BBC navigation

Қозоғистон: инсон ҳуқуқлари фаоли 12 йилга озодликдан маҳрум этилди

Сўнгги янгиланиш 10 декабр 2012 - 12:44 GMT
Карамшин

Вадим Карамшин қамоққа олингунига қадар маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келаётганди

Қозоғистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Вадим Курамшин 12 йил озодликдан маҳрум қилинди.

Курамшинни таъмагирликда айблаан Жамбил вилоят маҳкамаси мол мулкини мусодара қилиш ҳақида ҳам ҳукм чиқарди.

Вадим Курамшиннинг ҳимоячилари маҳкаманинг адолатсиз ва қораловчи оҳангда ўтганини билдирган.

Қозоғистонлик кузатувчилар мамлакатда инсон ҳуқуқлари борасида аҳвол кўнгилдагиек эмаслигини айтишади.

Маҳкамани бевосита кузатган Курамшинни ҳимоя қилиш қўмитаси мувофиқлаштирувчиси Андрей Цуканов маҳкаманинг бир томонлама ўтганини айтади.

Ҳимоячилар томонидан билдирилган шикоятларнинг бирортаси ҳам ҳакам томонидан қабул қилинмаган.

"Вилоят маҳкамаси олдинги ҳукмни ҳайъат аъзолари ҳодиса ҳақида тўлиқ тасаввурга эга бўлмаган деган сабаб билан бекор қилганди. Мантиқ бўйича ушбу маҳкама олдинги матераиллар билан қўшимча равишда яна далилларни ўрганиши керак эди. Аммо маҳкамада жуда ҳам оз далиллар ўрганилди", - дейди Андрей Цуканов.

Ҳакам Вадим Курамшинннинг ўғли томонидан жамоат ҳимоячиси бўлиш ҳақидаги таклифни ҳам қабул қилмаган.

Вадим Курамшин шу йилнинг январ ойида Жамбил вилоят Қўрдай туман прокуратура ходими Мухтар Удербаевдан пора олганлик айби билан ҳибсга олинган ва давлат қораловчиси унга 14 йил қамоқ жазоси ва мол мулкини мусодара қилишни сўраган.

Аммо ҳакамлар ҳайъати Вадим Курамшинни таъмагирликда айбловчи бирор далил йўқлигини айтиб, уни бир йил шартли равишда ҳукм қилиб 28 август куни суд залидан озодликка чиқарган эди.

Вадим Курамшин озодликка чиққач маҳбуслар ҳуқуқини ҳимоя қилишда фаол бўлди. Ўзининг веб саҳифаси орқали маҳбусларнинг ваҳшийларча қийнаб ўлдирилган суратларни жойлади ва маҳбус аёлларнинг зўрлангани борасида матераиллар чоп қилди.

31 октябр куни Жамбил вилоят маҳкамаси олдинги маҳкаманинг қарорини бекор қилди ва Курамшинни ҳибсга олиш борасида ҳукм чиқарди.

Курамшинни озодликка чиқарган олдинги маҳкама ҳайъат аъзолари вилоят маҳкамасининг ушбу қароридан норози бўлиб БМТнинг инсон ҳуқуқлари Олий комиссарлиги ва Президент Назарбоевга очиқ хат билан мурожаат қилишди.

Мурожаатда ёзилишича, маҳкама жараёнидаги далиллар Курамшиннинг айбини исботлашга етарли бўлмаган.

"Биз маслаҳатлашув хонасига ҳукм чиқариш учун кириб кетаётганимизда, судланувчининг айбсиз эканлиги очиқ кўриниб турган эди. Ҳакам томонидан “тўғри” ҳукм чиқариш ҳақида ишораларга қарамасдан, биз зарур деб билган қароримизни чиқардик", - дейилади мурожаатномада.

Қозоғистонлик кузатувчилар мамлакатда инсон ҳуқуқлари борасида аҳвол яхши эмаслигини таъкидлашади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчиларнинг ҳукумат томонидан турли босим ва тазйиқларга учраш ҳолатлари тез тез учраб туради.

Қозоғистон халқаро инсон ҳуқуқлари бюроси маслаҳатчиси Евгений Жовтисга кўра мамлакатдан қайсидир маънода инсон ҳуқуқларининг ҳимояси билан шуғулланиш, мухолиф партиялар тузиш ва мухолиф қарашларни изҳор этиш мумкинлигига қарамай Қозоғистон инсон ҳуқуқларини поймол қилувчи давлат ҳисобланади.

"Бироқ ушбу элементлар чекланган бир озодликнинг чекланган бир кўринишидир. Қозоғистон эрксиз бир давлат. Қозоғистон фуқаро эркинлиги бўйича асосий сиёсий ҳуқуқларга оид мажбуриятларни бузувчи мамлакат ҳисобланади", - дейди Евгений Жовтис.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.