BBC navigation

Душанбедаги бозорда йирик ёнғин юз берган

Сўнгги янгиланиш 6 сентябр 2012 - 08:18 GMT

Ёнғинга электр воситаларининг носозлиги сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда

Душанбенинг "Карвон" бозоридаги ёнғин кечки олтига яқин бошланган. Ёнғин деярли бутун тун давом этган.

Ёнғин улканлигидан Душанбе шаҳрининг ҳар нуқтасидан осмонга ўрлаган қора тутун кўринган.

Мухбирларимизнинг айтишича, бозорнинг улгуржи буюмлар томони тўла ёниб битган. Келтирилган зарар миқёси жуда катталиги сабабли, ҳали тахминий рақамлар ҳам айтилмаган.

Расман бир кишининг ўлгани, уч кишининг турли даражадаги куйиш жароҳати олгани маълум қилинган. Уларнинг ҳаммаси ўз молини қутқаришга уринган сотувчилар эканлиги аниқланган.

Бироқ сотувчиларнинг ўзлари ўнга яқин киши ўлганини айтишган. Бу ҳозирча расман тасдиқламаган, дейди Тожикистондаги мухбиримиз Искандар Феруз.

Бугун эрталаб савдогарлар ҳодисанинг сабаблари ва келтирилган зарарни тўлашни сўраб бозор маъмурияти олдида йиғилишган.

Бозор раҳбари иш жойидан қочиб кетгани маълум бўлгач, ғазабланган оломон ўз норозиликларини мамлакат раҳбариятига айтиш учун шаҳар марказига қараб юрганлар.

Хавфсизлик ходимлари йўлларни тўсиб, норозилик маршининг қатнашчиларига имкон беришмаган.

Одамлар билан учрашишга борган шаҳар ҳокимини ғазабланган оломон шовқин солиб ҳайдаган.

Полиция намойишчиларни тарқатишга уринган, уларга бозорга қайтишлари учун автобуслар олиб келинган.

Мухбирларимизга кўра, шундан сўнг шаҳар ҳокими ва тадбиркорлар гаплашишган.

Шаҳар ҳокими Маҳмадсаид Убайдуллаев барча банк раҳбарларига тарбиркорлар олган қарзларни тўлашни икки маротаба муддатгача чўзиш, шунингдек, ёниб кетган савдо расталарини бозор раҳбарларининг ўз шахсий ҳисобларидан қайта тиклашга буйруқ берган.

Бош прокуратурага эса бир ой ичида ёнғин сабабларини аниқлаш топширилган.

Шаҳар ҳокими тадбиркорларни бозор раҳбарияти билан шартнома тузмаганликларини, ўз ҳуқуқларини билмасликларини ҳам таъкидлаган.

Айни пайтда Душанбе шаҳрида бозор раҳбарлари билан матбуот анжумани ўтказилаётгани айтилмоқда.

Кейинги пайтларда Тожикистон бозорларида ёнғин чиқиши тез-тез содир бўлгани кузатилган. "Карвон" бозорининг ўзида 2002 йилдан буён деярли ҳар йили ёнғинлар юз бергани айтилади.

"Бироқ бу миқёсдаги улкан ёнғин Тожикистонда ҳали бўлмаган эди. Унинг миқёсини тасаввур қилиш учун айтишим мумкинки, улгуржи бозор майдони қариийб икки километрга чўзилиб кетган эди",- дейди мухбиримиз.

Гувоҳларга кўра, ёнғин бир вақтнинг ўзида бозорнинг тўрт жойида бошлангани учун ҳам жуда катта ҳудудни қамраб олган.

Ёнғин сабаблари ҳозирча аниқланмаган. Мухбиримизга биноан, олдинги ёнғинларнинг тажрибасидан келиб чиқиб, суриштирув идоралари бу ёнғиннинг ҳам сабаби электр воситаларининг носозлиги бўлганини айтиши тахмин қилинмоқда.

Бироқ кузатувчиларнинг, гувоҳларнинг фикрича, бундай ёнғинлар рақобатчи тадбиркорлар томонидан қасддан қилинган бўлиши ҳам мумкин. Ёнғиннинг бир вақтнинг ўзида 4 жойда бошлангани шундай шубҳаларни юзага чиқарган.

Шу билан бирга Тожикистонда бу йилги ёзнинг жуда иссиқ, қуруқ келганлиги ҳам ёнғинларнинг сабаби сифатида кўрилмоқда.

Мухбирларимиз бир неча бор бозор томонга ўтишга уринганлар, лекин йўллар милиция томонидан ёпиқлиги боис бунга эришолмаганлар.

Бозор атрофи милиция томонидан ўраб олинган.

"Журналистлар бозор томонга қўйилмаяпти. Воқеани ёритмоқчи бўлган журналистлар, жумладан Би-би-си мухбири ҳам милиция томонидан ушланган. Би-би-сининг Тожикистондаги раҳбарияти Ички ишлар вазирлигига бу ҳақда норозилик билдирган", деб айтади Тожикистондаги мухбиримиз.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.