BBC navigation

Собиқ Қирғиз президенти илмий тадқиқоти учун тақдирланди

Сўнгги янгиланиш 5 ноябр 2012 - 15:23 GMT

Мен сиёсат билан қизиқмайман, 7 йилдан буён иқтисод билан шуғулланаман, дейди Асқар Акаев.

Қирғизистоннинг собиқ президенти Асқар Акаев Кондратьев номидаги олтин медал билан мукофотланган.

XIX асрда яшаган, жамият ва иқтисод ривожининг даврийлигига доир назария муаллифи бўлган рус олими Кондратьев номидаги халқаро мукофот Қирғизистоннинг биринчи президентига Россия иқтисодини замонавийлаштириш билан боқлиқ тадқиқоти учун берилган.

Мукофот таъсисчиларига кўра, жаноб Акаев Кондратъев назариясининг математик асосларини ривожлантира бориб, жумладан, 2008 йилда АҚШда бошланган молиявий инқирозни олдиндан башорат қила билган.

Би-би-си жаноб Акаевдан ўз тадқиқоти тафсилотлари ҳақида гапириб беришни сўради.

Асқар Акаев: Кондратьев тўлқинлари одамларнинг, мамлакатлар ва сиёсатчиларнинг ҳаракатларидан қатъи назар пайдо бўладиган жараёнлардир. Авваллари бу тўлқинлар 50-60 йилда бир содир бўлган бўлса, XXI асрга келиб, уларнинг узунлиги 30-40 йил деб чамаланади. Булар сўзсиз пайдо бўладиган жараёнлар ва бекорга тўлқин деб аталмайди. Бу худди денгиз ёки уммонда пўртана содир бўлиб, ундаги чиркин нарсаларни ювиб кетишига ўхшайди. Бу жамият, жумладан, иқтисод тараққиётининг ҳам даврийлигига асосланган бир назариядир. Кондратьев назарияси асосида иқтисодчилар буни олдиндан башорат қилишлари, сиёсатчилар эса унга олдиндан тайёр туришлари мумкин. Шу йўл билан бу инқирозларнинг оқибатларини енгиллаштириш мумкин. Одамзоднинг таъсири шунда. Масалан, биз 2008 йилдаги инқироздан олдин АҚШ иқтисоди рецессияга учрашини башорат қилган эдик.

Би-би-си: Аммо кўпчилик иқтисодчилар Кондратьев циклларини тан олишмайди ва бу каби қонуният борлигини инкор этадилар. Агар одамзод иқтисодий инқирозларга таъсир кўрсата олмаса, унда қандай куч таъсир қилади?

Асқар Акаев: Бу инқирозлар ўзи икки нарсадан келиб чиқади. Биринчи негизи - бозор. Бозор, биласиз, талаб ва таклиф билан иш кўради. Талаб кучайиб, таклифни пайдо қилади. Аммо баъзан таклиф кўп, талаб камлигидан ҳам инқирозлар юз беради. Иккинчи негизи, бу - технологиялар ўзгариши. Ўтган асрнинг 30-йилларида технологиялар ўзгариши натижасида йирик инқироз содир бўлганди. Ўшанда паровозлардан, кемалардан моторли, бензинда юрадиган уловларга ўтилган эди. 1970-йилларда технологиялар микроэлектроникага ўтди. Компьютерлар пайдо бўлди. Ҳозирга келиб эса, микроэлектроникалар ўз ўрнини наноэлектроникага бўшатиб бермоқда. Технологиялар ўзгарганда инқирозлар юз беради, сабаби янги нарсага ўрганиш вақт олади.

Би-би-си: Жаҳондаги иқтисодий инқироз Қирғизистон ва Ўзбекистон каби минтақа давлатларига унчалик таъсир кўрсатгани йўқ. Сиз буни қандай тушунтирган бўлардингиз?

Асқар Акаев: Бугунги кунда глобал иқтисодиётни тузувчи ва белгилаб турган давлатлар, бу - Америка Қўшма Штатлари, Оврўпо ва Хитой сингари давлатлардир. Ҳозир дунё иқтисоди инқироздан чиқа бошлади. Бунда Хитойнинг роли катта. Агар Хитой иқтисоди ўсишдан тўхтаса, у АҚШни ҳам, Оврўпони ҳам янги инқироз гирдобига тортиб кетади. Қирғизистон ва Ўзбекистон каби давлатларга таъсир кўрсатмаганининг сабаби - бу давлатлардаги иқтисодий моделнинг муваффақиятли ёки қайишқоқлигида эмас, балки бу давлатларнинг дунё иқтисодидаги улушлари катта эмаслигида. Глобал иқтисодда минтақа давлатларининг улушини уммондан бир томчига қиёсласа бўлади.

Би-би-си: Сиз билан иқтисод ҳақида гаплашаяпмиз, аммо сиз аввало бир сиёсатчи, Қирғизистоннинг биринчи президентисиз. Қирғизистондаги сиёсий жараёнлар билан ҳам қизиқасизми?

Асқар Акаев: Сиёсат мени қизиқтирмайди. Мен етти йилдирки, иқтисод билан шуғулланаман. Аммо Қирғизистоннинг иқтисоди, албатта, мени қизиқтиради. Қирғизистондаги иқтисодий аҳвол менга тинчлик бермай келади. 2005 йил мартидаги давлат тўнтаришидан кейин Қирғизистон раҳбарияти иқтисодни бутунлай унутди. Охирги етти йилда Қирғизистонда фақат ҳокимият ва бойликлар учун кураш кетаяпти. Иқтисодни ҳеч ким ўйламай қўйди. Халқ ўз кунини ўзи кўраяпти. Шунинг учун ҳам иқтисодий аҳвол жуда аянчли. Бунга жаҳондаги иқтисодий-молиявий инқирознинг ҳеч бир таъсири йўқ. Бу мамлакат ичидаги иқтисодий сиёсатнинг ночорлиги натижасидир. Қирғизистонда инқилоб қилганлар етти йил ичидан биронта ҳам иқтисодий дастурни ишлаб чиққанлари йўқ. Албатта, мен ватанимга қайтиб, унинг иқтисодини оёққа қўйишда иштирок этишни истайман. Аммо вақтли ҳукумат мени асоссиз айблади, ҳозирги ҳукумат бўлса, ҳали бу айбловларни бекор қилганича йўқ. Қирғизистонга йўл очилса, мен албатта, ёрдам беришни истайман.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.