BBC navigation

Тожикистон: иккинчи хотинлар ва уларнинг эрлари нима дейишади?

Сўнгги янгиланиш 10 октябр 2012 - 11:04 GMT

Тожикистондаги бир маҳаллий нодавлат ташкилоти ўтказган тадқиқотга кўра, мамлакатда иккинчи ва учинчи хотин бўлиб турмушга чиққан аёлларнинг 50 фоизга яқини олий маълумотга эга экан.

Тожикистон жанубидаги Қўрғонтеппа шаҳрида фаолият юритувчи "Рушд" номли нодавлат ташкилотининг 500 нафар инсон ( 250 нафар икинчи хотин ва 250 нафар икки ва уч хотинли бўлган эркак) ўртасида ўтказган сўров ана шундай натижа кўрсатган.

Ушбу сўров Қўрғонтеппа, Душанбе, Хўжанд шаҳарлари ва Рашт водийси туманларида ўтказилган.

Сўровда таъкидланишича, иккинчи ёки учинчи хотин бўлиб турмуш қурган аёлларнинг 36 фоизи илгарилари турмушга чиқишмаган экан.

"Рушд" масъуллари сўзларига кўра, улар сўровни 8 йилдан кўпроқ турмуш қурган аёл ва эркаклар ўртасида ўтказганлар.

"Рушд" ташкилотининг раиси Юсуф Маҳмадов Би-би-си билан суҳбатда мазкур сўровдан мақсад кўпхотинлик муаммосига эмас, балки иккинчи ва учинчи хотин бўлиб турмушга қурган аёллар ва уларнинг фарзандлари ҳуқуқларининг поймол этилиши масаласига қаратилганини айтган.

"Сўровда иштирок этган аёллар иккинчи хотин бўлиб турмушга чиқишларига ундаган кўплаб омилларни келтирдилар. Лекин, фақат диний никоҳдан ўтган иккинчи хотинлар, қонуний нуқтаи назардан олиб қаралганда, эрсиз ҳисобланишади. Улар, амалда, ҳеч қандай ҳуқуқий ҳимояга эга эмаслар," - деди Юсуф Маҳмадов.

Унинг илова қилишича, аёлларнинг 24 фоизи уй-жойли бўлиш учун иккинчи хотин бўлишга розилик билдирган эсалар, уларнинг 20 фоизи ёшлари ўтиб қолгани учун иккинчи хотин бўлиб турмуш қуришга мажбур бўлганлар, яна 15 фоиз аёл бўлажак эрларини севиб қолишганини айтганлар.

Эркаклар камайган

Мутахассислар Тожикистондаги кўпхотинлик масаласига турлича ёндашишади.

Қўрғонтеппа шаҳрида аёллар муаммолари билан шуғулланувчи ташкилот масъулининг айтишича, 90-йиллар бошида Тожикистон жанубидан бошланган фуқаролар уруши оқибатида кўплаб эркаклар ва йигитлар ҳалок бўлган.

Унинг ишонишича, айнан шу сабаб ёлғиз аёллар ва "қари қизлар" сони Тожикистонда эркаклар сонидан кўп.

Бошқа тарафдан, баъзи мутахассисларга кўра, бугун минглаб эркаклар ва ёшлар муҳожирликда яшашади ва бу ҳолат мамлакатда кўпхотинликнинг ортишига олиб келган.

Юсуф Маҳмадовнинг айтишича, иккинчи ёки учинчи хотин бўлиб турмуш қурган аёлларнинг аксари 1997 йилдан, яъни Тожикистонда фуқаролар уруши ниҳоя топгач, никоҳдан ўтганлар.

"Эсимизда, Шўролар пайтида ҳам Тожикистонда иккихотинли эркаклар оз эмасди. Аммо, Тожикистон мустақил бўлгач, кўпхотинлик ниҳоятда кўпайди,” - дейди у.

"Рушд" нодавлат ташкилоти фаолларига кўра, икки ёки уч хотини бўлган эркакларнинг ярмидан кўпи олий маълумотга эга экан.

Сўров натижаларидан аён бўлишича, икки ёки уч хотинли эркакланинг 36 фоизи тадбиркорлик билан шуғулланар экан. Шунингдек, кўпхотинли эркакларнинг бир қисми Тожикистон кучишлатар тизимларида ишлаши аниқланган.

Тожикистон қонунларига кўра, мамлакатда кўпхотинлик тақиқланган ва кўпхотинли эркаклар жиноий жавобгарликка тортилади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.