BBC navigation

Жанаўзен ҳодисалари бўйича ёлғон кўрсатма берганини тан олган гувоҳ ҳалок бўлди

Сўнгги янгиланиш 15 октябр 2012 - 14:21 GMT

Жанаўзен воқеалари бўйича маҳкамага тортилганларнинг аксари тергов пайтида қийноққа солинганликларини даъво қилган

Жанаўзендаги оммавий тартибсизликлар бўйича маҳкамада босим остида ёлғон гувоҳлик берганига иқрор бўлган гувоҳ Александр Боженко ҳалок бўлган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари унинг ўлдириб кетилганини даъво қилишмоқда.

Лекин ким томонидан ва қандай ҳужум бўлганлиги тафсилотлари ҳозирча номаълум.

Расмийлар ушбу ҳодиса ҳақида ҳозирча бирон изоҳ бермагналар.

Жаноб Боженко жисмоний босимлар остида ёлғон кўрсатма беришга мажбур бўлганини айтган ва маҳкама жараёнида ушбу кўрсатмаларидан воз кечган эди.

Айни дамда бир гуруҳ қозоғистонликлар Жанаўзен ҳодисаси бўйича судланган 37 нефтчи устидан маҳкама қийноқлар остида ўтгани ва ўз исботини топмаганини айтиб Бош Прокуратурага мактуб билан чиққанлар.

"Либерти" жамоатчилик жамғармаси президенти Галим Агелеуовнинг айтишича, маҳкамада нефтчиларнинг фойдасига қайта гувоҳлик берган Александр Боженкога ҳужум бўлган ва ҳужум натижасида Александр ҳаётдан кўз юмган.

Бу ҳақда Либерти президентига Жанаўзен ҳодисалари бўйича судланганларнинг яқинлари маълум қилган.

"Александр жуда ҳам муҳим гувоҳ эди. Чунки у аввалига аноним равишда Ички ишлар бошқармаси биносидан гувоҳлик берган ва кейинчалик у ердан қўрқмасдан келиб кўрсатма берган гувоҳ эди. Айнан Боженко ҳуқуқ тартибот органлари гувоҳлар билан қандай ишлаганини фош қилган шахс эди", - дейди Галим Агелеуов.

Александр Боженко маҳкама жараёнида босим ва жисмоний қийноқлар остида нефтчиларга қарши ёлғон гувоҳлик берганини тан олган.

У 24 апрел куни Ақтай шаҳар ички ишлар бошқармаси биносидан Қайрат Алписбаев номи остида гувоҳлик берганди.

Ўшанда судланувчилардан бири уни овозидан таниб қолган ва уни тўғрисини айтишдан қўрқмасликка чақирган эди.

Ўшанда Александр йиғлаб ростдан ҳам Боженко эканлигини ва нефтчиларга қарши кўрсатмаларни босим остида бераётганини тан олганди.

Икки кундан кейин маҳкамага келган Александр Боженко ёлғон кўрсатма бериш учун унга нисбатан қандай жисмоний босимлар бўлгани ва бошқа гувоҳларнинг қандай тайёрлангани ҳақида сўзлаб берган эди.

Александр Боженко Жанаўзендаги Болалар уйи тарбияланувчиси бўлган ва 18 ёшдан кейин ўзи мустақил ҳаёт кечирган.

Бугун бир гуруҳ қозоғистонликлар Қозоғистон Бош прокуратурасига мурожаат билан чиққан.

Facebook ижтимоий тармоғи орқали ташкиллаштирилган ушбу мактубга ҳозирча 50дан ортиқ одам имзо чеккан.

Мактубда ёзилишича, тергов жараёнида судланувчилар қийноқларга солинган, таҳдид қилинган.

Маҳкама тортилган 37 айбланувчининг 29 таси ўзларига нисбатан қийноқлар қўлланилганини айтган. Бундан ташқари анонимлари ҳам бор бўлган кўплаб гувоҳлар тергов жараёнида берган гувоҳликларидан воз кечган.

Мактуб ташаббускорлари Бош прокуратурадан ушбу жиҳатларни эътиборга олган ҳолда 37 та жанаўзенлик нефтчининг ишини қайтадан кўриб, ноқонуний судланганларни озодликка чиқаришни сўраган.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.

Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг.

Фикр ва мулоҳазаларни Би-би-сининг таҳририй мезонлари билан кўриб чиққандан кейин эълон қилишимиз мумкин.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.