BBC navigation

Қирғизистондаги сўнгги сиёсий беқарорликлар нимани англатади?

Сўнгги янгиланиш 4 октябр 2012 - 14:04 GMT

Ташиев жаноблари (ўртадаги) ўта мубоҳасали сиёсатчи сафтида таърифланади

Бишкекда чоршанба куни ташкил этилган норозилик акцияси ортидан "Ата Журт" партияси раҳбари Қамчибек Ташиев ва кечаги норозилик акциясини уюштиришда иштирок этган яна икки депутат 48 соатга ҳибсга олинган.

Шу икки кун ичида мухолифатчилар ё озод қилинади ва ё уларга нисбатан расман айблов қўйилади.

Улар одамларни қонуний ҳукуматни ағдаришга ундашда айбланишлари мумкин.

Бу анча жиддий айблов ва кўплаб таҳлилчилар, мухолифачиларга депутатлик дахлсизлиги ҳам ёрдам бермаслигини айтишмоқда.

Оламоннинг мухолифат лидери Қамчибек Ташиев бошчилигида Бишкекдаги парламент биноси ва президент маъмурияти жойлашган Оқ Уйни босиб олишга уринишини баъзилар "Учинчи қирғиз инқилоби", айримлар эса, қип-қизил безорилик сифатида таърифлашмоқда.

Бугун унинг таянч нуқтаси дея билинган жанубдаги Жалолобод шаҳрида одамлар йиғилишган ва унинг ҳибсга олинганига норозилик билдиришган. Одамлар Ташиевнинг озод қилинишини талаб қилишган.

Намойиш тинч ўтаётгани, катта бир тартиббузарликлар бўлмагани хабар қилинади.

Лекин, Би-би-си Қирғиз Хизматидан Венера Қўйчиевага кўра, бу каби намойишнинг ўзи мамлакатдаги иқтисодий аҳвол жуда қийин аҳволда экани ва халқ орасида норозилик ҳисси кучли эканидан дарак беради.

Яқин кунларда Ўш ва Жалолобод каби аҳолиси катта вилоятларда нон ва ёқилғи нархлари ошиб кетган ва бундан халқ норози экани айтилади.

Венера Қўйчиевага кўра, "ё сиёсатчилар норозилик муҳитидан ўз мақсадларида фойдаланиб қолишмоқчи ёки бу яна бир ҳақиқий норозилик тўлқини".

'Қумтор' бир баҳона'

"Чоршанба кунги норозилик акциясига баҳона - "Қумтор" олтин конини давлат тасарруфига ўтказиш талаби бўлди", дейди Венера Қўйчиева.

Ҳозирда "Қумтор" конига эгалик қилувчи "Центераголд" ширкати ва ҳукумат орасидаги келишувдан жамоатчилик норози, чунки кўплар фикрича, бу Қирғизистон манфаатларига зид тушади.

Улар аксар қазиб олинган олтин хорижга олиб кетилаётгани, олинган фойданинг жуда кичик қисми қирғиз бюджетига тушаётганини айтишади.

"Яқинда Қирғизистон Бош вазири ширкат билан яна бир бор учрашиши ортидан ширкат раҳбарияти ўзаро келишув ўзгаришсиз қолишини айтди. Ва айнан мана шу баёнот кечаги норозиликка туртки ёки баҳона бўлди дейиш мумкин", дейди Венера Қўйчиева.

Видеоклип нима дейди, Ташиев нима дейди?

Кеча интернет саҳифаларида пайдо бўлган қатор видеоклипларда жаноб Ташиев оломонни парламент биноси томон бошлаб бораётганидек ва уларни нимагадир ундаётгандек кўринади.

Аммо, "Ата Журт" партияси раҳбари буни рад қиларкан, "одамлар Оқ Уйга ўз ишларига" бораётган бўлганларини айтган.

"Бу видеони жуда кўплар томоша қилишди, кўп хабар агентликлари ўз сайтларида нашр қилишди. Агар Ташиев жаноблари видеони ўз кўзи билан кўрса, ўз раддиясини изоҳлаб бериш жуда мушкул бўлса керак. У видеода "Чингизхон 17 аскари билан ҳокимиятни босиб олган, агар сизнинг орангизда 20 нафари топилса, қани ҳозир ҳокимиятни ишғол қилайлик", деб айтгани аниқ кўринади", дейди Би-би-си Қирғиз Хизматидан Венера Қўйчиева.

Жаноб Ташиев ўзи ким?

Қамчибек Ташиев қирғиз сиёсатидаги нисбатан янги шахс.

У айниқса Ўш воқеаларидан кейин яхши танилган. Ташиев жаноблари ўта мубоҳасали сиёсатчи сафтида таърифланади.

Бир томондан уни кўплар халқнинг ғамини кўтарадиган ватанпарвар сифатида билади. Бошқа томондан эса, у миллатчи раҳбар деч кўрилади.

Бунга унинг "Қирғизистонда биринчи ўринда қирғизларнинг манфаатлари ҳимоя қилиниши керак" деган баёнотлари сабаб бўлган.

"Ўш ҳодисаларининг илк кунларида ҳукм сурган мавҳум вазиятда Ташиевни қирғизлар ўзларига "посбонидек бир сиёсатчи" ўлароқ қабул қилганлар. Шунинг учун, унинг "миллатчи" деган имиджи бор", Венера Қўйчиева.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.