BBC navigation

Тожикистонда илк бор 'Жамоат Ансаруллоҳ' аъзолари судланди

Сўнгги янгиланиш 12 сентябр 2012 - 10:29 GMT

Ўлимига қадар "Жамоат Ансаруллоҳ"га таниқли жангари қўмондонлардан бўлган Мулло Абдуллонинг бошчилик қилгани айтилади

Тожикистон маҳкамаси Ўзбекистон Исломий Ҳаракати қаноти сифатида кўрилган гуруҳга аъзоликда айбланган 12 нафар судланувчини 5 йилдан 24 йилгача қамоқ жазоларига ҳукм этти.

Аммо, Тожикистондаги мухбирларимизга кўра, улардан аксарияти ўзларига қўйилган айбларга иқрор бўлишмаган.

Тожикистон махсус хизматлари мулозимларига кўра, айбланувчиларнинг барчаси ўтган йили Тожикистоннинг турли хил ҳудудларида қўлга олинишган.

Улардан бир қисмининг шарқий Рашт водийсида Мулло Абдулло бошчилигидаги ноқонуний қуролли гуруҳларга қарши олиб борилган махсус ҳарбий амалиёт чоғида, бошқаларининг шимолий Сўғд вилоятида ҳибсга олинганликлари айтилади.

Тожикистон Олий маҳкамаси шу йил май ойида гуруҳни "Экстремист ва террорчи ташкилот", деб эълон қилганди.

Душанбедаги мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, худди шу боис ҳам, буни "Жамоат Ансаруллоҳ" гуруҳи тарафдорлари устидан олиб борилган илк маҳкама жараёни деса бўлади.

Мухбиримизга кўра, дастлаб жаъми 13 киши маҳкамага тортилган, аммо улардан бири жаримага тортилиб, суд залидан озод этилган.

Тожикистонда умрбодидан кейин, энг узоқ қамоқ жазоси 25 йил эканини назарда тутиб, мухбиримиз айбланувчилардан айримларининг анчайин кескин жазоланганликларини айтади.

Судланувчилар "Ноқонуний қуролли гуруҳ тузиш", "Террорчилик ва экстремистик амалларни содир этиш" ва "Конституцион тузумни ағдариш,.." каби айбловларда айбланишган.

Ўтган ой охирида бошланган маҳкама ёпиқ эшиклар ортида бўлиб ўтган ва шу боис ҳам журналистлар унга киришга муваффақ бўлишмаган.

Мухбирларимизнинг айбланувчилар ҳимоячиларининг сўзларига таяниб айтишларича, улардан аксарияти ўзларига қўйилган айбларга иқрор бўлишмаган.

Кузатувчилар эса, ушбу маҳкама иши билан боғлиқ қизиқ бир вазиятга эътибор қаратишади.

Уларга кўра, "Жамоат Ансаруллоҳ" шу йил май ойида ноқонуний ташкилот деб топилган бўлса, маҳкумлардан барчаси ўтган йил қўлга олинишган.

Айбланувчиларнинг қийноққа солинганликларига оид бирор бир хабар бўлмаса-да, айрим кузатувчилар Тожикистонда бу каби ҳолларнинг кенг тарқалганини эътиборга олиб, бундай эҳтимолни ҳам назардан соқит этишмайди.

Мухбирларимиз Тожикистон Олий маҳкамасидан олган маълумотларига таяниб, 18 ёшдан 37 ёшгача бўлган айбланувчилар деярли барчасининг Покистонда диний таҳсил олганликларини айтади.

"Жамоат Ансаруллоҳ"

Гуруҳнинг мавжудлиги ҳақида илк бор икки йил бурун, шимолий Хўжанд шаҳрида амалга оширилган худкушлик ҳужуми ортидан маълум бўлган. Ҳодисада тўрт милиция ходими қурбон бўлган ва ўнлаб кишиларга тан жароҳати етганди.

Ушбу воқеа ортидан қатор экстремистик гуруҳларнинг интернет саҳифаларида "Жамоат Ансаруллоҳ"нинг баёноти эълон қилинган ва гуруҳ ҳужумга масъулиятни ўз зиммасига олиб чиққанди.

Ўтган йил шарқий Рашт водийсида олиб борилган махсус ҳарбий амалиётлар чоғида тожикистонлик таниқли жангари қўмондон Мулло Абдулло яширинган ғордан ҳам гуруҳнинг байроғи топилгани хабар берилган ва шундан сўнг "Жамоат Ансаруллоҳ" Тожикистон ҳудудида жиддий фаолият олиб бораётганига оид тўхтамга келинганди.

Гуруҳнинг кимлардан иборат экани, аъзоларининг сони ва жойлашган ери ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Аммо, ўтган йилга қадар унга Раштдаги амалиётлар чоғида ўлдирилган Мулло Абдуллонинг бошчилик қилгани ишонилади.

Мулла Абдулло террорчи гуруҳлар орасида катта нуфузга эга бўлган ва кўп йиллар Афғонистон ҳудудида "Ал-Қоида" тармоғи тарафида туриб, жанг қилган.

Кейин унинг Тожикистонга ўтган айтилган ва ўтган йил Рашт водийсида ўнлаб ҳукумат аскарларининг қурбон бўлишига олиб келган қўпорувчилик амали содир этилганди.

Мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, Мулло Абдуллонинг ўлими ортидан ташкилотга ким раҳбарлик қилаётгани маълум эмас.

Айрим таҳлилчилар эса, "Жамоат Ансаруллоҳ" Тожикистондаги вазиятни янада таранглаштириш учун бошқа давлатлар махсус хизматлари томонидан ўйлаб чиқарилган қуруқ бир гап, амалда бундай гуруҳ йўқ, деган фикрдалар.

Аммо "Жамоат Ансаруллоҳ" ўтган йили Тожикистон фуқароларини "даҳрийлар"га қарши жиҳодга чақирувчи ва Тожикистонда Шариат қонунларини жорий этиш ҳаракатларини дастаклашга ундовчи қатор видеомурожаатлар ҳам эълон қилганди.

Тожикистон Афғонистон билан яхши қўриқланмайдиган 1.340 чақиримлик чегарага эга.

Тожик ҳукумати сўнгги йилларда мамлакатда исломий радикализм кучайиб бораётганидан хавотирга тушиб қолган.

Биргина ўтган йилнинг ўзида Тожикистонда фаолияти тақиқланган диний гуруҳларга аъзолик айби билан 150 дан ортиқ киши қамоққа ташланган.

Хорижий давлатлар мадрасаларида таҳсил олаётган талабалар ортга қайтарилган.

"Ота-оналарнинг масъулиятлари тўғрисида"ги янги қабул қилинган қонунга мувофиқ, 18 ёшгача бўлганларнинг намоз ўқиш учун масжидларга чиқишлари тақиқланган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.