BBC navigation

Ўзбекистон ва Туркманистон янги транспорт йўлагига қўшилмоқчилар

Сўнгги янгиланиш 3 октябр 2012 - 09:59 GMT

Президент Каримовнинг Ашхободдаги музокаралари якунида Ўзбекистон билан Туркманистоннинг Хитой-Қофқоз-Туркия транспорт тармоғига қўшилиш истагида эканликлари эълон қилинди.

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Туркманистонга сафари мобайнида минтақавий хавфсизлик, трансчегара дарёларидан фойдаланиш масалалари ҳам муҳокама этилгани хабар қилинди.

Музокаралар чоғида Туркманистоннинг минтақавий дарёлардан фойдаланиш масаласида Ўзбекистон мавқесини қўллаб-қувватлаши изҳор этилган.

Айрим таҳлилчилар Президент Ислом Каримовнинг Ашхободга сафаридан кўзланган мақсад, "сув дипломатияси" экани ҳақида хабар қилган эдилар.

Музокаралар якуни бўйича ўтказилган брифингда Президент Гурбангули Бердимуҳамедов, Туркманистон сув-энергетика масалаларини халқаро ҳуқуқнинг жаҳонда эътироф этилган меъёрлари асосида ҳал этилиши тарафдори эканини айтган, бу масалалар ўзаро ҳурмат ва минтақадаги барча мамлакатлар манфаатларини инобатга олиб ечилиши керак, деган.

Бундан олдин Президент Ислом Каримовнинг Остонага сафари пайтида сув-энергетика масалаларида Ўзбекистон ва Қозоғистон якдил эканлари эълон қилинганди.

Ашхободдаги Ўзбек ва Туркман президентлари баёноти Россия Президенти Владимир Путиннинг Тожикистонга расмий сафари арафасида янгради.

Ўзбекистон ва Туркманистон номидан эълон қилинган баёнотда мамлакатлар Хитойни Оврўпо билан боғлайдиган транспорт-транзит тизимига уланиш хоҳишини билдирганлар.

Президентлар қўшма баёнотида "Навоий-Туркманбоши-Боку-Тбилиси-Карс транспорт лойиҳаси муҳимлиги" урғуланган.

Президент Ислом Каримов ва Президент Гурбангули Бердимуҳамедов Хитойни Каспий денгизи соҳили билан боғлайдиган, минтақадан йўл чиққан юкларни Эроннинг Форс кўрфазига олиб чиқадиган йўлларни, Марказий Осиё-Хитой, Марказий Осиё-Оврўпо йўналишларини муҳокама этганлари ҳақида гапирганлар.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.