BBC navigation

Қозоғистонда нега зўравонликлар сони ортиб бораяпти?

Сўнгги янгиланиш 7 декабр 2012 - 14:19 GMT

Охирги ойларда Қозоғистонда ўқотар қуроллар ишга солиниб, ўнлаб инсонлар ҳалок бўлган ёки жароҳатланган бир неча ҳодиса юз берди.

Қозоғистон жанубидаги Чимкент шахри яқинида яна ўқотар қурол ишга солинган, 1 инсон ҳалок бўлгани, 9 киши яраланиб, шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарлар олинмоқда.

Ҳодисанинг ходимларига маошларини бермаган ширкатда келиб чиққан можарога боғлиқлиги айтилган.

Жанубий Қозоғистон вилоят Ички ишлар ходимларига кўра, ҳодиса 6 декабр куни рўй берган.

Чимкентни Олма-Ота билан боғлайдиган йўл яқинида барпо этилаётган маиший чиқиндиларни қайта ишлаш заводида оммавий муштлашиш келиб чиққан.

Ўқотар қурол ишга солиниб, маҳаллий шифохонанинг "тез тиббий ёрдам" бўлимига етти киши ўқотар қурол жароҳати билан ётқизилган.

Кузатувчилар Қозоғистонда охирги пайтларда ўқотар қуроллар ишга солиниб, ўнлаб инсонлар ҳалок бўлаётган ёки жароҳатланаётган ҳодисалар сони ошиб бораётганига эътибор қаратадилар.

Мисол тариқасида шу кунларда чегарачи Владислав Челах айбдор деб кўрилаётган маҳкама тилга олинади.

Қозоқ расмийларига кўра, 31 май куни Қозоғистон билан Хитой чегарасида фақат йилнинг иссиқ ойларида ўрнатиладиган вақтинчалик "Арканкерен" чегара постида 14 чегарачи ва бир ўрмончининг куйиб кетган жасадлари топилган.

Шу йил августида эса Олма-ота вилоятининг Или-Олатау миллий парки ҳудудида 11 инсон жасади топилган.

Олма-ота шаҳридан узоқ бўлмаган Таусамал посёлкаси ва тоғлар ўртасидаги 30 чақиримлик ҳудудда жойлашган ўрмондан топилган жасадларда жароҳат аломатлари бўлган.

Буларнинг ҳаммаси нимани англатади?

Қозоғистонда аҳоли қўлидаги ноқонуний ўқотар қуролларнинг сони ортиб кетаяптими?

Ё бугунга келиб биз Қозоқ жамияти "ёввойи капитализм" билан юзма-юз келаётганининг гувоҳи бўлмоқдамизми?

Қозоғистонлик сиёсий таҳлилчи Дўсум Сатпаев фикрича, бу жиноятчилик ҳақида ахборот кўп тарқатилаётгани белгисидир.

"Ўзи Қозоғистонда жиноий унсурлар ўртасида ўзаро орани очиқ қилиш - "криминал разборкалар" ёки қуролни ишга солган ўспиринлар орасидаги муштлашувлар тез-тез юз бериб туради. Отишмалар ёки экстремистик ташкилотларнинг бомба портлатишлари бундан олдин ҳам кўп марта рўй берган. Фақат бир фарқи, бундай ҳодисалар ҳақидаги хабарларни давлат тизимлари кўп ҳам ошкор қилмас эдилар. Ҳозирга келиб, бундай хабарларни жамоатчиликдан яшириш қийин бўлиб қолди. Бунинг натижасида Қозоғистон ҳуқуқни муҳфоаза қилиш идоралари у ёки бу ҳодиса ҳақида тезроқ хабар тарқатишга ҳаракат қилаяптилар, бу ҳодисалар ҳақида кўпроқ гапирилаяпти", дейди Дўсум Сатпаев.

Сиёсий таҳлилчи Қозоқ жамиятида ижтимоий таранглик ҳам ортган деб ҳисоблайди.

"Бу тарангликнинг манбалари турлича: Бу ерда меҳнат низолари ҳам бор, мулкни бўлиш устидан келиб чиққан можаролар ҳам бор. Бу нимадан далолат беради? Ҳокимият ҳар доим ҳам вазиятни назорат қилишнинг уддасидан чиқолмаяпти. Ўз вақтида профилактика ишларини олиб бормаяпти. Мисол учун бизнинг амалдорларнинг бугунги ёшлар ҳақидаги тасаввурлари кам. Улар мисол учун "нега Қозоғистондаги ёшларнинг бир қисми радикаллашиб бораяпти?", "нега айрим ёшлар диний радикал гуруҳларга бориб қўшилаяпти?", "нега бошқа бир гуруҳ ёшлар криминал гуруҳларнинг орани очиқ қилиш жанжалларида қатнашаяптилар", деган саволларга жавоб қайтара олмайдилар", дейди Дўсум Сатпаев.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

Алоқадор мавзулар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.