BBC navigation

Қозоғистон: Футбол учрашуви отишмага сабаб бўлди, яраланганлар бор

Сўнгги янгиланиш 17 сентябр 2012 - 07:44 GMT

Ҳозир қишлоқни полиция маъмурлари қўриқлаб туришгани айтилади

Қозоғистон жанубидан олинган хабарларга кўра, Кўлкент қишлоғида бўлиб ўтган футбол учрашуви ортидан келиб чиққан отишмада икки киши оғир яраланган. Чимкент шаҳридаги касалхонада ётган бир йигитнинг кўзи кўр бўлиб қолгани айтилмоқда.

Сайрам туманига қарашли Кўлкент (аввалги номи Қизилқишлоқ) қишлоғи Чимкент шаҳридан 50 чақирим шимолий-шарқда жойлашган.

Аён бўлишича, ушбу ҳодиса ўтган ҳафта юз берган.

14 сентябр куни Кумушбулоқ ва Советская қишлоқларидан футболчилар келиб, кўлкентлик йигитлар билан тўп суришади.

Футбол беллашуви чоғида уларнинг ораларидан гап қочиб, бир-бирларини ҳақоратлашгача боради.

Ўйин тугагач, кумушбулоқлик футболчилар ўз уйларига қайтиб кетишади.

Аммо, маҳаллий журналистларнинг айтишларича, орадан бироз вақт ўтиб, Кўлкентга иккита номерсиз енгил машинада қирқма милтиқлар билан қуролланган йигитлар келишади.

Отишма

Улар машиналар ювиш жойида турган ва футбол учрашувига умуман алоқаси бўлмаган йигитларни калтаклай бошлашади. Муштлашув келиб чиқади.

Хабарларга кўра, шундан сўнг қирқма милтиқлар ишга тушади. Кумушбулоқдан келган йигитлар икки тенгқўрларини оғир яралашади.

Ўқ улардан бирининг оёғи ва бўйни, бошқасининг кўзига тегади.

Яраланган йигитларни дастлаб Қорабулоқдаги 2-туман касалхонасига олиб кетишади.

Қорабулоқ касалхонасида яраланганларданлардан бирининг кўзидан оқаётган қонни тўхтата олишмагач, уни Чимкент касалхонасига юборишади.

Олган жароҳати оқибатида унинг кўзи кўр бўлиб қолгани айтилмоқда.

Ҳозир Кўлкент қишлоғини полиция маъмурлари қўриқлашмоқда.

Кўлкент қишлоғида асосан ўзбекларнинг истиқомат қилиши, қирқма милтиқлар билан қуролланиб келган йигитлар барчасининг қозоқлар бўлгани айтилмоқда.

Минтақадаги вазият

Маҳаллий журналистлар сўнгги пайтларда бу каби ҳодисалар Жанубий Қозоғистоннинг турли ҳудудларида кузатилаётганини айтишади.

Яқинда Георгевка қишлоғида ўзбек миллатига мансуб одамларнинг молхоналарига ўт қўйилганига оид хабарлар ҳам юзага чиққанди.

Сўнгроқ Иқон қишлоғида миллатчилик заминида жанжаллар бўлиб ўтгани, 10 дан ортиқ киши касалхонага тушганини кўрганлар бор...

Маҳаллий кузатувчилар қозоқ ҳукумати вазиятни қаттиқ назорат остида ушлагани учун ҳам бу каби низолар оммавий тус олмаётгани, бироқ вазият сал издан чиққудек бўлса,

ҳар икки халқ вакилларини ушлаб қолиш қийин бўлиши мумкинлигини айтишади.

Уларга кўра, сўнгги пайтларда Қозоғистон жанубида миллий танглик кучайиб бораётганини кузатиш мумкин.

Аён бўлишича, Қозоғистонда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар самарасининг оддий халққа етиб бормаётгани мамлакат жанубида ҳам камбағаллик ва ишсизлик ҳолларининг кучайишига олиб келган.

Кузатувчиларнинг айтишларича, аксарияти тадбиркорлик билан шуғулланувчи ўзбекларнинг анчайин ўзига тўқлиги эса, маҳаллий қозоқларнинг норозилигига сабаб бўлмай қолмаган.

Айрим манбаларда Қозоғистон жанубида 600.000 дан бир миллионгача ўзбекнинг яшаши айтилади.

2010 йилги қонли Ўш қирғинини назарда тутаркан, маҳаллий кузатувчиларнинг таъкидлашларича, Ўзбекистон ҳукуматининг четдаги ўзбек ҳуқуқларини ҳимоя этишга қаратилган жиддий бир сиёсатининг йўқлиги ҳам мавжуд вазиятда озмунча роль ўйнамаётир.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.