BBC navigation

Қийноқ қўллашда айбланаётган Тожик полициячилар устидан жиноят иши очилган

Сўнгги янгиланиш 16 ноябр 2012 - 14:41 GMT

Полиция зобитларига нисбатан қўзғатилган тергов якунланиб, жиноят иши Хўжанд шаҳар маҳкамасига оширилган.

Тожикистон шимолидаги Суғд вилояти прокуратураси икки полиция ходимига нисбатан жиноят иши очган.

Вилоят Ички ишлар бошқармаси жиноят-қидирув бўлимининг икки зобитига порнографик видео дискларни тарқатишда гумон қилинган шахсни қийноққа тутиш айблови қўйилган.

Ички ишлар вазирлиги юқори лавозимдаги мулозимига кўра, икки полиция зобитига нисбатан қўзғатилган тергов ишлари якунланиб, ҳозирда Хўжанд шаҳар маҳкамасига оширилган.

Полиция зобитларига нисбатан "қийноқ" айблови қўйилган.

Тергов хулосаларига кўра, икки полиция ходими 20 яшар Тожикистон фуқаросини порнографик видеодискларни тарқатишда гумон қилиб, қўлга олишади ва ундан иқрорнома олиш мақсадида кун давомида қийноққа тутишади.

Қийноқлар натижасида, тиббий экспертиза хулосаларида таъкидланишича, гумонланган шахснинг қулоғи йиртилиб кетади, буйраги қаттиқ лат ейди.

Ҳозирда полиция ходимларининг вазифаларидан четлатилгани хабар қилинган.

Очиқда колаётган эсалар-да, уларнинг шаҳардан чиқишлари маън этилган.

Кузатувчиларга кўра, Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идораларида қийноқ кенг қўлланади.

Ўтган ҳафта буни Тожикистон Президенти Имомали Раҳмоннинг ўзи ҳам эътироф этган.

Полиция ходимлари куни муносабати билан ички ишлар раҳбарлари билан учрашган Президент Имомали Раҳмон ўз таъбирича, бундай "шармандали" тажрибадан воз кечишга чақирган.

Шу йилнинг март ойидан бошлаб, Тожикистон Жиноят Кодексига ҳуқуқ-тартибот ходимларини жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи "қийноқ" банди киритилган.

Икки ой аввал эса Тожикистон жанубидаги Ёвон туманида бир милиция ходими балоғатга етмаган ўспиринни калтаклагани учун 7 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.