BBC navigation

Ўзбекистон Эркин Савдо Ҳудудига қўшилади

Сўнгги янгиланиш 28 сентябр 2012 - 15:12 GMT

Эркин савдо ҳудудига қўшилиш ортидан ўзбек автоуловларининг савдоси янада қайнайди

Ялтада МДҲ давлатлари ҳукумат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишида Ўзбекистоннинг ҳам Эркин савдо ҳудудига кириши билдирилган.

Ўзбекистоннинг 2012 йил охирида тўққизинчи иштирокчи сифатида Эркин савдо ҳудудига кириш масаласи шу йилнинг 30 май куни Ашхободда бўлиб ўтган МДҲ давлатлари йиғилишида маъқулланган эди.

Россия доҳил 8 МДҲ давлатлари ўртасида тузилган ушбу Савдо ҳудуди божхона тўловларини имкони борича туширишни мақсад қилган.

Ўзбекистоннинг Савдо ҳудудига қўшилиш қарори хуш қарши олинган

Ўзбекистоннинг МДҲ давлатлари орасида Эркин савдо ҳудудига қўшилиши мумкинлиги ҳақидаги хабар қўшни мамлакатларда хуш қарши олинган.

Интернетда фикр қолдирган ўқувчилар Ўзбекистоннинг бундай ташкилотларда фаолияти уни янада жиддий ва фойдали қилиши мумкинлигини айтишган.

Бироқ минтақада анчайин ўзига хос ва ёпиқроқ иқтисодий сиёсат юритувчи Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотда қанчалик тўлақонли иштирок этиши савол остига ҳам олинган.

Ўзбекистондаги давлат структураларида бир неча йил ишлаган ва айни дамда Қозоғистонда фаолият юритаётган иқтисодчи Сафарбой Жубаев Ўзбекистоннинг турли иттифоқларга қўшилишдан кўра икки томонлама ҳамкорлик қилишни афзал билиб келганини айтади.

Бироқ давлатлараро муаммоларни ечишда Ўзбекистон қўшни давлатлар билан ҳамкорлик қилишга мажбур.

“Давлатлараро муаммоларни ечиш учун, бу ташкилотларга киришнинг аҳамияти катта ва у ерда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш имкони яратилади. Агар ёпиқ сиёсат юритилса ҳеч ким ёрдам бермайди”, - дейди иқтисодчи Сафарбой Жубаев.

Чегаралар очиладими

Қозоғистонлик иқтисодчига кўра ушбу ташкилотга қўшилиш орқали Ўзбекистон ўз иқтисодида кескин ўзгаришлар қилиш мажбуриятида қолиши мумкин. Чегараларни очиш ва пул конвертациясига эркинлик бериш каби қулайликлар яратилиши мумкин.

Бироқ қозоғистонлик яна бир иқтисодчи Мухтар Тайжанга кўра Эркин савдо ҳудудини Божхона иттифоқи билан аралаштирмаслик лозим.

“Эркин Савдо ҳудуди - бу ўзаро савдода божхона тўловлари нархининг нольга тушиши демакдир. Буни Қозоғистон аъзоси бўлган Божхона иттифоқи билан чалкаштирмаслик керак. Мен ушбу ҳуддудни қўллаб қувватлайман. Чунки унда бизнес юритиш учун енгилликлар яратилади ва шу билан бирга суверенитетга таҳдид солмайди. Дунёда жуда кўп давлатлар шундай яшашади”, - дейди Мухтар Тайжан.

Иқтисодчига кўра Савдо ҳудудига қўшилган давлатлар ўз иқтисодини мустақил юритиши ва ҳеч қандай ташқи босимни ҳис қилмаслиги мумкин.

Боз устига ушбу савдо ҳудудига қўшилмоқчи бўлган Ўзбекистон учун ўзига хос истиснолар бўлиши ҳам мумкин.

Ички бозордаги нарх наволарни ушлаб туриш учун автомобиллар олиб киришдаги мавжуд тўловлар сақланиб қолиши мумкин.

Шунга қарамай, ушбу савдо ҳудудига қўшилиш Ўзбекистон учун фойдали бўлиши тахмин қилинмоқда.

Иқтисоди ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришга асосланган Ўзбекистон маҳсулотларни сотишда эркинликларга эга бўлиши ва бу мамлакатга қўшимча валюта олиб келиши мумкин.

МДҲ бозорларини Хитой моллари эгаллаган бир вақтда ушбу савдо ҳудуди минтақадаги ишлаб чиқарувчилар учун ўзига ҳос ҳимоя воситасини ҳам яратиши башорат қилинмоқда.

МДҲ Эркин савдо ҳудуди 2011 йили октябр ойида 8 давлат ўртасида тузилган, унга Россия, Украина, Беларуссия, Қозоғистон, Арманистон, Тожикистон, Молдова ва Қирғизистон аъзо бўлган эди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.