BBC navigation

Шоҳруҳ Соиповни дўппослаган томон шикоят аризасини ёзган

Сўнгги янгиланиш 3 декабр 2012 - 15:13 GMT

Бу ҳужум Шоҳруҳ Соиповга қарши амалга оширилган илк ҳужум эмас

Бишкекда якшанба оқшомида журналист Шоҳруҳ Соипов ва унинг икки укаси ва бир дўстига қарши уюштирилган ҳужум бўйича шу вақтгача жиноий иш очилмаган. Ҳужумда гумон қилиниб сўроқ қилинаётган икки киши эса ўзлари ҳужумга учраганларини даъво қилиб ариза ёзганлар.

Шоҳруҳ Соипов 2007 йилда Ўшда отиб ўлдирилган мубоҳасали журналист Алишер Соиповнинг укасидир.

У душанба тонгида Бишкекдаги Би-би-си мухбирига йўллаган СМСида уни ва укаларини 2 декабр соат 23:00дан бери Бишкек шаҳри Октябрский тумани ички ишлар бошқармасида ушлаб туришганини билдирган.

СМСда у, шунингдек, якшанба соат 21:30да Қирғизистон парламенти депутати Омурбек Текебаевнинг жиянлари арматуралар билан уларга ташлангани ва "миллий адоват" туфайли дўппослаганлари, ва ҳозирги пайтда "Текебаев терговчиларга босим" ўтказаётгани даъво қилинади.

Бишкекдаги мухбиримиз Шоҳруҳ Соипов билан телефон орқали боғланганда, Соипов ўз аҳволи ва ҳужум ҳақидаги саволларга аниқ жавоб бера олмаган.

Кейинроқ Шоҳруҳ ва Юсуф Соиповлар олган жароҳатлари туфайли касалхонага ётқизилганлар. Шоҳруҳ Соиповнинг телефони ҳозирда ўчирилган.

Би-би-си билан суҳбатда Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Эрнис Осмонбаев кеча кечқурун бир дўконда навбатда турган икки гуруҳ йигитлар ўртасида оддий муштлашиш келиб чиққанини билдирган ва ҳозирги пайтда икки гумондор, хусусан депутат Текебаевнинг жияни Азамат Текебаев сўроқ қилинаётганини маълум қилган.

Матбуот котиби, шунингдек, Соиповлар арзидан ташқари, ҳибсга олинган Азамат Текебаев ва унинг шериги ҳам ўзларига ҳужумга учраганларини даъво қилиб, ариза ёзганлар.

Бироқ, икки томоннинг ҳам аризаларига қарамай, ҳозирча жиноий иш қўзғатилмаган.

Азамат Текебаевнинг адвокати Анатолий Духовных баёнот чиқариб, ўз ҳимоячиси ҳақиқатдан ҳам муштлашишда иштирок этгани ва унда 10 киши қатнашганини билдирган. Баёнотда айтилишича, терговчи органлар можаро тафсилотларини ўрганиб чиқишмоқда.

Адвокат ҳодиса борасида бошқа маълумот бермаган, бироқ инсон ҳақлари фаоли Азиза Абдирасулованинг ҳодиса борасида матбуотга бераётган интервьюларидан норозилик изҳор қилган.

Бу Шоҳруҳ Соиповга уюштирилаётган биринчи ҳужум эмас.

У ўтган йили 10 август куни Ўш шаҳри аэропортида номаълум шахслар томонидан калтакланган ва шифохонага ётқизилган.
Шифокорлар унга мия чайқалиши ташхисини қўйганлар.

Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот органлари ушбу ҳодиса юзасидан жиноий иш очилгани ва тергов олиб борилаётгани ҳақида маълум қилганлар. Бироқ, Ўш шаҳар Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шоҳруҳ Соиповнинг калтакланиши унинг профессионал фаолияти билан боғлиқ эмас, деб айтган.

Унинг акаси, ўзбек тилидаги мубоҳасали "Сиёсат" газетаси муҳаррири, ҳамда Ўзбекистон ҳукуматининг ашаддий танқидчиси Алишер Соипов 2007 йилда Ўшда отиб ўлдирилганди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.