BBC navigation

Президент Бердимуҳаммедов туркманларни яна "Руҳнома"ни ўқишга даъват қилмоқда

Сўнгги янгиланиш 13 сентябр 2012 - 12:16 GMT

Сўнгги қадам Бердимуҳаммедовнинг ислоҳотлари чекланганини кўрсатади.

Бутун Туркманистон бўйлаб "Руҳнома" кунига бағишланган тадбирлар бўлиб ўтган.

Президент Бердимуҳаммедов "Руҳнома"нинг туркман жамиятининг ривожи ва Туркманистоннинг келажаги учун аҳамияти беқиёс эканини таъкидлаган.

"Бугун,- деган у, Туркман давлатининг олтин даврида "Руҳнома" жамиятимизнинг ўзаро уйғунликда ривожланиши, унда туркман халқининг инсонийлик ва тинчликпарварлик каби азалий қадричятларининг қарор топиши ва ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда катта аҳамият касб этади", - деган Туркманистон раҳбари.

'Муқаддас китоб'

Туркман тарихи, халқ оғзаки ижоди, маънавий қадриятлари ва марҳум Президент Сапармурод Ниёзовнинг таржимаи ҳоли қоришмаси бўлган "Руҳнома башоратомуз услубда ёзилган.

Китобда туркманлар 5 минг йиллик тарихга эга, 70 та давлат ва империя барпо этган миллат сифатида улуғланади.

Ниёзов даврида китоб бошланғич мактабдан тортиб, олий ўқув юртларининг кириш имтиҳонлари-ю, давлат маъмурларини аттестациядан ўтказиш дастурларида асосий қўлланма бўлиб хизмат қилган.

Китобдан иқтибослар ҳамма ерни безаб турарди.

Давлат телевидениеси бошловчилари ҳар куни "Руҳнома"дан 20 саҳифани эфирда ўқиб беришган.

"Руҳнома" 40 дан ортиқ хорижий тиллар, жумладан, Африканинг зулус тилига таржима қилинган.

2007 йилда Президент Бердимуҳаммедов ҳокимиятга келганидан сўнг Туркманбошининг меросидан қутулишга ҳаракатлар қилди.

Жумладан, бу меросда марказий ўрин эгаллаган "Руҳнома"дан иқтибослар ҳам камайди.

2011 йилда эса олий ўқув юртларида "Руҳнома"дан дарс соатлари камайгани ва имтиҳонларнинг бекор қилингани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Лондондаги "Уруш ва тинчликни ёритиш институти" олиб борган тадқиқот натижасидан англашилишича, "Руҳнома" дарслари хали ҳам бор, аммо айрим олий ўқув юртлари ўқитувчилари бу дарсларда кўпроқ жамиятшуносликка урғу беришади.

Ашхободдаги иккита китоб дўконининг сотувчилари эса "Руҳнома" ҳануз савдода борлиги, аммо улар хали Ниёзов ҳаётлигида нашр этилган нусҳалар эканини айтишган.

Таҳлилчиларга кўра, Президент Бердимуҳаммедовнинг сўнгги чиқиши унинг ислоҳотлари қанчалик чекланганини кўрсатади.

Жаноб Бердимуҳаммедов ҳокимиятга келгач, туркман талабаларининг хорижда ўқишларига изн берган, интернетга йўл очган ва ўтмишдоши даврида йўқ қилинган Туркман Фанлар Академиясини қайта тиклаганди.

Таҳлилчилар унинг қадамларини газга бой Туркманистоннинг экспорт йўлларини турфалаштириш истаги билан тушунтиришган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.