BBC navigation

Россия: Ўшлик қочқинни экстрадиция қилиш қарори бекор қилинди

Сўнгги янгиланиш 14 сентябр 2012 - 15:38 GMT

Россия Бош прокуратураси 24 ёшли ўшлик Мамир Неъматовни Қирғизистонга экстрадиция қилиш юзасидан қарорини бекор қилган.

Мамир Неъматов 2010 йил июнида Ўш ва Жалолободда кечган этник зўравонликларда қўли бўлгани гумон қилиниб, расмий Бишкек томонидан талаб қилинаётганди.

Мамир Неъматов ўзига қўйилаётган айбловларни мутлақо рад этган. У қонли ҳодисаларда иштирок этмагани ва ёш ўзбек йигитларига бўлган тазйиқлар туфайли Россияга қочиб борганини айтган.

Мамир Неъматов қочқинлик мақомини сўраб мурожаат қилган, аммо рад жавобини олган.

Татаристон Олий судининг Неъматовни экстрадиция қарори Оврўпо маҳкамасида кўриб чиқилиши кутилаётганди.

Россия Бош прокуратураси қарорнинг бекор қилишини мазкур ҳолатга боғлиқ эмаслигини айтган.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари буни Бош прокуратура илк бор ўз қарорини бекор қилаётган ҳодиса сифатида таърифлашган.

Аввалроқ Мамир Неъматовни ҳимоя қилган "Бошпана ҳуқуқи" дастури раҳбари Елена Рябинина Мамир Неъматовни Қирғизистонга экстрадиция қилишга оид суд қарори устидан қилган шикоятлари Татаристон Олий маҳкамаси тарафидан рад этилганини маълум қилганди.

2011 йил ноябридан бери Қозон шаҳар тергов ҳибсхонасида сақлаб келинган Мамир Неъматов 13 сентябр куни озод қилинган.

Халқаро Амнести, Ҳюман Райтс Уотч каби халқаро ташкилотлар Мамир Неъматовнинг ҳимоясига чиқишган. Улар агар Мамир Неъматов Қирғизистонга қайтариладиган бўлса, қийноққа солиниши эҳтимолидан огоҳлантиришганди.

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.