BBC navigation

‘Очиқ Марказий Осиё’ илк бор хорижликларга очилди

Сўнгги янгиланиш 13 декабр 2012 - 14:20 GMT

Қўшни Қирғизистонда худди шу ном остида уюштирилган адабиёт фестивалига илк бор минтақа адибларидан ташқари хорижлик ёзувчилар ҳам ташриф буюришган.

Фестивалга Буюк Британиянинг Silk Road Media ширкати бош-қош бўлган.

Тадбирда британиялик, қофқозлик ва польшалик ижодкорлар ўз асарлари билан иштирок этишган.

Анжуман ташкилотчиларига кўра, бунақаси нафақат Қирғизистон, балки қолган Марказий Осиё давлатларининг ҳам мустақил тарихида кузатилмаган.

“Очиқ Марказий Осиё” китоб анжумани ва адабиёт фестивали ташкилотчиларидан бири Марат Аҳмеджанов бутун минтақа назарда тутилганда, мустақиллик даврига салбий ҳолатлар ҳам хос бўлаётганидан афсусда эканини айтади.

“Афсус, ўша пайтда ижобий ҳолат деб кўрилган, буюк, яхлит ва бўлинмас ҳисобланган собиқ Шўролар Иттифоқи маданияти ҳам чилпарчин қилинган. Ўша даврда бизни энг аввало умумий тил, бутун мамлакат даражасидаги мана шу каби кўплаб маданий тадбирлар ҳам бирлаштириб турган эди. Сўнгги бир неча йил давомида эса, биз кўплаб муаллифлар асарларини ўқидик. Аммо уларни бирлаштирувчи, умумийлаштирувчи механизм йўқ эди. Худди шу сабабдан ҳам, биз мана шунга ўхшаш китоб ва адабиёт анжуманларини ўтказишга қарор қилдик”, дейди ташкилотчи.

Марат Аҳмеджанов, ўз ўрнида, танлов ғолибларини ҳам фақат ўқувчилар танлашганини таъкидлайди.

“Албатта, мен бу тадбиримизда ғолибларни танлаш 100 фоиз холис бўлади, деб айтолмайман. Ҳар ҳолда ёзувчи асарини ўқувчи баҳолайди. Бизнинг мақсадларимиздан бири эса, бир-бирлари билан яхши алоқаларда бўлган Марказий Осиё давлатларида адабий клублар тузишдир”, дейди у.

Донгдор адибларнинг маҳаллий ўқувчилар билан учрашувлари, айниқса, анжуманнинг энг эсда қоларли лаҳзаларидан бири бўлган.

Уларнинг орасида польшалик таниқли ёзувчи Януш Вишневский, машҳур ўзбек адиби Абдулҳамид Исмоил билан бирга яна ўзбекистонлик қатор қаламнавислар, Озарбайжондан Элчин Сафарли, қозоғистонлик адиб Қайрат Зокиржонов ва бошқалар бор.

Машҳур адиб, “Тармокдаги ёлғизлик” асари муаллифи Януш Вишневский Би-би-си билан суҳбатида адабиётнинг вазифасини қуйидагича тасвирлайди:

“Албатта, муҳаббат – бу сийқаси чиққан мавзу. Аммо, мана, уч – уч ярим минг йилдан буён одамлар севги ҳақида ёзиб келишмоқда. Демак, бу ерда қандайдир бир яширин нарса - сир бор экан-да. Чунки муҳаббат тўғрисида ҳамма нарса ёзиб, битилганда эди, адабиёт учун ҳам бирорта мавзу қолмас эди”, дейди Януш Вишневский.

Адиблар орасидаги танлов ғолибларини эълон қилиш эса, анжуманнинг энг тантанали воқеасига айланди.

Энг яхши бадиий асар, адабий таржима ва китоб безаги номинациялари бўйича орзиқиб кутилган танлов ғолиблари эса, энг сўнггида маълум бўлди.

Мазкур йўналишларнинг ҳар бири бўйича тўққизтадан муаллиф танлаб олинган эди.

Дейлик, “Энг яхши бадиий асар” йўналишида ўзбекистонлик ёзувчи Галина Долгая 1-ўринни олган бўлса, иккинчи ўрин қирғизистонлик адиб Раҳим Каримовга насиб этти.

Бадиий таржима соҳасида эса, қирғиз таржимонлари Зина Қораева ва Доната Давроновалар янги топилдиқлар сифатида тилга олинди.

Адабий анжуманда иштирок этган Қирғизистон собиқ Президенти Роза Ўтинбоева, “бу каби оммавий тадбирни ўтказиш – Қирғизистон жамияти орзу қилган ва кўпдан бери кутилган ижтимоий воқеа”, эканини айтган.

Ўтинбоева хоним, ўз ўрнида, аҳоли орасида китобхонлик маданияти пасайиб кетгани, давлат, ҳаттоки, болаларни бадиий асарлар билан таъминлай олмаётганидан афсусларини изҳор этган.

“Очиқ Марказий Осиё” фестивалида “Энг яхши бадиий асар” ва “Энг яхши адабий таржима” номинациялари ғолиблари келаси йил Лондонда бўлиб ўтажак китоб ярмаркасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишган.

Ўз навбатида, уларнинг асарлари инглиз тилига таржима қилиниб, чоп ҳам этилади.

Азиз Ўқувчи!

Би-би-си Ўзбек хизмати Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингизга ҳам ўрин беради.

Саҳифамиздаги ҳар бир хабар, аудио-видео материаллар, суратлар ва барча мавзуларга доир фикрларингизни махсус формадан фойдаланиб бизга йўллашингиз мумкин.
Шунингдек, uzbek@bbc.co.uk электрон почтамизга мактуб ёзинг. Биз ва дунё бўйлаб ўқувчиларимиз билан ўз ҳикояларингиз, суратлар ҳамда аудио-видео материалларингизни баҳам кўринг. Би-би-си мактубларни таҳрир қилиш ҳуқуқига эга.

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.