BBC navigation

Қирғизистон: Ҳаж зиёрати олдидан эмланган аёл ҳаётдан кўз юмган

Сўнгги янгиланиш 9 октябр 2012 - 12:57 GMT

Расмийларга кўра, бўлажак ҳожилар грипп ва бошқа юқумли касалликларга қарши эмланганлар.

Қирғизистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулованинг маълум қилишича, прокуратура Ҳаж зиёрати олдидан эмланганидан кейин кекса аёлнинг вафот этгани юзасидан текшириш олиб бормоқда.

Бўлажак зиёратчилар Ўш вилоятининг Қорасув туман масжидида 23 сентябр куни эмланганларидан кейин Қорасувнинг Жийдалигидан бўлган 66 ёшли Ҳабиба ая Фирдавсхонова ва унинг турмуш ўртоғи Султонхон Фирдавсхоновнинг аҳволлари оғирлашган, орадан тўрт кун ўтганидан кейин Ҳабиба Фирдавсхонова ҳаётдан кўз юмган.

Би-би-си билан суҳбатда инсон ҳақлари фаоли Азиза Абдурасулова бўлажак ҳожиларнинг эмланиши юзасидан қатор саволлар юзага чиққани ва текширишлар натижасида ушбу саволларга жавоблар топилиши лозимлигини айтган.

23 сентябр куни бу йилги Ҳаж зиёратига отланган ҳамманинг Қорасув масжидига касаликка қарши эмлаш учун йиғилишлари лозимлиги айтилади.

Фаоллар ўша куни Қорасув масжидида қанча одам эмлангани ҳақида аниқ маълумот тўплаш имкони бўлмаганини айтишган.

Саудия Арабистонига йўл олаётган зиёратчилар эмланиши мажбурийлиги ҳақидаги келишув Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги билан мамлакат мусулмонлари муфтияти ўртасида имзоланган бўлган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу йил Қирғизистондан муқаддас зиёратга отланган 3000 зиёратчининг барчаси учун эмлаш мажбурий бўлган, дейдилар.

Қорасув марказий масжидига келган эмловчи шифокорларнинг Бишкекдан келганлари хабар қилинган.

Қариндошларининг сўзларига кўра, жийдаликлик Ҳабиба ая Фирдавсхонова эмлашдан олдин ўзининг қон босими борлигини айтган, бироқ эмловчилар бу вакцинани аллергияси борлардан бошқа ҳаммага эмлаш мумкин, деб айтишган.

Уйга келишлари билан эр-хотиннинг аҳволлари оғирлашган.

Уларнинг иситмалари чиқа бошлаган.

Фирдавсхоновлар Қорасув масжидидига шифокорлардан вакциналар тури ҳақида маълумот олмоқчи бўлганлар, бироқ бунга эришолмаганлар.

Орадан тўрт кун ўтганидан кейин кекса аёл вафот этган, турмуш ўртоғи Султонхон Фирдавсхонов шифохонага ётқизилган, у ҳозиргача юқумли касалликлар бўлимида қолмоқда.

Қирғизистон мусулмонлари диний идорасидан айтишларича, бўлажак ҳожилар грипп ва бошқа юқумли хасталикларга қарши эмланганлар ва бундай ҳодиса биринчи марта юз беришидир.

Таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Азиза Абдурасулова ушбу ҳодисадан сўнг кўплаб саволлар юзага келган, дейди.

"Авваламбор, бу қандай касалликка қарши эмлов эди? Бизда ҳозиргача бу вакцина қаердан олиб келингани ҳақида маълумот йўқ. Бу эмдорининг сертификати бўлганми? Яна бир муҳим савол, нима учун бўлажак ҳожиларни эмлаш тадбирини бир хусусий тиббий ширкатга юклашга қарор қилинган? Биз бу ҳақда прокуратура ва миллий хавфсизлик қўмитасига хабар қилдик", дейди Азиза Абдурасулова.

Ўш вилоят тиббиёт масъуллари айнан эмлаш Ҳабиба Фирдавсхонова ўлимига сабаб бўлган деб аниқ айтиб бўлмайди, дейишган.

Кекса аёл олдин бир марта инсултни бошидан ўтказганини, шу туфайли унинг организми вакцинани кўтара олмаган бўлиши мумкинлигини айтишган ўшлик шифокорлар.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.