BBC navigation

Кэтрин Эштон билан учрашувдан қозоқ фаолларининг кўнгли тўлмади

Сўнгги янгиланиш 30 ноябр 2012 - 13:53 GMT

Oврўполик олиймақом мулозим билан ҳуқуқбонларнинг учрашуви кўнгилдагидек бўлмаган

Оврўпо Иттифоқининг Ташқи сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича олий вакили Кэтрин Эштон Марказий Осиёга сафари давомида Қозоғистонга келган.

У президент Нурсултон Назарбоев билан учрашган ва қозоқ раҳбари номидаги университетда ярим соатлик лекция ўқиган.

Эштон хонимнинг Қозоғистонга сафари инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотлар мамлакатда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият ёмонлашаётгани ҳақида ўз хавотирларини изҳор этаётган бир манзарада ўтган.

Сўнгги ҳафтада қозоқ прокурорларининг талаби билан республикадаги мухолиф партия фаолияти тўхтатилди ва мухолиф нашрларининг босилиши ҳамда тарқатилиши тақиқланди.

Эштон хонимнинг келишидан олдин ҳуқуқ фаоллари ундан Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар, жумладан, сиёсий маҳбуслар ишини кўтаришни сўрашганди.

Аммо оврўполик олиймақом мулозим билан ҳуқуқбонларнинг учрашуви кўнгилдагидек бўлмаган.

Қозоғистон Инсон ҳуқуқлари бюроси директори Роза Ақилбекова учрашувнинг Назарбоев университетида ўтказилгани ва “вақт камлиги боис” савол беришга изн берилмаганини айтади.

Ақилбековага кўра, Кэтрин хонимнинг ярим соатлик маърузаси унинг минтақадаги бошқа давлатларда қилган нутқидан кескин фарқ қилмаган ва Қозоғистонни халқаро миқёсдаги иштироки эътироф этилган нутқнинг энг сўнггида инсон ҳуқуқлари устивор масала бўлиши бир марта эслатиб ўтилган, холос.

“АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи инсон ҳуқуқлари борасида икки ёқлама стандартларни юритаёган бир паллада, қандай қилиб Қозоғистон ва собиқ Шўро давлатларини танқид қилиш мумкин. Хавфсизлик, геосиёсий жойлашув ўта муҳим дея, инсон ҳуқуқлари иккинчи даражада қолиб кетаяпти. Шунинг учун ҳам бу каби учрашув ёки лекцияларда инсон ҳуқуқларининг устиворлиги нутқнинг энг сўнггига тушиб қолаяпти”, - дейди Роза Ақилбекова.

Вазият

Эштон хонимнинг сафари Қозоғистон мухолиф партияси ва газеталари ёпилган бир манзарада ўтмоқда.

Олма ота шаҳар прокурорининг талабига биноан маҳкама мухолиф рўзномаси бўлмиш ”Республика овози” ва “Взгляд” газеталарининг нашри ва тарқатилишини тақиқлаб қўйди.

Суд ижрочилари ушбу газеталар босилмаётганига амин бўлиш учун уларнинг офисига бостириб кирган ва ҳамма томонни текшириб чиққан.

Тақиқларга қарамасдан, “Республика овози” таҳририяти газета чоп этилишини билдирди.

Бугун газетанинг материаллари “Азат” номли газетада босилиб сотувга чиқарилди.

“Республика овози” газетаси бош муҳаррири Татьяна Трубачева “Азат” рўйхатдан ўтган қонуниний газета эканлигини айтади.

“Бизга “Республика овози”ни чоп қилиш мумкин эмас. Биз “Республика овозини” чиқармадик ва “Азат” газетасида ўз материалларимизни бердик. Бу қонунга зид эмас. Уларнинг рўйхатдан ўтганлиги тўғрисида гувоҳномаси бор. Уларни ҳеч ким тақиқламаган”, - дейди Татьяна Трубачева.

Бироқ ўзларини суд ижрочилари деб таништирган бир гуруҳ ходимлар Олма ота шаҳридаги матбуот дўконларидан “Азат” газетасини ҳам йиғиштириб олиб кетган.

Улар ушбу газета тақиқланган эканлигини айтишган. Ҳозирча Олма ота шаҳар суд қарорларини ижро этиш департаментидан бу борада изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.