BBC navigation

Қозоғистон: Атираудаги ҳужумда икки полиция ходими яраланган

Сўнгги янгиланиш 15 сентябр 2012 - 12:01 GMT

Сўнгги пайтларда Атирау қатор ҳужумларга саҳна бўлган

Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги шанбага ўтар кечаси ғарбий Атирау вилоятида юз берган ҳужумда икки полиция ходимининг яраланганини тасдиқлаган.

Вазирлик тарқатган хабарда айтилишича, ярим тунга яқин икки номаълум шахс Атирау шаҳрида полиция бўлими навбатчисига қарата ўт очган ва уни оёғидан яралаган.

Бунга жавобан полиция ҳам ўқотар қурол ишлатган, аммо ҳужумчилар қочиб қолишга муваффақ бўлган.

Расмий хабарга кўра, орадан икки дақиқа ўтиб, икки номаълум шахс полиция идорасига киришга уринган.

"Улар полиция нуқтасига қарата Молотов коктейли ва ходимларга қарата ўт очганлар",- дейилади расмий хабарда.

Айтилишича, иккинчи ҳодиса чоғида яна бир полиция ходими яраланган.

Маҳаллий аҳоли вакиллари тунда шаҳар четида отишма овозлари эшитилганини айтишган

Ҳужумлар

Сўнгги ҳужум Атирауда икки кишининг умрига зомин бўлган портлашлардан уч кун ўтиб юз берган.

Чоршанба куни шаҳарнинг Молдагулова кўчасида машиналарга хизмат кўрсатиш станциясида ҳовлисида юз берган портлаш сатҳидан ташқи кўриниши осиёлик бўлган ёш йигитнинг жасади топилгани хабар қилинганди.

Расмийлар жасаднинг ёнидан унга тегишли бўлиши тахмин этилаётган шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳам топилган.

Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбанинг "Интерфакс" ахборот агентлигига айтишича, “жасаднинг икки билаги узилиб кетгани боис, портлашнинг портловчи ускуна ясалаётган ёки уни портлатишга ҳозирлик кўрилаётган пайтда юз бергани”ни фараз этишмоқда.

Ўтган йил октябр ойида Атирауда икки портлаш юз берган, улардан бирининг худкушлик ҳужуми экани айтилганди.

Собиқ мудофаа вазири ва сенатор Мухтар Алтинбаев Қозоғистон ғарбидаги сўнгги ҳужумларда "айрим сиёсатчилар"ни айблаб чиққан, аммо сенатор ҳеч кимнинг номини атамаган.

Қозоқ расмийлари ҳужумларда диний экстремистларни айблашган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.