BBC navigation

'Россия Қирғизистонни ташқи тажовуздан ҳимоя қилади'

Сўнгги янгиланиш 27 сентябр 2012 - 08:35 GMT

Қирғизистон Президенти Алмазбек Атамбаев Россия Қирғизистонни ташқи ҳарбий тажовуз ва ё террор ҳужумларидан ҳимоя қилиши мумкинлигини айтган.

Президент Атамбаевнинг изоҳлари Россия билан янги келишувларга эришилиши ортидан янграган.

Унга кўра, аввал Қирғизистонда Россия ҳаво базасини жойлаштиришга оид мавжуд келишувида бундай жумла бўлмаган.

Шунингдек, миллий телевидение орқали чиқишида Атамбаев жаноблари расмий Москва Қирғизистон армияси учун ҳарбий жиҳозлар етказиб бериши ҳақида ҳам айтган.

"Кўплар 4.5 миллион долларлик энг кичик миқдорли ижара ҳақи ҳақида гапиришади. Аммо, биз катта ҳажмда Россиядан замонавий қурол оламиз. Армиямиз Россия кўмаги билан қайта жиҳозланади", деб айган Қирғизистон раҳбари.

'ГЭС қурилади'

Президент Атамбаев Ўзбекистоннинг очиқ қаршилигига қарамай, Қамбарота-1 ГЭСни қуриш режаси амалга оширилишини билдирган.

"Албатта, биз уларнинг қўрқувларини тушунамиз, аммо биз ҳамкорликка тайёр эканимизни айтаяпмиз. Биз ҳамма нарсани очиқ қиламиз. Аммо, бу лойиҳа амалга ошиши керак. Биз уни барпо этамиз. Аввало, биз учун очиқчасига қиламиз. Иккинчидан, биз кимдир пўписа қилса, қўрқадиган мамлакат эмасмиз. Ҳамма буни тушуниши керак. Биз мустақил давлатмиз", деб айтган Қирғизистон Президенти.

Атамбаев жанобларига кўра, Қамбарота-1 лойиҳаси Шўролар даврида Тошкентдаги илмий -тадқиқот институтларидан бирида ишлаб чиқилган.

Алмазбек Атамбаевнинг айтишича, лойиҳа Ўзбекистон учун ҳам фойдалидир. "Ҳозир сув қишки мавсумда қўйиб юборилади... Қамбарота-1 қурилганидан кейин Қамбаротадан чиқарилган сув Тўқтоғулга тўпланади. Ёзда биз ўзбеклар ва қозоқларни сув билан таъминлашга қодир бўламиз", деб айтган қирғиз раҳбари.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов яқинда Қирғизистон ва Тожикистоннинг ГЭСлар қуриш режаларига ишора қиларкан, минтақада сув туфайли уруш келиб чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирганди.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.