BBC navigation

Қозоқ мултимиллионери Мухтор Аблязов Британиядаги 'ҳуқуқий жангини ютқазди'

Сўнгги янгиланиш 7 ноябр 2012 - 13:33 GMT

Британиядан сиёсий бошпана олган Мухтор Аблязов шу йил февралида ғойиб бўлган.

Лондондаги Юқори маҳкама 6 миллиард доллардан зиёд фирибгарликда айбланаётган Қозоқ корчалони Мухтор Аблязовнинг аризасини рад этган.

Бу Қозоғистоннинг йирик БТА банкининг жаноб Аблязовга нисбатан аъволари қондирилишини англатади.

Банкнинг раҳбари бўлиб ишлаган Мухтор Аблязов 2009 йилда Британиядан сиёсий бошпана олган ва ўзига нисбатан айбловларнинг сиёсий сабабларга асосланганини айтиб келади.

У, бундан кўзланган асл мақсад, Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоевнинг ўзини сиёсий мухолиф сифатида йўқ қилиш бўлганини айтган.

Лондондаги Юқори маҳкамага шу пайтгача олиб чиқилган энг йирик қаллоблик иши деб айтилаётган можаронинг сўнгги қарорини ҳакам, Адлия Лорди Моурис Кей ўқиб эшиттирган, қарор матни анча кескин янграган.

Ҳакам сўзларига кўра, Мухтор Аблязов маҳкамага "такаббурона беписандлик" кўрсатган ва бирор бир кишининг бунчалар "цинизм, оппортунизм билан ва маккорона" иш тутишини тасаввур қилиш мушкулдир.

Бу қарор билан Лондон Юқори маҳкамаси Мухтор Аблязовга нисбатан бундан олдин чиқарилган икки маҳкама қарорини маъқуллаган.

Шу йил февралида бўлиб ўтган маҳкама ҳам Мухтор Аблязовни маҳкамага ҳурматсизликда айблаб, уни 22 ойлик қамоқ жазоси чиқарган, май ойидаги Юқори маҳкама қарори эса жаноб Аблязовдан ўзининг маблағлари ҳақидаги маълумотларни ошкор этишни талаб қилган, акс ҳолда 6 миллиардан зиёд даъво ишларида ҳимоядан маҳрум бўлиши ҳақида огоҳлантирган эди.

Сўнгги қарор жаноб Аблязовнинг Британиядаги "маҳкама жангида" ютқазганини англатади.

Ушбу иш бўйича якуний қарор шу йилнинг охиригача эълон қилинади, деб кутилаяпти.

Лекин бугунги қарорни Қозоғистоннинг БТА банки олқишлаб чиққан.

БТА Мухтор Аблязов раҳбарлигида Қозоғистоннинг энг қудратли банкларидан бўлган, бу банкка Британиядаги Barclays, HSBC, Royal Bank of Scotland банклари ҳам кредит берган.

Жами Мухтор Аблязовга нисбатан тўққизта фирибгарлик иши бўйича даъво илгари сурилган, Британия банклари ҳам бу ишларда жабрланувчи томон деб кўрилган.

БТА банки жаҳон бўйлаб Аблязовга тегишли деб кўрилган маблағларни музлатишга эришиб келади, энди эса банк бу маблағларни ўзининг ҳисобига ўзлаштириб олиш жараёнини бошлаши ҳақида айтмоқда.

Мухтор Аблязовга тегишли мол-мулк орасида Британияда жами қиймати 100 миллион доллар атрофида деб кўрилаётган 10 та кўчмас мулк ҳам бор.

Мухтор Аблязовнинг айтишича, у ўзининг қобилияти ва маҳорати билангина БТА банкини шунчалик молиявий қудратли тизимга айлантирган.

У 2009 йилда Қозоғистонни тарк этганидан кейин БТА банкининг 71 фоизи акциялари давлат ҳисобига ўтказилган.

Банк ҳисобида 16 миллиард долларлик камомад аниқлангани ҳақида айтишган Қозоғистон расмийлари.

Бугунги кунда Мухтор Аблязовнинг қаердалиги номаълум қолмоқда, бу нарса маҳкама ҳайъатлари билан бирга унинг адвокатларини ҳам ғазаблантиргани ҳақидаги хабарлар тарқалган.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.