BBC navigation

Марказий Осиё: Ўз президентига ким қанчалик ишонади?

Сўнгги янгиланиш 24 ноябр 2012 - 10:04 GMT

Янги ўтказилган сўров натижаларига қаралса, ўз президентларига ишониш борасида қўшни қозоғистонликлар қирғизистонликларни анча ортда қолдириб кетишаркан

Янги ўтказилган сўров натижаларига қаралса, ўз президентларига ишониш борасида қўшни қозоғистонликлар қирғизистонликларни анча ортда қолдириб кетишаркан.

Қозоқ халқининг қарийб етмиш фоизи президент Нурсултон Назарбоевга ишонишса, президент Алмазбек Атамбаевга ишонувчиларнинг сони Қирғизистонда чорак фоизча ҳам чиқмабди.

Бу каби хулосага M-Vector халқаро тадқиқот маркази томонидан яқинда бу икки Марказий Осиё давлатида олиб борилган сўров натижалари асосида келинган.

Нурсултон Назарбоевнинг президентлик фаолиятини олқишловчилар сони ҳам Қозоғистонда олтмиш фоиздан ортаркан.

Аммо Қирғизистонда Алмазбек Атамбаев давлат раҳбарлигини қойиллатаяпти, дегувчилар фоизи бундан олти мартача кам бўлиб чиқибди.

Мамлакатларининг иқтисодий, сиёсий тараққиёти борасида ҳам бу икки давлат фуқароларининг фикрлари бир-биридан тамоман фарқ қиларкан.

Қозоғистон аҳолиси ярмидан кўпроғининг наздида мамлакатларида сиёсий барқарорлик ҳукмрон. Қирғизистонда эса, бу каби инсонларнинг сони 20 фоизча ҳам эмас экан.

Ташқи сиёсат борасида-чи?

Аён бўлишича, бу икки давлат фуқароларининг аксарияти Россиянинг Марказий Осиёда тутган ўрни борасида ўта ижобий фикрда эканлар

Россия, АҚШ, Хитой ва бошқа давлатларнинг Марказий Осиё минтақасини ўз таъсир доирасига олиш ҳаракатлари ҳам сўров чоғида эътибордан четда қолмаган.

Яъни тадқиқотчилар бу борада ҳам Қозоғистон ва Қирғизистон аҳолисининг фикрларини ўрганишга ҳаракат қилишган.

Аён бўлишича, бу икки давлат фуқароларининг аксарияти Россиянинг Марказий Осиёда тутган ўрни борасида ўта ижобий фикрда эканлар.

Бундан ташқари, халқаро ҳамкорлик борасида ҳам улар устунликни Россияга беришаркан.

Айниқса, мамлакатимиз Россия билан яхши алоқада бўлгани маъқул, дегувчиларнинг сони Қирғизистонда аҳолининг 95 фоизини ташкил этаркан.

Қозоғистон аҳолисининг учдан бир қисми Хитойни ўзларига таҳдид сифатида кўришса, қирғизистонликлар ярмига яқинининг наздида Афғонистон ва АҚШдан эҳтиёт бўлган маъқул.

Ҳар икки давлат аҳолисининг ярмидан кўпроғи яна мамлакатимиз дунёвий бўлгани яхшироқ, деган фикрда ҳам эканлар.

Сиёсий беқарорликлар ва иқтисодларининг заифлиги сабабми, биринчи имконият туғилиши биланоқ ўз ватанларини тарк этиш истагида бўлганлар сони бўйича Қирғизистон олдинда экан.

Яъни, сўров жараёнида ўн фоиздан ортиқ қирғизистонлик ана шундай фикрни изҳор этган, яна тўрт фоизи эса, аллақачон сафар тадоригида экан.

Қозоғистонда эса, бу кўрсаткичлар 7 фоизни ташкил этибди.

Сўров шу йилнинг август-сентябр ойларида ўтказилган.

Қозоғистонда телефон орқали, Қирғизистондан эса, тўғридан-тўғри суҳбатлашиб, мингтадан кишининг фикри ўрганилган.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.