BBC navigation

Президент нега аҳолини икки йилга озиқ-овқат ғамлашга чақирмоқда?

Сўнгги янгиланиш 28 сентябр 2012 - 10:03 GMT

Минтақадаги энг қашшоқ давлатлардан бири бўлган Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмоннинг сўнгги даъватини айрим таҳлилчилар Марказий Осиёдаги эҳтимолий можаролар хавфи билан ҳам боғлашмоқда.

Президент Раҳмоннинг ўзи эса, чоршанба кунги мурожаатининг сабабини бу йил қишнинг қаттиқ келиши ва узоққа чўзилиши билан изоҳлаганди.

Аммо, Душанбедаги мухбирларимизга кўра, тожик раҳбарининг чиқиши ортидан гидрометереология маркази ходимлари билан боғланишганида, улар ўзларида ҳозирча бу каби маълумот йўқлигини айтишган.

"Устига устак, Тожикистон гидрометереология марказлари ҳалича об-ҳавони узоққа башорат қилиш салоҳиятига эга эмаслар. Фақат беш кун ҳақидагина олдиндан маълумот беришлари мумкинлиги ҳақида-ку, айтиб ўтирмаса ҳам бўлади", дейди мухбиримиз Искандар Фируз.

Таҳлилчилар эса, буларнинг барчасини назарда тутиб, президент Раҳмоннинг бу каби даъвати ортида бошқа сабаблар ётган бўлиши мумкин, деган тахминларни илгари суришмоқда.

Мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, экспертлар Ўзбекистон ва Россияда кузатилган қурғоқчиликни назарда тутиб, энг аввало бунинг сабабини ғалла ва ёқилғи маҳсулотлари нархларининг кўтарилиб кетиши эҳтимоли билан изоҳлашмоқда.

Аммо, унга кўра, сўнгги йилларда минтақада нарх-наволар муттасил равишда ошиб бораётганини назарда тутиб, президент Раҳмоннинг чиқишини қўшни давлатлардан келаётган таҳдид ёки минтақада вазиятнинг издан чиқиб кетишига оид хавотирлар билан боғлаётганлар ҳам йўқ эмас.

Аҳоли муносабати

Тожикистондаги мухбирларимизга кўра, президент Раҳмон илк бор бундай даъват билан чиқмаётгани учун, аҳоли унинг чиқишини жиддий олмай, ҳазил-ҳузул билан муносабат билдирмоқда.

Маҳаллий кузатувчилар эса, Тожикистонда бунинг учун ижтимоий-иқтисодий асосларнинг умуман йўқлигини айтиб, мамлакат раҳбари чақириғига қулоқ тутишнинг ўзи имконсизлигини таъкидлашади.

Уларга кўра, аҳоли икки йилга озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлайдиган бўлса, бунинг учун улкан молиявий захиралар лозим.

Кузатувчилар одамларда бундай пулнинг ўзи йўқлиги, мамлакат аҳолисининг ярмига яқини ночорликда ва ўзга юртларда меҳнат муҳожирлигида банд яқинлари юбораётган пуллар ҳисобига кун кечиришларини айтишади.

Улар, бошқа томондан, Тожикистон бозорларининг сотувга чиқариш учун бунча катта миқдордаги озиқ-овқат захираларига эга эмаслигини айтиб, аҳолининг пули бўлган тақдирда ҳам, икки йилга ғамлаб қўйиш даражасида маҳсулот сотиб олишлари имконсизлигини урғулашади.

Маҳаллий кузатувчилар наздларида бу каби даъватлар аксилсамара бериб, мамлакат бозорларида нарх-наволарнинг оммавий равишда кескин кўтарилишига олиб келиши мумкин.

Президент Раҳмон мурожаатининг қанчалик ноамалий экани сабабларига тўхталаркан, улар бунинг учун аҳолида катта миқдордаги озиқ-овқат захираларини сақлаш учун, ҳеч бўлмаганда, энг оддий шарт-шароитлар бўлиши тақозо этилишига эътибор қаратишади.

Улар катта сондаги одамларнинг тирикчиликлари ҳавас этиб бўлмайдиган даражада эканлигини назарда тутиб, бу ҳақда сўз юритишнинг ўзи ортиқча эканини айтишади.

Кузатувчилар, ўз ўрнида, айнан куз, қиш ва баҳор ойларида мамлакатда электр энергияси қанчалар тақчил бўлиши, сотиб олинган маҳсулотларни ҳеч қанақасига икки йилга сақлаб бўлмаслигини таъкидлашади.

"Шунинг учун ҳам аҳоли президент Раҳмоннинг бу каби чиқишларига деярли эътибор бермайди", дейди мухбиримиз Искандар Фируз.

Унга кўра, шу сабабдан ҳам, мамлакат раҳбарининг чиқишидан икки кун ўтган бўлса ҳам, мамлакат бозору дўконларида тало-тўплар кузатилмайди ва савдо-сотиқлар ҳам одатдагисидан фарқ этмайди.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.