BBC navigation

Россия ҳарбий базаси Тожикистонда яна 30 йилга қолади

Сўнгги янгиланиш 6 октябр 2012 - 15:20 GMT

Мухбиримизнинг айтишича, Владимир Путин ҳам бекорга атайдан бу санага мослаб, Душанбега ташриф буюрмаган

Таҳлилчиларга кўра, Россия раҳбарининг Тожикистонга икки кунлик расмий ташрифи чоғида сўнгги пайтларда минтақада кескин зиддиятларга сабаб бўлаётган сув муаммоси албатта кун тартибида бўлади.

Россия Президенти 20 сентябр куни Бишкекка қилган сафари чоғида ҳам Қирғизистондаги ҳарбий иншоотларидан фойдаланиш муддатини узайтириш эвазига Қамбарота ГЭСини қуришга ёрдам беришга ваъда берганди.

Шўро даврида минтақадаги сув захиралари, энергия савдоси ва бошқа рақобатли масалалар марказдан туриб, ҳал этиб келинган.

Таҳлилчиларга кўра, Марказий Осиёда ўз манфаатларига эга бугунги Россия раҳбарияти учун бу нарса ҳозир ҳам қўл келмоқда.

Чунки Владимир Путиннинг уч минтақа давлатига сафари Ўзбекистоннинг кузатувчилар асосан Ғарб билан яқинлашиш истаги билан изоҳлаган Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотидан чиқиш қароридан унча кўп ўтмай кузатилмоқда.

Таҳлилчиларга кўра, шу ой бошида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг Остонада айтган сўзлари минтақадаги сув муаммоларига оид баҳсу мунозараларни янада қизитган.

Ислом Каримов Қирғизистон қуриш истагида бўлган Қамбарота ва Тожикистоннинг Роғун ГЭСи "лойиҳалари Марказий Осиёда нафақат жиддий зиддиятлар, балки урушга ҳам олиб келиши мумкин"лиги билан огоҳлантирганди.

бу ерга босинг Владимир Путин Роғун ГЭСи қурилишини қўллаб-қувватлайдими?

Ўзбекистон президенти электр ишлаб чиқариш учун йирик ГЭСлар ва уларни ишлатадиган улкан сув тўғонлари қураётган Қирғизистон ҳамда Тожикистонга мурожаат қилиб, Амударё ва Сирдарё қуйи оқимларида жойлашган қўшни мамлакатларнинг манфаатларини ҳисобга олишга чақирганди.

Чунки нафақат Ўзбекистон, балки Қозоғистон ва Туркманистон ҳам бу каби лойиҳаларга қаршилик кўрсатиб келишади.

Ўзбекистон раҳбари эса, ўтган бир ойнинг ичида ҳам Қозоғистон ва ҳам Туркманистонга сафар қилган ва таҳлилчилар президент Каримовнинг хатти-ҳаракатларини бу масалада уларнинг дастакларини қўлга киритиш нияти билан изоҳлашганди.

Айни ўринда шуни таъкидлаш жоизки, Қирғизистонга ГЭСларини қуришга оид берган ваъдасидан фарқли тарзда, на-да Россия раҳбарияти ва на-да ширкатлари Тожикистон қуриш ҳаракатида бўлган Роғун ГЭСи борасида бундайин мавқеъни намоён этишган.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра, жорий пайтда ушбу зиддиятли ГЭС сабаб, расмий Тошкент билан сан-манга бориш Кремлнинг манфаатларида эмас.

Аммо, Тожикистондаги мухбиримиз Искандар Фирузнинг айтишича, Душанбедаги музокаралар чоғида томонлар Тожикистонда учта ўртача катталикдаги ГЭСларни қуриш масаласини муҳокама этиб олишлари мумкин.

Ҳарбий базалар масаласи

201-сонли Россия ҳарбий базасининг Тожикистонда қолиш муҳлати 2014 йилда ўз поёнига етади

201-сонли Россия ҳарбий базасининг Тожикистонда қолиш муддатини яна 49 йилга узайтириш жаноб Путин сафаридан кўзланган асосий мақсад экани айтилганди.

Чунки бу каби келишув расмий Москванинг келаси бир неча ўн йил ичида Марказий Осиёдаги ҳарбий ҳозирлигини таъминлайди.

Яъни икки ҳафта бурун Қирғизистон билан имзоланган битимларига мувофиқ, Россия Қирғизистондаги ҳарбий иншоотларини ҳам сақлаб қолади.

Аммо, сўнгги хабарлардан аён бўлишича, томонлар бугун 30 йилга мўлжалланган битимни имзолашган, холос. Бу - Россиянинг Тожикистонда 2042 йилгача қолишини таъминлайди.

Бунинг эвазига Россия томони янада кўпроқ тожикистонлик меҳнат муҳожирларига ўз эшикларини очади.

Расмий Душанбе шу пайтгача Россия ҳарбий базасининг ўз ҳудудида расмий Москва истаётганидек 49 йил эмас, 39 йил қолиши истагида эканини баён қилиб келаётганди.

201-сонли Россия ҳарбий базасининг Тожикистонда қолиш муҳлати 2014 йилда ўз поёнига етади.

Мухбиримиз Искандар Фируз томонлар энергетика, маданий ва ҳарбий-техник соҳаларда ҳамкорлик қилиш масалаларини ҳам муҳокама этишларини айтади.

Аммо, унга кўра, Россия томони аллақачон Тожикистон истаган нархда муайян миқдорда ёқилғи маҳсулотлари етказиб беришга ваъда берган.

"Юбилей" ташрифи

Яъни жаноб Путин тожикистонлик ҳамкасбини таваллуд куни билан шахсан табриклаши мумкин бўлади

Бошқа томондан, таҳлилчиларга кўра, президент Раҳмоннинг 60 йиллик юбилей санасига тўғри келаётгани билан Россия раҳбарининг Душанбега ташрифи ўзига хос аҳамият касб этади.

Айрим минтақавий таҳлилчиларга кўра, бу нарса яқинда Тоғли Бадахшонда кечган ва ўнлаб кишиларнинг умрларига зомин бўлган қуролли низолар ортидан президент Раҳмоннинг дарз етган обрўйини яхшилашга хизмат қилади.

Уларнинг айтишларича, юз берган низолар хорижий кучларнинг Афғонистондан сафарбарлиги арафасида расмий Душанбени мамлакатдаги вазиятнинг издан чиқиб кетиши хавфини бошқача баҳолашга ундаган.

Таҳлилчилар бунга мисол қилиб, Тоғли Бадахшонда кечган воқеалар ортидан Россия ва Тожикистон ўртасида ҳарбий базанинг тақдирига оид музокараларнинг қанчалик жадаллашиб кетгани воқеълигини келтиришади.

Сўнгги хабарларга кўра, жаноб Путин тожикистонлик ҳамкасбини таваллуд куни билан табриклаб, унга Россияда ишланган милтиқ совға қилган.

Мухбиримиз Искандар Фируз, ўз ўрнида, масаланинг бошқа томонига ҳам диққатни тортади.

Унга кўра, Тожикистонда президентлик сайловларининг келаси йилга режалангани назарда тутилса, президент Раҳмон, сўзсиз, Россиянинг сиёсий дастагига эҳтиёж сезади.

"Бугун кечқурун президент Путин шарафига уюштирилаётган зиёфат чоғида ушбу масалаларнинг ҳам муҳокама этиб олиниши тайин. Устига устак, президент Раҳмоннинг туғилган куни эмасми, Россия раҳбари унга шахсийсидан ташқари, давлатлараро алоқалар мазмунида ҳам нимадир ҳадя қилиши мумкин", дейди у.

Мухбиримизнинг айтишича, Владимир Путин ҳам бекорга атайдан бу санага мослаб, Душанбега ташриф буюрмаган.

Унга кўра, бу - расмий Кремлнинг Тожикистон билан ҳамкорлик қилиш ва муайян масалаларда ён беришларга боришига эришиш учун бераётган сиёсий ишорасидир.

Мухбиримиз Россия раҳбарлари жаноб Раҳмонни бундан аввал ҳам таваллуд айёми билан табриклаб келишган эсалар-да, уларнинг барчаси МДҲ давлатлари доирасидаги турли хил саммитларга тўғри келгани, аммо бу гал жаноб Путин атайдан расмий ташриф билан шу санада Душанбега келганини алоҳида урғулайди.

-------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------------

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.