BBC navigation

Тожикистон Президенти Тоғли Бадахшонга сафар қилмоқда

Сўнгги янгиланиш 18 сентябр 2012 - 10:20 GMT

Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон 2 кунлик сафар билан Тоғли Бадахшон минтақасига борган.

Президент матбуот хизматининг билдиришича, мақсад аҳоли яшаш шароитлари билан танишиш ва минтақани тараққиёти йўлида навбатдаги қадамларни қўйишдир. Аммо, энг асосийси мамлакат раҳбари минтақадаги жамият фаоллари билан шахсан учрашишни истайди.

Би-би-сининг Душанбедаги мухбири Мардон Муҳаммадга кўра, Раҳмон жаноблари бугун эрталаб Рўшон туманидаги янги мактаблар ва банклар очилиши маросимларида иштирок этган.

Шунингдек, Президент Рўшондаги истироҳат боғида туман аҳолиси билан ҳам учрашган.

Бу Тожикистон раҳбарининг Хорўғда юз берган қонли воқеалардан кейин минтақага илк бор сафаридир.

'Ҳарбий ҳодисаларга диққат қаратилмади'

Ўтган июл ойида Тоғли Бадахшон пойтахти Хорўғда кенг кўламли ҳарбий амалиётлар ўтказилганди. Мазкур амалиётлар хавфсизлик хизмати генерали Абдулло Назаров ўлдириб кетилиши ортидан айбдорларни топишга қаратилгани айтилган ва тинч аҳоли орасидан ҳам қурбонлар берилгани борасида хабар қилинганди.

Мухбиримизга кўра, Президент Раҳмоннинг Тоғли Бадахшондаги учрашувлари чоғи айни ҳодисалар мутлақо тилга олинмаган.

"Минтақадан келаётган хабарларга кўра, аҳоли Президентнинг сафарининг бир ойдан бери кутаётган бўлган. Улар Раҳмон жаноблари ҳарбий амалиётлар масаласига тўхталиб, у ердаги муаммоларнинг ечимида ёрдам кутишаётган бўлган", - дейди мухбиримиз.

"2008 йил ҳам айни шундай ҳодисалар Хорўғ шаҳрида юз берган ва Президент сафари кетидан 4 нафар дала қўмондони Тожикистон раҳбари томонидан авф этилганди. Айрим кузатувчилар бу сафар ҳам худди шундай авф этиш имконияти борлигига ишора этмоқдалар", дейди у.

Ҳарбий ҳодисалар ортидан Хорўғ билан Тожикистон маркази ўртасидаги интернет ва телефон алоқалари узилиб қолган ва у ердаги вазият борасида фақат норасмий манбаларга таяниб гапирилаётганди.

Мардон Муҳаммадга кўра, айни маълумотларга биноан ҳозир минтақада осойишталик ҳукм сурмоқда.

Тоғли Бадахшон Тожикистоннинг энг қашшоқ минтақаларидан бири саналади.

Бу ерда ишсиз даражасининг юқорилиги аҳолини оммавий миграцияга ундаётган асосий омиллардан бири экани айтилади.

Кузатувчиларга кўра, агар минтақадаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларга барҳам берилмаса, аҳоли орасида норозилик кайфияти кучайиб бораверади.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.