BBC navigation

Қирғизистон президенти: 'Сув устидан уруш чиқмайди'

Сўнгги янгиланиш 12 сентябр 2012 - 11:48 GMT

Қирғизистон президенти сув устидан минтақада уруш келиб чиқиши эҳтимолини рад этади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг сув устидан минтақада уруш юз бериши мумкинлигига оид баёнотига илк бор расмий муносабат билдирар экан, Алмазбек Атамбаев бундай эҳтимолни назардан соқит этган.

Ислом Каримов шу ой бошида Қозоғистонга қилган расмий сафари чоғида, "Сув билан боғлиқ вазият шу даражада кескинлашиб кетиши мумкинки, бу нафақат қарама-қаршилик, балки урушга ҳам олиб келиши мумкин", дея огоҳлантирганди.

Ўзбекистон президенти бу гапларни Тожикистон қураётган Роғун ва Қирғизистон тиклаётган Қамбарота ГЭСларини назарда тутиб айтган ва чегаралароша ўтадиган дарёлар масаласида жаҳон ва халқаро ҳамжамиятга қулоқ солишлари лозим"лигини таъкидлаганди.

Ўзбекистон президенти электр токи ишлаб чиқариш учун йирик ГЭСлар ва уларни ишлатадиган улкан сув тўғонлари қураётган Қирғизистон ҳамда Тожикистонга мурожаат қилиб, Амударё ва Сирдарё қуйи оқимларида жойлашган қўшни мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олишга чақирган.

Қирғизистон президентининг бу хусусдаги баёноти жаноб Каримов чиқишидан қарийб бир ҳафта ўтиб янграган.

Янги қирғиз ҳукуматини қасамёдга келтириш маросимида иштирок этиш учун мамлакат Олий Кенгашига келган жаноб Атамбаев сув муаммосини Марказий Осиё давлатлари фақат ўзаро биргалашиб ҳал қилишлари мумкинлигини айтган.

Қирғизистон президентининг билдиришича, бу борада ўзбекистонлик ҳамкасбига тегишли таклифлар йўлланиб, жорий пайтда ушбу мавзу муҳокама ҳам этилмоқда.

Шу билан бирга, қирғиз раҳбари, "Президент Каримов баёнотида биронта давлатнинг номи аниқ тилга олинмагани, шу сабабдан Қирғизистон уни шахсан ўзига қаратилгандек қабул қилиши учун асос йўқ"лигини ҳам таъкидлаган.

Бишкек ҳам, Душанбе ҳам ҳозир Амударё ва Сирдарё бошланадиган дарёларга тўғон ташлаб, Қамбарота ва Роғун ГЭСларини қуришга киришганлар.

Ўзбекистон тарафига кўра, хусусан, Роғун ГЭСини юргизадиган даражада сув тўплаш учун камида 8-10 йил вақт кетади.

Бу дегани - қуйида жойлашган ва деҳқончиликка асосланган Ўзбекистонда миллионлаб инсонлар узоқ йиллар сувсиз қолиб кетишлари мумкин.

Шунингдек, зилзила тез-тез рўй бериб турадиган ҳудудда баланд сув омборлари тўғонларини тиклаш ҳаракатлари ҳам пастда жойлашган Ўзбекистондаги мутахассисларини қўрқитади.

Энг кескин баёнот

Қозоғистонда янграган баёнот эса, Ўзбекистон раҳбарининг бу масалада қилинган энг кескин баёноти сифатида кўрилганди.

Мутахассислар можарога минтақада ўз манфаатларига эга бўлган учинчи давлатларни ҳам тортиши мумкинлигини инобатга олиб, Ўзбекистон бу масалани бир томонлама ечишга уринмаслигини урғулашади.

Улар, ўз ўрнида, минтақада катта таъсирга эга бўлган Қозоғистон ҳам ушбу масалани ўзаро низоларга бормасдан, тинч йўл билан ҳал этиш истагида эканини айтишади.

Улар Ўзбекистон яқин-яқингача сув масаласини ўзи ўз манфаатларидан келиб чиқиб, ҳал қилиб келгани, аммо ҳозирда вазият ўзгарганини таъкидлашади.

"Расмий Тошкент сув масаласида минтақада ҳамиша устун мавқеъни эгаллаб келган. Ислом Каримов эса, буйруқ бериш эмас, балки ҳамма билан тенг музокаралар столига ўтиришни қабул қила олмаяпти ва ҳозирда агар бу музокаралар боши берк кўчага кириб қолса, ундан қандай чиқиш йўлларини изламоқда", дейди, жумладан, қозоғистонлик сув масалалари бўйича мутахассис, мустақил таҳлилчи Олег Сидоров.

Таҳлилчига кўра, Ўзбекистон президенти Қозоғистонга сафар қилиш билан бу масалада расмий Остонанинг дастагини қўлга киритмоқчи бўлган.

Унинг таъкидлашича, президент Ислом Каримов Қозоғистон тимсолида минтақада сув захираларидан оқилона фойдаланишга оид музокараларда иттифоқчига эга бўлишни истайди.

Маҳаллий кузатувчилар ушбу манзарада Қозоғистоннинг Қирғизистон ва Тожикистон билан сўнгги йилларда анчайин илиқлашиб бораётган муносабатларига эътибор қаратишади.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.