расталарнинг кулини кўкка совурган. Бир тожир Би-би-си билан суҳбатда 70 минг долларлик маҳсулоти ёниб кетганини айтган.
  • Ёнғинни ўчиришга камида беш соат вақт кетгани айтилмоқда. Тор расталар оралаб ўч ўчириш машиналари кириши осон кечмаган.
  • Ёнғин шу даражада улкан бўлганки, Душанба шаҳрининг ҳар нуқтасидан туриб, осмонга ўрлаган тутунни кўриш мумкин эди. Бу фожеа қанча зарар келтиргани ҳали аниқ эмас, тахминларга кўра, зарар миқдори бир неча миллион долларга етиб қолиши мумкин.
  • Ёнғин сабаблари ҳали аниқ эмас, аммо тужжорлар учун тезпишар пешин таомлари тайёрлайдиган кўчма ошхоналар ҳам кўп эди. Бироқ "Карвон" бозорида илгари ҳам беш марта ўт кетган ва ўшанда бош сабаб ўлароқ электр симларидаги ноқислик, деб айтилганди.
  • Аксар тожирлар учун бозордаги моллари бутун оиласини боқиш учун муҳим даромад манбаидир. Шу боис одамлар ёнғиндан бутун қолган маҳсулотларни йиғиштириб олишга уринмоқдалар.
  • Юзлаб тужжорлар ўз молларини ёнғиндан ҳимоя қилма олмагани учун расмийларни айблаб, намойишга чиқишган. Сабаби - кўпчиликнинг моли суғурталанмаган ва товон пулига ҳам умид қилиб бўлмайди.
  • Тожикистонда ҳам кўпчилик тожирлар бозорда кичик раста очиш учун катта фоизлар эвазига ё банклардан, ё судхўрлардан қарз кўтаришади. Шу боис ҳаёти бозорга боғлиқ минглаб оилалар энди иқтисодий қийинчиликларга дуч келишлари мумкин.
  • Сўнгги хабарларга кўра, ҳуқуқ тартибот ходимлари ёнғин миқёси ва намойишчилар фикрларини ўрганаётган журналистларга қаршилик қилишмоқда.
  • Бозор деярли ёниб битган ва энди минглаб инсонлар токи бозор қайта тиклангунча қандай кун ўтказиш йўлларини ўйлашлари керак.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.