BBC navigation

Қозоғистон: Google ва Facebook ҳам мухолифат нашрлари рўйхатига киритилди

Сўнгги янгиланиш 23 ноябр 2012 - 11:30 GMT

Расмийлар мухолифатни Жанаўзенда нефтчиларни ҳокимиятга қарши гиж-гижлашда айблашган

Мухолифат рўзномасининг ёпилишини талаб қилаётган Олма-Ота шаҳар прокурорлари Google, Facebook ва LiveJournal ни ҳам мухолифат нашрларbи рўйхатига киритишган.

Бу ҳақда мустақил "Республика" рўзномасининг ҳимоячиси Сергей Уткин маълум қилган.

Олма-Отадаги матбуот анжуманида у прокуратуранинг қатор оммавий ахборот воситаларини ёпиш сўралган даъво аризасини намойиш этган.

Англашилишича, аризада интернет-қидирув саҳифаси ҳамда номлари келтирилган ижтимоий тармоқ саҳифалари расман жавобгар сифатида қайд этилади.

Мухолифат нашри бўлган "Республика" рўзномаси ушбу сайтларда ўзининг саҳифаларига эга.

Жаноб Уткин Google нинг Қозоғистондаги маҳкама даъвосидан хабари бор ёки йўқлигини билмаслигини айтган.

Мустақил матбуот босим остида

Қозоғистон прокуратураси қатор мухолифат нашрларини ёпиш истагида экани 21 ноябр куни маълум бўлган.

Прокуратура "Республика" рўзномасига қарши маҳкама иши доирасида саккизта рўзнома ҳамда 23 та интернет саҳифаларини ёпишни талаб қилмоқда.

Улар орасида К+ сунъий йўлдош телеканали ҳамда Stan.tv видео порталлари ҳам бор.

Прокуратуранинг даъвоси рўйхатга олинмаган "Олға" партияси раҳбари Владимир Козлов устидан чиқарилган маҳкама ҳукми билан боғлиқ.

Жаноб Козлов ўтган йил декабрида Жанаўзенда нефтчилар билан маҳаллий ҳокимиятни бир-бирига гиж-гижлашда айбдор, деб топилган.

Унинг ўзи ва мухолифат айбларни рад этади, маҳкама халқаро танқидларга сабаб бўлган.

'Ҳокимиятни ағдаришга уриниш'

Қозоқ расмийлари мухолифат нашрларини "экстремистик ғояларни тарғиб қилиш орқали Президент Назарбоев маъмуриятини ағдаришга уриниш"да айблашмоқда.

Аммо танқидчиларга кўра, мустақил матбуотга ҳужумлар ортидаги ҳақиқий сабаб -Президент Нурсултон Назарбоевнинг ўзгача фикрни бостириш истагидир.

Eurasia.net мустақил нашрининг Қозоғистондаги мухбири Жоанна Лиллиснинг Би-би-сига айтишича, қозоқ мулозимлари расмий нуқтаи назардан бошқачароқ фикрга ўрин берадиган матбуотни исташмайди.

Унинг айтишича, Қозоғистондаги аксарият кўпчиликнинг мухолифат матбуот воситаларини кузатиб боришга имкони йўқ.

"Уларнинг сони жуда кам. Аксарият телеканаллар давлатники ёки ҳукуматпараст каналлардир. Аммо афтидан, расмийлар бу нашрларнинг ана шу чекланган сондаги ўқувчиларга ҳам етиб боришини исташмайди", - дейди Жоанна Лиллис.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.