BBC navigation

‘Абадий’ президент учун абадийлик эликсири

Сўнгги янгиланиш 9 ноябр 2012 - 11:08 GMT

Қозоғистонлик олимларнинг яқинда маълум қилишларича, одамнинг умрини узайтириши ва саломатлигини яхшилаши мумкин бўлган ичимликни ўйлаб топишган

Қозоғистонлик олимларнинг яқинда маълум қилишларича, одамнинг умрини узайтириши ва саломатлигини яхшилаши мумкин бўлган ичимликни ўйлаб топишган.

Президент Нурсултон Назарбоев эса, бундан бир неча йил бурун ўз олимларини ёшлик эликсири ихтиро этишга даъват қилганди.

Шу боисми, янги хабар ўртага чиқиши биланоқ, Ғарб нашрлари уни жаноб Назарбоевнинг ана шу мурожаати билан боғлашган.

Жумладан, Британия газеталари халқаро илмий анжуманда тақдим этилган ёшлик эликсирининг бор-йўғи йогуртсимон ичимлик эканидан ҳайратга тушишган.

Аммо, шунга қарамай, худди шу нашрларда ўз фикрларини изҳор этган мутахассислар қозоқ олимларининг ихтироларидан семизлик ва қанд хасталигига қарши курашишда фойдаланилиши мумкинлигини айтишган.

Қозоғистонда одамлар ўртача 70 йил умр кечиришади. Аммо ёши етмишдан ошганларининг саломатликлари бир аҳволда...

Нафақахўрлар ҳам тез-тез “Қариганнинг қадри йўқ”, деб нолиб юришади.

Бироқ, қозоғистонлик олимларнинг таъкидлашларича, ўзлари яратган ичимлик нафақат одамнинг умрини узайтириши, балки уларнинг саломатликларини ҳам яхшилаши мумкин.

“Абадий президент”

Қозоғистонни чорак асрдан буён бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев соғлиғи имкон бергунча ва халқи ишончини йўқотмагунча, президентлик қилиш истагида эканини изҳор этганди.

Мамлакат конституциясига киритилган сўнгги тузатишлар эса, жаноб Назарбоевга ўзи истаган мартагача президентлик сайловларига ўз номзодини илгари суришга имкон беради.

72 ёшли президент одамни яшартирувчи нимадир ихтиро қилиш зарурати ҳақида илк бор бундан уч йил бурун гапирганди. Аммо орада ушбу мавзуга бир неча марта қайтганди ҳам...

Қозоғистондаги аксарият, айниқса, мухолифат вакиллари остоналик олимларнинг баёнотларига шубҳа билан қарашмоқда.

“Бу – қанақадир бир реклама ва ўзни кўз-кўз қилишга ўхшайди. Чунки Остонадаги университет яқинда очилган. Уни танитиш керак-ку! Эҳ-ҳей, бутун дунё ёшлик эликсирини топиш билан овора экан бир пайтда, қозоғистонлик олимлар бирпасда уни ихтиро этиб қўйишса, қизиқ”, дейди мухолиф сиёсатчилардан Амиржон Косанов.

Аммо сиёсатчи, ўз навбатида, ёшлик эликсири яратиш йўлида изланишлар олиб борилаётгани эҳтимолини ҳам рад этмайди.

“Президент ён-атрофидагилар уни йўқотишни исташмайди. Шунинг учун ҳам унинг умрини узайтириш йўллари устида бош қотиришмоқда. Чунки амалдорлар бугунги ҳаётларидан мамнун. Сиёсий ворис масаласи ҳам ҳали кун тартибига чиққани йўқ. Президент тирик экан, унинг ўрнини бошқа ҳеч ким эгаллай олмайди”, дейди Амиржон Косанов.

“Ёшлик эликсири” фақат элита учунми?

Нурсултон Назарбоев номли университет қошидаги Ҳаёт фанлари маркази ушбу лойиҳа устида қарийб икки йил иш олиб боришган ва ўз изланишлари ортидан йогуртсимон “Нар”, деган ичимликни яратишган.

Олимларга кўра, ўзлари ихтиро қилган ичимлик микроэлементлар ва озиқ-овқат моддаларининг ҳазм бўлишини осонлаштиради.

“Биз “симбиотик биомаҳсулот” яратдик. У инсонларнинг умрларини узайтириш баробарида саломатликларини ҳам яхшилайди”, дейди Би-би-си билан суҳбатида марказ раҳбари Жаксибой Жумадилов.

Унга кўра, биомаҳсулот ўз ҳолича узоқ умр кўришнинг давоси бўлолмайди, аммо қатор омиллардан биттаси бўлиши мумкин”.

Жаксибой Жумадиловнинг айтишича, нархи қиммат бўлмаслиги боис, “Нар” ҳаммага имконли бўлади.

Марказ раҳбари, ўз ўрнида, ёшлик эликсирини яратиш учун бир неча миллион доллар сарфланганига оид турли Ғарб нашрларида пайдо бўлган хабарларни ҳам рад этган.

“Бу – биз устида иш олиб бораётган лойиҳалар орасидан энг арзони эди”, деб айтган марказ раҳбари.

Унинг сўзларидан аён бўлишича, лаборатория шароитида синаб кўрилган ва ҳозир клиник тажрибалар ҳам олиб борилаётганига қарамай, “ёшлик эликсири” фақат келаси йилгина сотувга чиқиши мумкин.


Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.