BBC navigation

'Учувчисиз бошқариладиган учоқлар оддий покистонликларга таҳдид солмоқда'

Сўнгги янгиланиш 25 сентябр 2012 - 16:51 GMT

Америка жосуслик хизмати томонидан Покистон шимоли-ғарбида учувчисиз бошқариладиган учоқлардан уюштирилган ракета ҳужуми сатҳига кўмакка келган одамлар ундан кейинги ҳужумларнинг қурбонига айланишган, айримлари яраланишган.

Бу ҳақда Стандфорд ва Нью Йорк университетларининг қўшма ҳисоботларида айтилади.

Янги ҳисобот муаллифларига кўра, жиддий далиллар бўлса-да, Америка ҳукумати бу каби ҳужумларда оддий инсонлар жабр кўришларини деярли тан олмай келади.

Ҳисоботда айтилишича, учувчисиз учоқлардан икки мароталаб ҳужумлар қилиниши жароҳатланганларга ёрдамга шошган маҳаллий аҳоли ё-да бошқалар томонидан уринишларининг кечиктирилишига сабаб бўлмоқда.

Аён бўлишича, бу каби ҳужумларда нишонга олинганларнинг аксари юқори лавозимли қўмондонлар эмас, оддий жангарилардир.

Ҳисобот хулосасига кўра, учувчисиз учоқлардан ҳужумлар самарасиз, зарар етказувчи ва Покистон шимоли-ғарбида яшовчи аҳоли учун кўплаб азият етказади.

Америкалик ёрдам ташкилотларидан бирида ишловчи ва Вазиристонда фаолият кўрсатган ходимлардан бирининг айтишича, бу каби ҳужумлардан қўрқув маҳаллий аҳоли орасида америкаликларда 11 сентябр ҳужумларидан сўнг вужудга келган қўрқув билан баробардир.

Дрон ҳужумларида ўлдирилганлар орасида юзлаб тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.

Ушбу мустақил ҳисоботга буюртма берган Британиянинг Reprieve хайрия ташкилотига кўра, бутун Вазиристон минтақаси аҳолиси осмондан келувчи ўлим таҳликаси остида яшайдилар.

Бу каби ҳужумларда ҳалок бўлганларнинг аксари жангарилар, дея ишонилса ҳам ўлдирилганлар орасида юзлаб тинч аҳоли вакиллари ҳам бор.

АҚШ расмийлари учувчисиз учоқлардан ҳужумлар ҳақида камдан-кам ошкор гапирадилар.

Лекин ўтмишда Америка жосуслик хизмати бу ҳужумлар аниқ нишонга олувчи, аҳоли орасидан қурбонлар сонини иложи борича камайтириш ва Америка душманларини йўқ қилишга қаратилганлигини айтиб келган.

24 сентябр тунда ҳам Покистоннинг қавмлар яшовчи Шимолий Вазиристон минтақасидаги Мир Али шаҳрида дрон ҳужуми уюштирилган.

Ҳужумда саккиз жангари ўлдирилгани хабар қилинган.

Улар орасида ўзбеклар ва тожиклар бўлган.

Ўтган ўн йилдирки, Покистоннинг айни шу минтақаларидан Ўзбекистон Исломий Ҳаракати аъзолари бошпана топганлар.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати ўз раҳбарлари Тоҳир Йўлдош ва Одил Усмон дронлар ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатган.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.