BBC navigation

Қозоғистон ўзбекистонлик қочқинни ватанига топширади

Сўнгги янгиланиш 25 декабр 2012 - 12:41 GMT

Ўзбекистонга топширилган қочқинларнинг оилалари Қозоғистони тарк этишга мажбур бўлганлар

Ақтўбе шаҳар маҳкамаси қочқин Хайрулло Турсуновни Ўзбекистонга топшириш ҳақида қарор чиқарган.

Турсунов Ўзбекистонда диний-экстремистик оқимларга аъзолик ва конституцион тузумга тажовуз қилишда айбланади.

Маҳкама тафсилотларидани маълум бўлишича, ўзбек ҳуқуқ-тартибот идоралари уни Қозоғистондан ўтган йил ёзида экстрадиция қилган 29 нафар қочқин билан биргаликда жиноий гуруҳ тузганликда ҳам айблаган.

Турсунов устидан маҳкама 24 декабрь куни бўлиб ўтган ва унда бошпана изловчининг ўзи ҳам қатнашган.

Прокурор Ўзбекистон томонидан юборилган айбномани тўлиқ ўқиб берган ҳамда Турсуновни Ўзбекистонга экстрадиция қилишни сўраган.

Адвокат Кенес Жусупов Хайрулло Турсунов бир неча йил Ўзбекистонда бўлмагани ва унинг жиноят содир этиши мумкин эмаслигини айтган.

“Биз айтдикки, сўнгги икки ярим йил ичида Турсунов Ўзбекистон ҳудудида бўлмаган ва жиноят содир этмаган. Бироқ судья ва прокурор Ўзбекистон томони Турсуновни жиноят содир этди, деяётган бўлса, уни қайтаришимиз лозим, дейишди”, - дейди Кенес Жусупов Би-би-си билан суҳбатда.

Ҳакам Рая Кустанова Турсуновни Ўзбекистонга бериб юбориш керак, деган қарорни 25 декабр куни эълон қилди.

'Олма-ота жамоати'

Хайрулло Турсунов Ўзбекистонда Ўзбекистон Исломий ҳаракати, Туркистон Исломий ҳаракати каби гуруҳларда иштирок этганликда айбланади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон МХХнинг Қашқадарё вилоят бўйича терговчиси капитан С. А. Аҳмадов томонидан юборилган айбномада ёзилишича, "Турсунов ва ўзбекистонлик бошқа фуқаролар Олма-ота шаҳрида жиноий тил бириктириб, Ислом дини кўринишида турли диний-экстремистик, сепаратистик ва фундаментал "аёллар" ва "эркаклар" жамоатини тузган. Унинг таркибига турли жиноятга мойил одамларни қўшиб боришган".

"Олма-ота жамоати" бўйича Ўзбекистон томони алоҳида жиноят иши очган ва унга алоқадор деб, Олма-ота шаҳрида қочқинлик мақоми олишни кутиб юрган ўнлаб бошпана изловчиларнинг исм-шарифлари киритилган.

Ушбу шахсларнинг айримларини Ўзбекистон 2011 йилда Қозоғистондан экстрадиция қилишга муваффақ бўлган ва уларга узоқ йиллик қамоқ жазоси берилган.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу шахслар тергов вақтида қийноққа тутилганликларини айтишади.

Турсунов ўз ҳимоячиси орқали Ўзбекистон томони қўяётган айловларнинг туҳмат эканлиги ва ушбу айбловлар уни тезроқ қўлга киритиш мақсадида тўқиб чиқарилганини билдирган.

Қашқадарёлик Хайрулло Турсунов Қозоғистонда БМТнниг қочқинлар идораси ва Қозоғистон ҳукуматидан қочқинлик мақоми берилишини сўраган, бироқ рад жавобини олганди.

Ўзбекистонлик бошпана изловчининг ҳимоячиси Кенес Жусупов вилоят маҳкамасига қарор юзасидан шикоят киритишларини билдирди.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Ушбу мавзуга оид кўпроқ материаллар

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.