BBC navigation

'Қирғизистондаги миллий озчиликлар борасида хавотирлик аригани йўқ'

Сўнгги янгиланиш 3 октябр 2012 - 13:34 GMT

"Миллий озчиликлар тақдиридан хавотирлик аригани йўқ"

Америка Қўшма Штатларининг Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотидаги вакиллиги дунёдаги миллий озчиликлар вазияти бўйича чиқишида Қирғизистондаги вазиятга эътибор қаратган.

АҚШ вакили ўз чиқишида, Вашингтон 2010 йилдан бери Қирғизистондаги ўзбеклар тақдиридан хавотирда экани ва полициянинг бедодлиги зудлик билан тўхтатилиши лозимлигини урғулаган.

Куни кеча Варшавада Оврўпода Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг инсон ҳуқуқларига бағишланган йиллик анжумани доирасида "Қирғизистонда миллий озчиликлар: Дардга даво излаб" мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Дастлаб айни тадбир ташаббускори бўлган Алишер Навоий Институти ижодкорлари томонидан суратга олинган, Қирғизистон жанубидаги қонли воқеалардан сўнг икки йил ўтгач ҳам бу мамлакатда миллатларо муносабатларнинг ҳамон аянчли ҳолатда қолаётгани ҳамда ўзбеклар ва қирғизлар орасидаги ришталарни қайта тиклаш чораларини излашдан ҳикоя қилувчи янги фильм намойиш этилган.

Аммо халқаро ҳамжамиятнинг бу каби чиқишлари Қирғизистондаги миллий озчиликлар билан бўлган вазиятга қанчалар ижобий таъсир кўрсатмоқда?

Би-би-си Оврўпода Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти анжуманида иштирок этган журналист Шарифжон Аҳмедов билан суҳбатлашган.

Шарифжон Аҳмедов: Аввало шуни айтиш керак, шу вақтга қадар Қирғизистон жанубида 2 йил аввал ўзбек аҳолисига нисбатан содир қилинган хунрезликларни бир қатор халқаро ташкилотлар тафтиш қилди, уларнинг ҳар бири ўз хулосаларида қирғиз ҳукуматига аниқ тиниқ хулосаларини ва тавсияларини беришганди. Бу тавсияларда ўша воқеалар бўйича маҳкамага тортилган асосан ўзбек миллатига мансуб бўлганлар ишларини адолатли қайта кўриб чиқиш, хунрезликнинг ҳақиқий айбдорларини топиб, уларни муносиб жазога тортиш ва умуман, навбатдаги эҳтимолий низоларнинг олдини олиш учун Қирғизистонда янгича миллий сиёсат олиб бориш кераклиги ҳақида жиддий чақириқлар бор. Лекин минтақа бўйича иш олиб бораётган мутахассисларнинг эътирофича, бу тавсияларнингбарчаси қирғиз расмийлари томонидан эътиборсиз қолдириляпти. Аксинча, қирғизларнинг бошқа миллатлардан устунлигини бўлар бўлмасга тарғибот қилиш кампанияси авж олдириляпти. Яқинда Варшавада ОХҲТнинг йиллик анжумани доирасида ўтказилган давра суҳбатида ҳам бу ҳақда жиддий сўзлар айтилди. Масалан, бу тадбирда қатнашган Халқаро тадқиқот комиссияси раҳбари Киммо Кильюнен Ўш ва Жалолободдаги қонли воқеаларда ўзбекларни асосий айбдор сифатида кўрсатиб, уларни муттасил абгор қилиш амаллари давлат раҳбарлари даражасида ҳам давом эттирилаётганидан афсус билдирди. Чунки, бу комиссия ўз хулосаларида ўзбек аҳолиси зўравонликларда айбдор эмаслигини кўрсатиб ўтган, аксинча, уларга, яъни ўзбек аҳолисига нисбатан содир этилган ўта оғир жиноятлар инсонийликка қарши жиноятлар сифатида таърифлаганди.

Би-би-си: Халқаро ҳамжамиятнинг Қирғизистон ҳукуматига миллий масалада кўрсатаётган босими ҳукуматни бирор амалий қадамлар қўйишга ундамоқдами? Бу босим ишлаётганига бирор бир аломатлар пайдо бўлдими?

Шарифжон Аҳмедов: Умуман, бу саволга ҳам бирор умид уйғотадиган тарзда жавоб қилиш қийин. Чунки, ҳамкорларимизни айтишича, умуман, у ердан келаётган информация оқимини таҳлил қилсак, вазият аввалги йиллардагидек бўлмаса ҳам барибир нафақат ўзбеклар, қирғизлардан бошқа миллатлар учун ҳам оғирлигича қоляпти. Жанубдаги ўзбеклар маиший даражадан, яъни кўча-кўйдаги муносабатлардан тортиб, давлат идораларидаги муносабатларда ҳам кучли босим остида қолишган. Уларнинг кўплари ўша қирғин вақтида яқинларини йўқотишган, уй-жойларидан ажралган, кимнидир отаси, ёки ака-укалари сохта айблар билан узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган, улар бу ишларда бўйича қандайдир маънода адолат бўлишидан умидларини узишган. Минтақадаги манбамизнинг таъриф беришича, ўзбеклар бугун ўз юртларида ҳар қадамда бегонага айланганларини сезиб яшашяпти. Шунинг учун ҳам имкони борлар мамлакатни ташлаб чиқишда давом қилишяпти...

Би-би-си:Аммо мамлакат жанубида вазият бир қадар ўнгланмоқда эмасми? Уч тилли, хусусан ўзбек тилида радиодастурлар иш бошламоқда - янги ўзбекча газета чиқмоқда?

Шарифжон Аҳмедов: Тўғри, шу йилдан бошлаб, бир неча ўзбекча газеталар чиқа бошлади, радиодастурлар эфирга узатиляпти. Масалан, Бишкекда ўзбек тилида “Олам” номи билан газета нашр қилиняпти, “Интимақ” деган қирғиз ва ўзбек телерадиокомпанияси фаолиятини бошлаган. Лекин амалда ҳаммаси мураккаб. Яъни, ўшлик ўзбек журналистларининг айтишича, бугун Қирғизистон жанубида ўзбек журналисти сифатида ишлаш ҳалиям хатарли. Ўзбек тилидаги матбуот расмийларнинг кучли босими остида. Бу газеталарнинг кўплари ҳақиқий вазиятни ёрита олиш имконидан маҳрум, улар асосан бошқа нашрларда чиқаётган материалларни қайта чоп қилиш, яъни дайджест форматидагина ишлай олишади. Шундай экан, бу соҳада қандайдир вазият юмшаганлиги ҳақида гапиришга ҳам ҳозирча жуда эрта.

Би-би-си: Халқаро ташкилотлар - икки миллат орасида, дейлик қўни қўшни даражасида алоқаларни яхшилаш юзасидан ҳам маслаҳату кўмак бермоқдами?

Шарифжон Аҳмедов: Бу тўғрида яна ўша Халқаро комиссия хулосаларига қайтадиган бўлсак, унда Қирғизистонда этномиллатчилик кўринишларига қарши жиддий позиция ишлаб чиқилиши, мамлакатнинг миллий ранг баранглигини ҳисобга олиш, матбуот воситалари учун ахлоқ кодекси ишлаб чиқиш, сохта айбловлар билан қамалганлар ишларини буткул қайта кўриб чиқиш ҳамда вазиятнинг издан чиқиб кетишида айбдор кўрилган хавфсизлик кучлари фаолиятини тафтиш қилиш каби қатор тавсиялар бор. Қирғиз томони биринчи ўринда шу каби нарсаларни бажариши керак дейиляпти. Энди яна бошқа томондан, Алишер Навоий Институти ижодий гуруҳи тайёрлаган навбатдаги фильмда ҳам икки халқ орасидаги яхши қўшничилик муносабатларини тиклаш учун нималар қилиши кераклиги ҳақида икки миллат зиёлилари жиддий мулоҳазалар қилишган. Ажабмас, бу фильм яқин орада томошабинларга намойиш қилиб қолинса ва минтақа икки миллат ўртасидаги кўприклар тикланиши йўлида ҳисса қўшса...

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.