BBC navigation

Қозоғистонда ҳукумат раҳбари ўзгарди

Сўнгги янгиланиш 24 сентябр 2012 - 14:17 GMT

Карим Масимов 2007 йилдан бери Бош вазир курсисини эгаллаб келган

Қозоғистон Бош вазири Карим Масимов истеъфога чиқарилган.

Собиқ бош вазир истеъфога чиқар чиқмас Президент Маъмуриятининг раҳбари этиб тайинланган.

Парламент Бош вазир лавозимига Президент томонидан тавсия қилинган Серик Ахметов номзодини қўллаб қувватлаган.

Президент Назарбоев Масимовнинг кетишини унинг бир вазифада узоқ ишлаб чарчагани билан боғлаган.

“Бош вазир ишдан бўшаш тўғрисида менга ўтган йили ариза берган эди. У чарчади, вазифасини ўзгартиришни истади. У лавозимидан кетишини янги одам кераклиги билан изоҳлади”, - деган Нурсултон Назарбоев.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Дўсим Сатпаев кўра Масимовнинг кетиши Қозоғистонда алмаштирилиб бўлмас кадр йўқлигига яна бир исбот.

Мамлакат йўналишини Президент Назарбоев белгилаб беради ва қолган кадрлар ижрочи вазифасини бажаради.

Бироқ Қозоғистон ичидаги турли гуруҳлар Элбоши Назарбоевга яқин бўлиш орқали унга таъсир кўрсатиш ва бошқарув лавозимларнинг бўлинишида муҳим ўрин тутади.

“Кадрларнинг сўнгги алмашинуви маҳаллий характерга эга ва у кейинги вақтларда кузатилган элиталар ўртасидаги тўқнашувларга боғлиқ. Карим Масимовнинг ўз ўрнини алмаштируви, айниқса, Президент маъмурияти раҳбари Аслан Мусиннинг кетиши билан чамбарчас боғлиқ”, - дейди Дўсим Сатпаев.

Карим Масимов Қозоғистон ҳукумати тепасида энг узоқ қолган амалдорлардан эди. У 2007 йилдан ҳукуматни бошқариб келади ва шу йилнинг январ ойида янги сайланган парламент унинг номзодини яна бир бор қўллаб қувватлаган.

Аммо Қозоғистон ичида Масимовнинг истеъфоси ҳар йили кутилган. Собиқ бош вазир истеъфога чиқиши биланоқ яна бир муҳим вазифа Президент маъмуриятининг раҳбари этиб тайинланган ва Қозоғистон бошқарувида муҳим шахслардан бири бўлиб қолмоқда.

Сиёсатшунос Дўсим Сатпаев Масимовнинг лавозимидан кетиши унинг мақоми тушганини англатмаслигини айтади.

“Масимовнинг ўз ўрнини алмаштириши унинг кўтарилганини ҳам тушганини ҳам англатмайди. Бош вазир лавозими давлат иқтисодий дастурларини амалга оширувчи жой ҳисобланади.

Президент аппаратининг раҳбари эса мамлакатдаги сиёсий менежмент деб тушунсак бўлади. Яъни Карим Масимов ўзининг таъсир доирасини камайтиргани йўқ”, - дейди Дўсим Сатпаев.

Қозоғистон президенти маъмуриятининг собиқ раҳбари Аслан Мусин мамлакатнинг сиёсий жабҳасида кучли таъсир кучига эга бўлган шахс сифатида кўриларди. Бундан сал аввалроқ Назарбоев Мусинни лавозимидан олиб Республика бюджети ижросини назорат қилиш қўмитаси раҳбари этиб тайинлади.

2011 йилнинг декабр ойида Қозоғистон Ғарбидаги Жанаўзен шаҳрида нефтчилар ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилиши ортидан қонли тўқнашувлар бўлган эди.

Минтақага сафар қилган Элбоши Назарбоев ушбу муаммолардан бехабар қолиб кетганини айтган ва вилоят ҳокимини лавозимидан четлатган.

Бундан сал олдинроқ ғарбдаги яна бир вилоят Атирау ҳокими ўз лавозимидан олинди. Нефтга бой бўлган Ақтўбеда ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда.

Ушбу шахслар асли ғарбий бўлгадан бўлган Президент аппаратининг собиқ раҳбари Аслан Мусинга яқин одамлар бўлгани айтилмоқда.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.